Дастхатлари қолмиш китобларимда...
Ҳассос шоиримиз Сирожиддин Саййиднинг бу сатрини яна неча бор қўллайман, билмадим, бироқ бу гал ушбу уч сўзни айтиш жуда оғир кечди.
Дардни юракда кўтариб юриш осон эмас. Эҳтимол, муҳтарам шоиримизни, қадрдон акамизни эслаб ёзаётганларимиздан мурод ҳам мотам кунидаги осмон каби бир тўкилиб олмоқдир, кўнгилга тасалли изламоқдир...
2021 йил кузининг боши. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан шоир Мансур Жумаевнинг “Ҳайрат қўшиқлари” китоби чоп этилди. Яхши хабар барибир яхши. Ўзимизда йўқ қувондик. Муаллифни қутлаб, аканинг ишхонаси – Ёзувчилар уюшмасига бордик.
Мансур ака, мен ва дўстим Отабек Бакиров уюшмадан чиқиб, “Камолон” маҳалласи – ёзувчилар уйига йўл солдик. Дастлаб ажойиб шоирамиз Ҳалима Аҳмадни йўқладик. Ҳалима опа билан Мансур ака қўшни. Опа биринчи қаватда яшаса, ака иккинчи қаватда туради.
Шоирамизнинг суҳбатлари оромижон. Ҳар гал соғинамиз. Ҳар гал соғиниб борамиз. Мансур ака билан ҳам худди шундай эди. Суҳбатлари энди армон…
Суҳбат охирлаб, навбат хайр-хўшга келганида, Мансур ака уйига чорлади. Янги китоб оҳанрабоси оғушида иккинчи қаватга кўтарилдик. Рустам Мусурмон ёзмоқчи, ҳозир шу “Олтинчи уй бўйнини чўзиб, Қашқадарё йўлига боқар”.
Меҳмонхонада бир жавон, хона марказидаги катта хонтахтада тандирдан узилган янги ноннинг бўйини таратиб, ҳали сиёҳи қуримаган “Ҳайрат қўшиқлари” бир тўп бўлиб чўғдай турибди. Мезбон тўпдан бир жуфтини олиб, икки Отабекка дастхат ёзиб берди.
“Чин дўст ва жонкуяр ижодкор укам Отабек Исроилга порлоқ умр ва сўнмас ижодий завқ ёр бўлишини тилайман! Муаллифдан. 27.09.2021 йил. Имзо”.
Мансур аканинг зуволаси қорилаётганида фаросат бир мисқол зиёдроқ қилиб берилганининг ишорасини ушбу дастхат орқали ҳам англаш мумкин. Агарки, фамилиям ёзилмаганида, кимдир дастхат ўғриши бўлиши турган гап эди)
Мана шундай танти одам эди Мансур ака...
Бу воқеадан бир оз аввал Ўрта Чирчиқ туманининг чекка бир қишлоғидаги мактаб кутубхонасида “Оқ орзуларим” китобини кўриб қолганим ва тўрт китоб эвазига алиштирганимни айтиб берганимда Мансур ака бир яйраганди. Ахир, Мансур Жумаевнинг ёзганларини қидирмаслик, соғиниб ўқимаслик мумкин эмас-ку!
“Шеърни Мансур Жумаев ёзсин!” Доим шундай дер эдим. Зотар, Мансур Жумаев – бутун шоир эди. Илм, тажриба, мунтазамлик ва фаҳм Худо берган истеъдод билан қоришиб, бир бутунликни ҳосил қилган эди. Олтин конидан олтин чиққанидек, бутун шоирнинг шеърлари ҳам бутун асар бўларди доим. Инчинун, шеърни Мансур Жумаев ёзсин эди...
Эсласам, хотира сандиқлари тўлиб-тошиб ётибди. Буларни эслашни хоҳлаймиз, хотирлашни эмас. Не тонгки, хотира кузга, эслов баҳорга уйқашдек. Эсловчинг ёнингда турса-ю, бу ёруғликдан уйғонсанг, қувват олсанг эди. Ахир, баҳор эди биз кутган фасл. Шоир умри фаслининг кузи бу қадар шошиб келгани аянчли, ачинарли, оғриқли.
Шоир акамизнинг руҳлари ором топсин!
▫️@matbuot_chi