Ўзбекистонда электромобиллар учун утилизация йиғимининг кескин оширилиши – тўғри қарорми?
2025 йил 1 майдан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати электромобиллар учун утилизация йиғимини 45 миллион сўмдан 78,5 миллион сўмгача ошириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу мамлакатда экологик тоза транспорт воситаларини оммалаштиришга жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.
Ҳозирда Ўзбекистонда электромобиллар асосан Хитой, Европа ва АҚШ давлатларидан олиб келинади. Уларнинг ўртача нархи 20,000–30,000 доллар атрофида. 78,5 миллион сўмлик утилизация йиғими тахминан 6,000 доллар бўлади. Бу эса машинанинг умумий нархини 25-30% га қимматлаштириб, кўпчилик учун электромобил қимматлик қилади.
Ўзи чет давлатларда утилизация йиғими қандай?
Электромобилларни оммалаштириш мақсадида кўплаб ривожланган давлатлар уларга енгиллаштирилган йиғим жорий қилган:
Европа Иттифоқи: Германия ва Франция каби давлатларда электромобиллар учун утилизация йиғими йўқ ёки жуда кам. Шу билан бирга, уларни сотиб олган харидорларга субсидиялар берилади.
АҚШ: Электромобиллар учун утилизация йиғими штатларга қараб белгиланади ва кўп ҳолларда $100–$200 атрофида бўлади. Бундан ташқари, $7,500 гача солиқ имтиёзлари бор.
Хитой: Электромобиллар утилизацияси учун йиғим мавжуд эмас, аксинча, давлат уларни сотиб олишни рағбатлантириш учун субсидиялар ажратади.
Бу давлатларда электромобиллар атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ёқилғига боғлиқликни камайтириш мақсадида арзонлаштирилган тўловлар билан қўллаб-қувватланади.
Қиммат утилизация йиғими сабабли, кўпчилик фуқаролар электромобил ўрнига бензинли ёки газли машиналарни танлайди. Бу эса:
•Атмосфера ифлосланишини оширади
•Бензин ва газга талабни кўпайтириб, нархларни оширади
•Ўзи шундоқ ҳам ёқилғи тақчил вақтда унинг импортини ошириб, иқтисодиётга салбий таъсир қилади.
•Бозордаги эски ва янги барча ёқилғи двигателли автомобиллар нархи ошади
Нима қилиш керак?
Утилизация йиғими давлат бюджетини тўлдириш учун муҳим бўлиши мумкин, лекин уни ҳаддан ташқари юқори белгилаш электромобиллар бозорини заифлаштиради.
Бундай вазиятда ҳукумат:
• Биринчи навбатда утилизация йиғимини қайта кўриб чиқиши зарур
• Экологик бонуслар ва субсидиялар жорий қилиши керак.
• Чет давлатлар тажрибасини ўрганиши лозим.
• Электромобилларни зарядлаш станцияларини ўрнатишга имтиёзлар бериш керак.
• Электромобиллар импортни сунъий чеклашни тўхтатиши керак.
78,5 миллион сўмлик утилизация йиғими электромобилларнинг оммалашишига жиддий тўсиқ қўяди. Бензинли автомобилларга талаб ортса, бу экология ва иқтисодиёт учун катта зарар бўлади. Ўзбекистоннинг катта шаҳарлари, айниқса, Тошкент, аллақачон ҳаво ифлослиги муаммоси билан тўқнаш келмоқда. Электромобиллар эса бу муаммони юмшатишга ёрдам берар эди. Шунинг учун бу қарорни қайта кўриб чиқиш лозим!
Каналга уланиш:
@Ngi_Uz