Муҳрим


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


Мурожаат учун — @muhrimchatbot
Тижорий таклифлар учун — @VenkonPRsales

Связанные каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций


Ундан ҳам қизиғини кўрсатайми? 30 йил аввал Андижондан газетага ёзишяпти: газ йўқ, уйларимиз совуқ, арзонроқ кўмир олиб келайлик десак, уйларимиз “газлаштирилган”лар рўйхатида, арзон кўмирга имтиёз йўқ, “нима қилиш керак?”: https://t.me/tarixkart/136

Худди шу вақтда Тошкентда мукофот жамғармаси 350 минг доллар бўлган теннис турнирига тайёргарлик кетяпти (30 йил аввал 350 минг доллар ҳозиргидан анча катта пул бўлган бўлса керак): https://t.me/tarixkart/137

“Газилар йўқми? Унда теннис кўринглар”, деб устидан кулгандек.




1991 йили Тошкентдаги Қорасув ва Салар каналларида чўмилиш тақиқланган экан. Чунки Қорасув канали сувидан вабо тарқатувчи зарралар топилган экан: https://t.me/tarixkart/181

Ўшанда ҳам, шаҳар ичида 2 мингта завод-фабрика бўлишига, шу корхоналар Қорасув ва Саларнинг сувини заҳарлаб ташлаётганига қарамай, “шаҳар ҳавосини асосан (80 фоиз) транспорт воситалари булғаяпти”, деб ҳисоблашган экан. Машиналар қандай қилиб ҳавони булғайди, деган саволга жавоб бор: “Сув ва мой қўшилган сифатсиз бензинни ишлатиш оқибати”.

Ҳозир Қорасув ва Саларда вабо зарралари йўқдиру (шаҳар ичида совет давридагидек юзлаб катта ишлаб чиқаришлар ҳам қолгани йўқ-да), лекин айрим муаммолар 33 йилда ҳам ўзгармагани қизиқ.


“Дўстлик” (эски “Бобур”) паркини инвесторга бериб, Magic City’га ўхшаш савдо мажмуасига айлантиришмоқчи экан. Фаол жамоатчилик паркни энг камида ҳозирги ҳолида сақлаб қолиш учун 24-28 апрель кунлари ҳар куни соат 17:00 дан 19:00 гача “Дўстлик” боғининг ўзида имзо тўпламоқчи. Имзолар давлатнинг тўртта ташкилотига тақдим этиларкан.

Битта шаҳарга битта Magic City етади - агар у Миллий боғ ўрнида қурилган бўлса, унда бутун мамлакатга биттаси ҳам етиб ортади. Тошкент ичида аттракционли-кўнгилочар парклар қуриш, мавжуд паркларни савдо мажмуасисифат маконларга айлантириш амалиётини тўхтатиш шарт. Шаҳар бетартиб қурилишлар, тартибсиз реклама, умуман, тартибсизлик ва шовқиндан ёрилай деяпти. Бундай шаҳарда яшовчи одамлар учун сокин маконлар – ҳаётий зарурат.

Давлат олдида “Дўстлик” паркини инвесторга бериш ва бермасликдан ташқари учинчи йўл – уни худди Экопарк каби аттракционларсиз, Япон боғи каби шовқин-суронсиз, сокин хиёбонга, эҳтимол, улардан-да яхшироқ жамоат маконига айлантириш имкони бор. Кўз-кўз қиларли хизмат кўрсатганларга мошинаю уй совға қилишга қурби етадиган давлат ўзининг халқ хизматкори функциясини эслаб, миллатга камтарона хизмат кўрсатаётганларга мошина ёки уй эмас, ҳеч бўлмаса парк совға қилиши шарт.

Серхаражат давлат аппаратимизга “Дўстлик” боғини инвесторсиз, аттракционларсиз, шовқин-суронсиз сақлаш кўп ҳам қимматга тушмаса керак, буни ҳисоблаб чиқиш ҳам унчалик мураккаб эмасдир. Ҳукумат қароргоҳи, эски Сенат, Мустақиллик майдони атрофидаги яшил ҳудуд (мисоли парк)ни сақлаш шу бугунда қанчага тушяпти? Шундан ортиқ харажат бўлмаса керак. Бор-йўқлиги билинмайдиган икки-уч давлат органи чин кўнгилдан қисқартирилса ё тугатилса, паркка пул топилади.

Амалдор бўлмаган одамлар ҳам парклар ичида ишлагиси, ҳеч йўғи вақти-вақти билан дам олгиси келади. “Дўстлик” боғи инвесторга эмас, халққа берилиши керак.


Жадвалларда - статистикамиз шаҳар сифатида тан оладиган аҳоли пунктлари рўйхати. 32 та шаҳар. Шундан 20 тасида аҳоли 100 мингдан кўп. Аммо бу фақат шугиналарда 100k+ одам яшайди, дегани эмас.

Масалан, 2017 йилгача Шаҳрисабзнинг ўз ҳокимлиги бўлмагани учун (шаҳар учун ҳам туман ҳокими жавоб берган), унинг аҳолиси ҳам туманга қўшиб ҳисобланган (2017 йил 1 январь ҳолатига Шаҳрисабз тумани аҳолиси 343,7 минг киши). 2017 йил июлида Шаҳрисабз шаҳри тумандан вилоят бўйсунувига ўтказилган ва Статагентлик энди унинг аҳолисини алоҳида ҳисоблай бошлаган - 2018 йил 1 январь ҳолатига шаҳар аҳолиси 134,5 минг киши деб кўрсатилган (туман аҳолиси сони эса, ўз-ўзидан, 214,7 минг киши бўлиб қолган).

Дейлик, аҳоли сони бўйича Ўзбекистондаги энг катта туман ҳисобланган Ургут туманидан Ургут шаҳри, 2-ўриндаги Денов туманидан Денов шаҳри ажратилса, Ўзбекистондаги 100 минг кишилик шаҳарлар яна иккитага кўпаяди (Статагентликнинг бошқа бир ҳисоб-китобида Ургут ҳам, Денов ҳам Асака, Беруний, Косон, Косонсой, Паркент, Тўрткўл, Хўжайли, Чуст, Чортоқ, Чимбой, Шаҳрихон қатори алоҳида шаҳар сифатида саналади).

Умуман олганда, бу ғалати мантиқ тушунарли - алоҳида ҳокимлиги бўлса, ундан 10 мингдан одам кам яшаса ҳам (масалан, Ғозғон каби) - Тошкент қатори “катта шаҳар”, бўлмаса - туман бўйсунувида бир аҳоли пункти, холос. Ким билсин, балки буни қайта кўриб чиқиш керакдир - аҳоли сони маълум бир сондан ошдими, у туман бўйсунувидан вилоят бўйсунувига, вилоят бўйсунувидан республика бўйсунувига ўтади, дегандек (дарвоқе, шунақа гап бўлувди-я).

Майли. Юқоридаги жадвалларда нима қизиқ нарса бор?

— 2023 йил якунига Тошкент аҳолиси расман 3 млндан, Марғилон - 250 минг, Термиз - 200 минг, Урганч - 150 минг, Қувасой - 100 мингдан ўтган;

— Қарши илк бор Бухорони қувиб ўтган;

— 2024 йил охиригача Наманган 700 мингдан, Қарши ва Бухоро - 300 мингдан, Хива ва Гулистон - 100 мингдан ўтса керак.

— охирги 14 йилда аҳоли сони энг кўп Наманган, Термиз, Янгиер, Самарқанд ва Қўқонда ўсган.

— вилоят марказлари орасида энг паст ўсиш - Бухорода.


Зерикарли мусобақани қизиқарли, ўзи шундоқ ҳам қизиқарли мусобақани янада қизиқарли қиладиган нарса - бу медиа. Атрофида қизиқарли, жозибали медиа таъминот юзага келтирилса, ҳар қандай мусобақа, ҳар қандай тадбир қизиқарли бўлади.

Биз мактабда, ўз синфимиз миқёсида Премьер-лига қилгандик - ўзи ҳар бирида беш нафардан “футболчи”си бўлган учтагина жамоа бор, лекин шунга ҳам бир чиройли, хафсала билан ўйинлар тақвими, мусобақа жадвали тайёрланарди; “ўйинчи”лар трансфер қилинарди (энг қизиғи, трансфер нархлари қатъий белгиланган эди - энди, у вақтларда ҳамма нарсанинг - ноннинг ҳам, бензиннинг ҳам, бошқасининг ҳам нархи қатъий эди, нархлар йилда бир ўзгарар, аниқроғи, ошарди).

Мен Жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида ўқиганман. Факультет миқёсидаги футбол мусобақасига алоҳида газеталар қилардик, “Февралда футбол баҳори” деган мақолалар босиларди, фотомухбирлар ишларди, ўйинлар видеога олинарди (агар ўша вақтда ҳам ҳозиргидек вип ва тез интернет бўлганида, трансляция ҳам қилинган бўларди). Очиғи, ўшанда футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг ҳамма ўйинларида ҳам бўлмасди бунақанги ёритиш. Шунга яраша “стадион”имиз тўларди, қий-чув ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Ҳозирги ўқувчиларга ҳам, талабаларга ҳам мазза нарсалар кўп. Мактаблар ҳозирданоқ ўз мусобақаларини жонли эфирда кўрсатиши, чиройли голларини бутун дунёга кўз-кўз қилиши, жаҳоннинг миллионлаб футбол фанатларини бирлаштирган пабликларга чиқариши мумкин (чиқаришяпти ҳам). Талабалар учун эса ҳар йили янги мусобақалар ўйлаб топиляпти. Ўйлаб топилиши ўз йўлига - унинг медиада ёритилиши янги даражаларга кўтариляпти. Мана, ЎзПФЛ талабаларга ўзларини худди профессионал футболчидек ҳис қилиш имконини берибди.

Талаба минг камтар бўлмасин, унинг сурати, урган голининг видеоси мамлакатдаги энг асосий футбол ташкилотларидан бирининг саҳифаларида чиқиб турса - ёқади. Мусобақанинг бундай ёритилиши ўша талабаларни, майли, бир ҳафтага бўлса-да ўз университетларининг қаҳрамонларига айлантиради. Номига, ҳисобот учун ўтказилаётган мусобақада университет учун ўйнаш билан ҳаракатларингни дўстларинг, курсдошларинг, қариндошларинг интернет орқали қайта-қайта кўриши мумкин бўлган, медиада, ОАВда ёритиладиган мусобақада ўйнашнинг фарқи бор.

Сени томоша қилишаётганини ҳис қиласан-да. Бу ҳис сени яхшироқ ўйнашга, охиригача курашишга, чиройлироқ гол уришга ундайди, масалан. Бу бошқача завқ. Мазза! Қани энди биз талабалигимизда шундай завқ улашадиган мусобақалар бўлганида эди...


Репост из: Аъзамхўжаев
Ўзбекистон — 37 миллион!

Нуфусимиз ҳам, нуфузимиз ҳам ошаверсин!


Лифт мавзуси очилган экан, менда, хусусан, маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳам бир неча йиллик мунтазам буюртма билан таъминлаши мумкин бўлган ва илғор немис тажрибасига асосланган таклиф бор (ўзи лифтини алмаштириш керак бўлган бир олам “дом” бор, шекилли – шунинг буюртмаси ҳам камлик қилармикин, қизиқ?!). Бу таклифни, менимча, минглаб, эҳтимол, ўн ё юз минглаб одам қўллаб-қувватласа ҳам керак.

Бир замонлар Германиянинг ярми биз каби мустабид совет зулми остида яшаган. Советлар қўл остида яшаш, бу – хрушчёвкада яшаш, дегани. Биздагидек беш қаватли бетон-қутилар Берлинда ҳам қурилган. “Булар немис-ку, ҳеч йўғи буларга лифт қўйиб берайлик”, дейишмаган – уларда ҳам лифтсиз қуришган. Яшаганлар билади - бунақа уйларнинг 4-5-қаватига чиқиш – ёш болалилар, кексалар учун азоб.

Инсон қадрини ҳар нарсадан юқори қўядиган немислар “мустақиллик”дан сўнг ўз советча “дом”ларига лифт ўрнатиб чиққан экан. Улар қилган ишни бизда ҳам қилса бўлади-ёв – подъездларимиз олдида лифт ўрнатишга етарли майдончалар бор. Таклиф шу – биздаги хрушчёвкаларга ҳам лифтлар ўрнатилсин, одамлар мазза қилиб яшасин.

Буёқдан реновация деб турибсизлар – ўша дастур доирасида ўрнатворса бўлар, балки. “Ҳа, ўшанда бюджетдан фалонча пулни ейишган, лекин ўша баҳона мана шу лифтлар қолди”, деб эслаб юрармиз. Катта эҳтимол билан, пул барибир ейилади, импорт чеклови ечилмайди. Халққа нимадир қолсин, ҳай.


Электр ва газ тарифлари ўзгариши бўйича фикр билдираркан, “Юксалиш” раҳбари, депутат Бобур Бекмуродов “энергия ресурсларининг жиддий танқислиги шароитида моддий таъминланган фуқаролар харажатлари учун давлат бюджетидан дотация олмаслиги керак”, дебди. Оддий қилиб айтганда, бойларга умуман енгиллик берилмасин, улар 1 майдан кучга кирадиган энг юқори нархдан ҳам юқорироқ нархда тўласин – ҳеч бир истисно ва имтиёзсиз, демоқчи, шекилли.

Депутат Бекмуродов масъул вазирлик ва идоралар эътиборини яна бир неча масалага қаратган. Улардан бири – марказий иситиш тизими ва табиий газдан фойдаланиш имкони йўқ ҳудудлардаги шароитлар ҳамда асосий иссиқлик манбалари печка ва кондиционерлар эканлигига доир. Шу масалада ботга ҳам кўпчилик ёзди – мана, Тошкентдаги газга уланмаган, овқатини электр-плитада пиширадиган “дом”ларда электр ҳақи 1 майдан 200 кВтлик норма доирасида 225 сўм, ундан то 1000 кВтгача истеъмол қилинса 450 сўм – шу қоида газ етиб бормаган қишлоқларга ҳам жорий этилса яхши бўларди, деб.

Бекмуродов илгари сурган таклифлардан яна бири – дифференцияланган тарифлар қўлланиладиган мамлакатларда бўлгани каби, электр энергиясига талаб юқори бўладиган пайтларда тариф нормаларини сезиларли даражада ошириш ҳақида. Масалан, аномал совуқда электр энергиясининг арзон нормаси 200 кВт бўлмайди-да, 300 ё 400 (ва ҳоказо)гача ошади. Ҳозир бизда бу нарса фақат газ учун қилинадиган бўляпти – ўзи арзон норма 100 кубометр, қишда бўлса 500 кубометр. Лекин яна ўша муаммо – газ етиб бормаган жойлардаги аҳоли бу “енгиллик”нинг афзаллигини сезмайди.

Ўзи қаердадир кимдир айтди, шекилли – шу норма деган нарсани бир йил аввал жорий қилиш керак эди-да, мамлакат миқёсида ҳамма ҳаммасини тушуниб оларди, бир йил ичида депутат Бекмуродов айтаётган нарсаларга ҳам табиий равишда етиб келинарди – ҳозиргидек бир вақтнинг ўзида ҳам нормани, ҳам нарх ўзгаришини ҳазм қилиш оғирлик қилмасди, деб. Ҳай, ҳечдан кўра.


Даҳшат

Ғаллаоролда 15 апрель куни ёмғир вақти соатига 100 километр тезликда ҳаракатланиб келган Жентра сирпаниб кетиб, йўл четидан мактабга кетаётган 7- ва 5-синфда ўқийдиган иккита ўқувчини уриб юборган. Иккала бола ҳам ҳалок бўлган.

Бўстонлиқдаги туғуруқхонада 15 апрель куни ҳомиладорликнинг саккизинчи ойида бўлган 29 ёшли аёл вафот этган. Анкетасига “аллергия чақирадиган антибиотиклар берилмасин” деб ёзилганига қарамай, мазаси бўлмаганида туғуруқхона шифокорлари томонидан аёлга айнан аллергия чақирадиган антибиотик берилган.

Ургутда 15 апрель куни 4 ва 1 ёшли болалари билан номаълум томонга қараб чиқиб кетган 24 ёшли аёл(нинг тириги ё ўлиги) қидирилмоқда. Тойлоқ туманидан оқиб ўтувчи каналдан болаларнинг мурдалари топилган.


“Шахсий машиналар парки ўсиб бораётгани ҳисобга олинмаётир. Чилонзор, Юнусобод массивлари аҳолиси машиналар кўпайиб бораётгани муносабати билан йўлларга пўлат ва бетон тўсиқлар ўрнатмоқда. Бундай ўзбошимчалик ҳам яхши эмас - махсус машиналар ҳар бир уйга, ҳар бир подъездга бемалол кириб бориши керак. Фикримизча, ДАН ходимлари квартал ичкарисидаги йўлларга “кириш тақиқланган” деган белгилар қўйиш ҳақида ўйлашлари керак. Квартал ичкарисида бўлар-бўлмасга пориллаб кириб келаётган машиналарнинг ҳайдовчиларини йўл ҳаракати қоидаларини бузувчилар сифатида жазолаш лозим. Квартал ичкарисидаги йўлларнинг хўжайини биринчи навбатда йўловчилар эканлигини унутмаслик керак”.


Бу - 50 йил аввалги гаплар.

Одамлар ҳозир ҳам йўлларга пўлат ва бетон тўсиқлар ўрнатяпти. Айнан машиналар кўпайиб бораётгани муносабати билан. Лекин энди "кўчамизга машина кирмасин!", деб эмас, "мани машинамнинг ўзи жойи бўлсин", "машинам лойда турмасин", "машинам ёмғир-қорда қолмасин", деб қиляпти. 50 йил ичида, бахтга қарши, квартал ичкарисидаги йўлларнинг хўжайини ўзгарди.


Бу эски хабар экан, ман ҳозир кўриб қолдим. Телеграмдан ишлаган пулларимизни қандай қилиб сўм қиламиз, деб гаплашиб ўтиргандик, шу хабарни кўрсатиб қолишди танишлар. Фавқулодда қизиқ хабар, мен сизга айтсам.

Давлатимизнинг бир агентлигининг биринчи ўринбосарларидан бири айтяптики, "Telegram Ўзбекистон қонунчилигига, жумладан, қонунларимиз ва чекловларимизга риоя қилиши, солиқ тўлаши ва мамлакатда серверларга эга бўлиши керак".

Йўғе? Шунақа бўлиши керакми? Шунақа бўлмаса нима бўлади? Нима бўлишини ҳаммамиз 2021 йил ноябрида кўргандик - Телеграмни, унга қўшиб, Фейсбук ва Ютубларни ҳам блоклашганди.

Ўзбекистон қонунчилиги бўйича ўшанда тўғри иш қилинганди - қонун устуворлиги таъминланганди. Албатта, кейинчалик бу устуворликни таъминлашга масъул деб топилганлар ишлардан ҳайдалиб (озгина сазойи қилиниб, сўнг яна катта лавозимларга қайтарилиб) кетди-ку, лекин қонуний иш, у минг мантиққа зид ва аҳмоқона бўлмасин, қонуний-да.

Ўша қонунлар бўйича, масалан, Тикток неча замондан бери блокда. Нега Тиктокка ишлаган аҳмоқона қонун Телеграмга ишламайди? Нима, Телеграмнинг шохи борми? Давлатимизнинг бир агентлигининг биринчи ўринбосарларидан бирининг айтишича, йўқ, шохи йўқ экан. Твиттернинг ҳам шохи йўқ эди, лекин у ҳам блокдан чиқарилди-ку - нега Тиктокни ҳам чиқармайсизлар?

Ва, такрор бўлса ҳам яна ўша савол - қонунга риоя этмагани учун Тикток блокланган экан, унда нега Телеграмни, Твиттерни, Ютубни, Фейсбукни, Гуглни, Яндексни, умуман, бутун дунё интернетини блокламайсизлар?

Бутун дунё фойдаланаётган сервисларни блоклаш - тентаклик. Тентакдек кўринмаслик учун ҳозир бир иш қилиш керак - фақат кимгадир керак бўлган пайти отиладиган жирканч милтиқ мисоли бир чеккада осиғлиқ турган қонунни бекор қилиш, йўқ қилиш керак. Йўқолсин ишламайдиган қонунлар!


2017 йили валюта либерализацияси бошланиб, кейин банкларнинг мобил дастурлари орқали доллар сотиб олишга рухсат берилганди-ку. Ўшандан бери InfinBANK мижозиман - ўша вақтда, назаримда, энг қулай мобил дастур шу банкники эди. Биринчи VISA картамни ҳам шу банкдан олганман. Аслида мен ва InfinBANK'нинг яқинлиги анча аввал бошланган – мен юргизган медиа-лойиҳаларга энг, энг, энг биринчи рекламани берган ташкилот айнан Инфинбанк бўлади (лекин бу анча эски гап).

Ҳозир банк хизматларидан фойдаланиш учун банкка бормаса ҳам бўладиган бўлиб қолди. Масалан, яқинда InfinBANK'дан янги сўм карта ва кредит карта очтирдим. Буюртма ҳам, ҳужжат ишлари ҳам – ҳаммаси мобил дастури орқали бўлди. Бир суткага қолмай, карталарни банк ходимлари ташлаб кетди. Лекин баъзида барибир банкка боришга тўғри келади. Мен доим Марказий банк ёнидаги InfinBANK (бош офис)га борардим. Бугун банкнинг Амир Темур хиёбони яқинидаги янги офиси очилиши бўлди. Олти қаватли “ҳовлининг тўйи”да қатнашдик.

Марказий банк ёнидаги InfinBANK'га борганлар бўлса, билади –операторлар ва кассалар бир жойда ўтирадиган кааатта зали бор. Юридик шахсга ҳам, жисмоний шахсга ҳам аралаш хизмат кўрсатилади; сенга керакли кассасида сендан аввал юридик шахс вакили навбат олиб, иши кўп бўлса, анча кутиб қоласан. Янги офисда жисмоний шахс мижозлар учун алоҳида, юридик шахс мижозлар учун алоҳида заллар ташкил этилибди, барча кассалар универсал экан. Хуллас, “бу даргоҳдан ҳеч ким норизо бўлиб кетмаслиги” учун шароитлар қилинган.

Мазза-мазза, шу офиснинг кенг ва ёруғ опенспейсларида ишлайдиган банк ходимларига мазза бўлибди лекин – олтинчи қаватда ишчилар учун ресторан ва шаҳарни томоша қилиб ўтириш мумкин бўлган катта айвон (терраса), шунингдек, тренажёр зали ҳам бор экан. Ишқилиб, ходимлар завқу шавқ билан ишлаши учун кўп ҳаракат қилинган. “Биз ҳамма нарсани энг майда деталларига қадар ўйладик. Бунда бизнинг асосий вазифамиз мижозлар ва ходимларга қулайлик яратишни ўйлаш ҳақида бўлди”, - деганда, банк раҳбари Олга Нуманова ҳам шуни назарда тутди, шекилли.

Офис чиройли, шароитлар яхши, лекин, юқорида қайд этганимдек, ҳозир банк хизматларидан фойдаланиш учун банк офисларига бориш шарт эмас. Эрта-индин эса бунга умуман зарурат ҳам қолмаса керак. Ҳар ҳолда, InfinBANK'нинг режалари ҳам шунга қараб кетаяпти – банк мобил дастурига янги ўзгартиришлар киритилаётган (янада қулай қилинаётган), мижозларга масофавий хизмат кўрсатиш максимал даражада осон бўлиши устида иш олиб борилаётган экан ва бу – яхши.


Китоблар ҳақида гап очилган экан, 2024 йил апрели миллий китоб бозоримиз учун янгиликларга бой бўлаётганини ҳам айтиб кетиш керак. Ўзи 2024 йил давомида миллий кутубхонамиз учта катта таржима асар билан бойиши айтилганди – биринчиси, Фрэнк Гербертнинг “Дюна”си (Асахий Букс тайёрлаган экан), иккинчиси Чак Паланикнинг “Жанг клуби (“Академнашр”), учинчиси эса Жорж Мартиннинг “Тахтлар ўйини” (“Забаржад Медиа”).

Сўнгги ўн йилликларнинг “Тахтлар ўйини” номи билан машҳур бўлган энг шов-шувли фэнтэзиси - “Муз ва олов қўшиғи” романлар туркумининг биринчи китобини таржима қилиниб, чоп этилгани – апрелнинг энг катта янгилиги бўлди, менимча. “Забаржад Медиа” китоб тақдимотини 22 апрель куни ўтказаркан, аллақачон олдиндан буюртма очилган. Ҳозирнинг ўзидан шов-шув ва бу табиий – бу воқеа, Панда ёзганидек, ўзбек китобхонини давр руҳига яқинлаштиряпти.

Яна бир муҳим янгилик – Шарль Луи де Монтескьёнинг “Қонунлар руҳи” китоби Ҳамид Содиқ томонидан таржима қилиб бўлинган ва уни “Тирилиш” нашриёти босиб, чиқаряпти. Бу китобга ҳам олдиндан буюртма очилган (бундан ташқари, “Тирилиш” бу ойда Ёвуз Булант Боқийлар Боқийнинг “Туркистон, Туркистон” ва Нурали Қобулнинг “Сукут суиқасди ёхуд Сталиндан Саддамгача” китобларини ҳам чиқади, деб ёзишган).

Апрель бошида америкалик Уильям Сарояннинг “Даҳо” номли ҳикоялар тўплами, “Бук.уз”нинг ёзишича, “илк бор ўзбек тилида чоп этилган” эди. Эртага эса Миллий матбуот марказида Франц Кафканинг “Қалъа” романи ўзбекча таржимаси тақдимоти кутиляпти (таржимон – Вафо Файзуллоҳ, ношир – “Муҳаррир” нашриёти).

Хуллас, янгилик кўп ва бу яхши.


Твиттерда Руслан Солиев (Мистер Слан) қозоқларнинг “Алаш демократияси” деган китобининг суратини қўйган экан (кимдир совға қилган шекилли). Китобнинг муқоваси ҳам одамни китобга қизиқтиради-да – қанчалик чиройли бўлса, китоб номи қанчалик қизиқарли бўлса, шу китобни топиб ўқиш истаги ҳам шунчалик кучаяди.

Тошкентга етказиб берадиган бирор хизмат бормикин, деб қидирдим. Унақа хизмат чиқмадию (тополмадим-ов), лекин “Меломан”/“Марвин” деган қозоқ “Узум”ини айланиб чиқдим. Тарихий мавзуда китоблари бунча кўп-ей бу қозоқларнинг! Алаш Ўрда мухторияти (биздаги Туркистон мухторияти муқобили)нинг ўзи ҳақида бир неча китоб кўрдим.

Китоблар билан бирга мана бундай қизиқ-қизиқ постерлар ҳам бор экан – масалан, Алаш ҳукумати аъзолари ҳақида, Қозоқ Ўрдаси бошлиқлари (хонлари) ҳақида ва ҳоказо, ва ҳоказо. Қизиқ, чиройли нарсалар.

Дўконда тарихчи Хлоя Дриёнинг “Кино, миллат, салтанат. 1919-1937 йилларда Ўзбекистон” номли китобини кўриб қолдим, Тошкентгача етказиб бера оладиган бошқа сервисдан буюртма бериб қўйдим. Фақат “Марвин”да бор китоблар ва постерларни кўриш ва олиш учун энди бир Чимкентни айланиб келиш керак, шекилли.

Бахтимизга, “Тошшаҳартрансхизмат” чегарагача 169-автобусни қўйган – Хитой автобуслари шаҳардан сиқиб чиқарган эски, паст полли “Мерседес”лар 1700 сўмга Юнусободдан Қозоғистонгача етказиб қўйяпти. Уёғига яна бир "маршрутка"га чиқаркансиз ва - Чимкентдасиз.

UPD. Автобус номерини адашиб 157 деб ёзворибман. 169 эди аслида.


Бухоро – Ўзбекистон тарихининг исталган даврига оид осори-атиқалар макони. Энг муҳими, ўша ҳар бир осори-атиқасини ўз даври ҳақида ҳикоя қилувчи музейларга, маърифат марказларига айлантириш мумкин.

Масалан, Бухоро шаҳрида Халқ уйи деб аталадиган, 1925 йили Ўзбекистон Республикаси эълон қилинган тарихий бино бор - Ўзбекистон таваллудига оид барча маълумотларни шу ерга жамлаб, уни музейми, бирор шундай муассасага айлантирса, ажойиб бўларди.

Когонда амир Абдулаҳадхон европача услубда қурдирган бир сарой бор. Айтишларича, у Николай пошшонинг Туркистонга кутилаётган ташрифи муносабати билан, уни кутиб олиш ва меҳмон қилиш учун қурдирилган экан. Ҳозир реставрацияси ва ҳақиқий эгасини кутиб ётибди, шекилли.

Ўтган йили Тошкентда Республика болалар кутубхонаси зўр таъмирдан чиқарилди. Ора-сира Инстаграм учун сторис ё рилс олгани бораётганлар ҳам бор, лекин асосан болалар мазза қилиб китоб ўқиш учун боряпти. Деярли ҳар доим китобхонлар билан тўла. Жуда файзли, жуда чиройли жойга айланган.

Эҳтимол, Когондаги саройни ҳам шундай болалар кутубхонасига айлантириш керакдир. Тошкентдаги тажриба фақат Тошкентда қолиб кетиши керак эмас-ку. Ҳа, катта харажат қилишга тўғри келади – лекин бу, менимча, қандайдир фестивал ё форумдан кўра мақбулроқ, нафи каттароқ харажат.


Муштарий ёзяпти:

“Энергия тарифлари билан боғлиқ бир муаммо бор, у ҳам бўлса табиий газ етиб бормаган жойларда, табиийки, электр энергиясига эҳтиёж ҳам, унинг истеъмоли ҳам каррасига кўпроқ. Қишда истеъмол янада ошади – чой ҳам электр-чойнакда қайнатилади, овқат ҳам кўпинча электр плитада тайёрланади, баъзида уй ҳам электрда иситилади. Шундай шароитдагиларга қишки мавсумда электр энергия учун бериладиган имтиёз кўпроқ бўлиши керак эмасми? Шундай қилинса, адолатдан бўлмайдими?”.


Аллақачон хабар топиб бўлганингиздек, ярим ойдан кейин, яъни 1 майдан электр энергия нархи ўзгаради. 1 киловатт нархи 450 сўм бўляпти. Нархлар 2019 йилдан бери ўзгармай турганди.

Ва бу нарх ошиши билан бирга ижтимоий норма деган нарса ҳам тўлақонли жорий этиладиган бўляпти (балки эсларсиз, ҳув 2020 йиллар арафаси бизнинг жонажон Юнусободда шу нарса синовдан ўтказилганди).

Шундай қилиб,

- ойига 200 кВт·соатгача ишлатсангиз – 450 сўмдан;
- ойига 201 кВт·соатдан 1 000 кВт·соатгача ишлатсангиз – 900 сўмдан;
- ойига 1 001 кВт·соатдан 5 000 кВт·соатгача ишлатсангиз – 1 350 сўмдан;
- ойига 5 001 кВт·соатдан 10 000 кВт·соатгача ишлатсангиз – 1 575 сўмдан;
- ойига 10 000 кВт·соат ва ундан кўп ишлатсангиз – 1 800 сўмдан тўлайсиз.

Яъни, энди кўп ишлатганлар кўпроқ тўлайди, кам ишлатганлар камроқ тўлайди. Масалан, шу бугунги кунда ойига 1100 киловатт электр ишлаётганлар 324,5 минг сўм тўлаётган бўлса, 1 майдан кейин худди шунча ишлатгани учун салкам 950 минг сўм тўлайди.

Охирги йилларда қиш қаттиқ келяпти, кўп жойларда газ йўқ, кўпчилик уйини иложсизликдан электр билан иситади. Давлатманд ҳам, эҳтиёжманд ҳам хоҳласа-хоҳламаса электрни кўпроқ ишлатишга мажбур бўлади. Давлатманд-ку амаллар, лекин эҳтиёжмандга қийин.

Шу боис 2024/2025 йил иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб бериларкан. Умуман йўқдан кўра ҳарна-да.

Менимча, нафақат қишгача, балки шу 1 майгача ҳам бу қарор ҳали кўп муҳокама қилинади, ёрдам пуллари миқдори ҳам, эҳтимол, ошиш тарафга қараб қайта кўриб чиқилар.


Ҳукумат қарори билан ташкил этилган бир нодавлат (!) нотижорат ташкилот вакили айтибдики, “биз ҳали [дрондан] фойдаланиш маданиятига тўла тайёр эмасмиз, деган нуқтаи назардан келиб чиқиб ҳукумат [ўзбекистонликларнинг дронлардан эркин фойдаланувига] чекловларни киритган”. Эмишки, “масалан, биз ҳозир ҳаммага [дрондан фойдаланишга] рухсат бериб юборсак — бу қурилмалардан фойдаланиш маданияти ҳали биз тасаввур қилган даражада эмас — қўпол қилиб айтганда, одамлар бир-бирини уйида қилаётган ишларини ҳам дронлар орқали Фейсбук ёки бошқа тармоқларда эфирга қўйиб юбориши мумкин”.

Ҳа бу ўзбекистонликлар дронлардан ҳали тузук-қуруқ фойдаланиб кўрмаган бўлса, сиз маданиятлилар бутун ўзбекистонликларнинг дронлар масаласида маданиятсиз эканини қаердан била қолдинглар, деган қарши-савол берилибди, албатта. Ҳукумат қарори билан ташкил этилган ННТ вакили айтибдики, “Конституция билан белгиланган қонунчилик ташаббусига эга бўлган саккизта субъект бор, парламент ҳам ишлаб турибди. У ерда прогнозлаштириш, яъни олдиндан кўра билиш, деган масала ҳам бор. Масалан, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул, деган принципдан келиб чиқиб, мана шу масалалар тартибга солинади”.

Оббо, шоввозлар-эй! Прогнозлаштиришни биларкан-ей булар, прогноз қилганда ҳам “касални даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул” деб ҳаракат қиларкан-ей! Демак, ташқи қарз масаласида ҳам, бюджет тақчиллиги масаласида ҳам ва бошқа ҳар хил нозик масалаларда ҳам шундай “касалнинг олдини оладиган” прогнозлар қилиб қўйишгандир, хойнаҳой. Қойил, оббо, азаматлар-ей!

Лекин мен бизни яна бир бор маданиятсизга чиқаришганидан сал ранжидим. Эркин сайлов қилайлик дейилса – “одамларимиз ҳали тайёр эмас”, “шарқона” эмас, шу нормал демократия қилайлик энди дейилса – яна “одамларимиз ҳали тайёр эмас”, мана энди одамлар дронлардан бемалол фойдаланаверсин, ўрганиб тураверсин одамларимиз шу матоҳни ишлатишни ҳам, Худо сақласину, ахир бир кун фойдаси тегиб қолар дейилса – бу сафар ҳам “одамларимиз ҳали тайёр эмас”. Бу гаплар авваллари давлат амалдорлари томонидан айтиларди, энди нодавлат амалдорлар томонидан ҳам айтиляпти.

Бир нарсага ҳайрон қоламан-да – бу “касалнинг олдини олгучи” “маданиятли” давлат ва нодавлат амалдорлар қаердан келган? Ойдан тушганми ё Россиядан импорт қилинганми? Ҳаммаси ўзимизники, тоза маҳаллий “маҳсулот” шекилли? У ҳолда қандай қилиб “ҳеч қачон ҳеч нарсага тайёр бўлмаган” “маданиятсиз” ўзбекистонликлар орасидан бундай “маданиятли” амалдорлар чиққан?

Ҳеч шубҳа йўқки, ўзбекистонликлар демократияга ҳам, эркин сайловларга ҳам, шунингдек, дронлардан эркин фойдаланишга ҳам тайёр. Ўзбекистонликларни у ёки бу нарсага тайёр эмас деб у ёки бу чекловларни ёқлаётганларни, у ёки бу ислоҳотларни кечиктираётганлар – биринчидан, улар ўзбекистонликларни ёмон кўрса керак, иккинчидан эса, айнан улар ҳар қандай янгиликка, ислоҳотга тайёр эмас, айбни ўзбекистонликларга тўнкамасинлар.

PS. Нодавлат амалдорга раҳмат барибир, ҳукуматнинг дронлардан қўрқувига доир тахминий асосни овоз чиқариб айтиб бергани учун. Дрондан эркин фойдаланиш бошланса, ўзбекистонликлар бир-бирининг эмас, асосан гуруч ичидаги курмак бўлган порахўр, коррупционер амалдорларнинг уйлари, дала-ҳовлилари, ер-мулкларида бўлаётган ҳодисаларни тармоққа чиқаришни бошлайди. Худди Россияда Навальний жамоаси зиддиятли амалдорлар, бойларнинг тити-питини чиқариб ташлагани каби. Хавотир шундан.


Рамазон Ҳайити муборак бўлсин!

Показано 20 последних публикаций.