Қуш уясида кўрганини қилади…
🌱
Кечаси она болаларига дарс тайёрлашда ёрдам беришга чоғланди. Аввало, уларга халақит бермаслик учун тўрт ёшли ўғлини нима биландир машғул қилиш мақсадида қўлига қалам ва оқ қоғоз берди. Сўнг қолганларига хотиржам ёрдамлашмоқчи эди ҳамки, қайнотасига кечки овқатини бермагани хаёлига келди.
Қайнота ховли чеккароғида жойлашган бир хонада яшар, касаллиги туфайли ташқарига камроқ чиқарди. Аёл имкон қадар қайнотасининг хизматини қилар, эри ҳам унинг хизматидан рози эди. Аёл ўрнидан туриб, отанинг кечки овқатини олиб бориб берди ва бирор эҳтиёжи бўлса чақириши мумкинлигини айтиб болалари олдига қайтди. Кичкина ўғлини қизиқиш билан нималарнидир чизаётганини кўриб:
– Нима чиздинг, – дея эркалатиб сўради. Ўғли онасининг гапига жавобан қўлидаги қоғозни кўрсатди. Қоғоз юмалоқ, тўртбурчак шакллар билан тўла эди. Она:
– Бу нима, – деди. Бола:
– Катта бўсам мен ўзим яшайдиган уй хоналарини чиздим, – деди. Кейин ҳар бир шаклни “Бу ошхона, у ерда овқатланаман, буниси ётоқхона, у ерда ухлайман, буниси меҳмонхона...”, дея бир-бирига туташ бўлган шаклларни бирма-бир тушунтира кетди. Она қоғознинг чеккасида, бошқаларидан алоҳида ва кичик қилиб чизилган шаклни кўриб “Бу қандай хона, нега уни бошқа хоналардан ажратиб, алоҳида қилиб қўйдинг”, деди. Бола “У хона сизники, у ерда сиз бобомдек қариганизда яшайсиз”, деди.
Бу гап онанинг қулоғига чақмоқдек урилди, қалбини ларзага солди.
Эртаси куни биринчи қиладиган иши меҳмонлар учун безатилган хонага қайнотасини кўчириб ўтказиш бўлди. Кечки пайт келган эри бу ҳолни кўриб, хотинидан ҳайратланиб, нима гаплигини сўради. Хотини “Қариганимизда ўзимизга яшаш учун жой ҳозирлаяпман”, деди.
Эр гап нимадалигини тушуниб, мамнуният билан кулиб қўйди.
Йиғлама дил