📝Ҳунар ортидаги бахт...
— Ҳуқуқшунос бўлишни истамайман. Сартарош бўлмоқчиман, — деди Элмурод дадасининг таклифига эътироз билдириб.
— Бу нима деганинг, мендек одамнинг ўғли сартарош?! Ахир кимсан, Жавлон Аҳмедовичнинг ўғлисан.
— Сиз, бу — сиз, мен, бу — мен. Хоҳламайман, сиз бўлиб яшашни, ўзим бўлиб яшамоқчиман, — дея Элмурод эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.
Жавлон билан Хумора ўғлининг ортидан термилганча қолаверди.
— Дадаси…
— Нима, дадаси? Ҳаммасига ўзи сен, зоти пас айбдорсан. Боланг укангга тортди. Энди тоғасига ўхшаб, қўлидан қайчи билан тароқ тушмайди, — деди Жавлон хотинини ошкора ҳақорат қилиб.
— Укам шу касби орқасидан бола-чақа боқяпти. Ҳеч кимнинг ёрдамисиз уй қурди, машина олди. Бу касбнинг нимаси ёмон?
— Менга ақл ўргатма? Бизнинг авлодимиздан бундай одамлар чиқмаган, чиқмайди…
Жавлон Аҳмедович ўғлини ҳуқуқшунос қилиш учун астойдил курашди. Уни олий ўқув юртига киришга мажбурлади. Элмурод отасининг кўнгли учун шу соҳага ҳужжатларини топширди. Аммо кўнгли бошқа касбни тусайди. Бўш вақти бўлди дегунча хаёлга берилади. Қоғоз ва қалам олиб, турли соч турмакларини чизади, ўчиради. Элмуродга тоғаси «Моҳир сартарош бўлишни истасанг, кўп китоб ўқи. Дунёқарашинг кенгаяди», дейди. Шу боис бадиий китоб мутолаа қилиш унинг учун одат тусига кирган. Айниқса, бадиий тасвир, бадиий бўёқларга алоҳида эътибор беради. Китоблардаги қаҳрамонларнинг юз қиёфасини хаёлан гавдалантириб, уларнинг соч турмакларини яратади.
Бир куни хонасига кирди-ю, ҳуши бошидан учди. Кимдир деворлардаги суратларнинг барчасини майда-майда қилиб йиртиб ташлабди. Шундан кейин Элмурод дадасининг йўлидан бормаса, ўзига ҳам, онаси ва укаларига ҳам тинчлик бўлмаслигини тушунди. Олий ўқув юртининг талабаси бўлгач, ҳамма йигитлар қатори суюниб, қувонмади. У дарсларга шунчаки келиб-кетарди. Курсдошлари китоб титкилаб, қандайдир қоидалар, қонунларни ёдлашади, баҳслашади. Элмурод эса ўзга сайёралик одамлар орасига тушиб қолгандек, жим ўтираверади. Дарс тугаши билан тоғасининг устахонасига югуради. У ерда ўзини қушдек енгил ҳис этади. Мижозларнинг сочини завқ-шавқ, меҳр билан калталайди.
— Сартарошнинг бармоқлари сеҳрли бўлиши керак, — дейди тоғаси унга ўз ишини ўргатар экан. — Бармоқларинг мижознинг бош терисига тегиб озор бермаслиги учун худди массаж қилаётгандек ёқимли ҳаракатлансин. Мижозинг олдингдан худди мусиқа тинглагандек чиқиб кетсин. Энг муҳими, мижознинг кўнглига йўл топ. Берган пулига ачинмасин, миннатдор бўлсин. Шифокор одамларни даволаса, сартарош гўзаллик улашади.
Бу сўзлар Элмуроднинг қулоғига эмас, юрагига кириб борарди. Олий ўқув юртида эса ҳаммаси бошқача. Китобдаги қоидаларни ёдлашга қанча ҳаракат қилмасин, бирортаси ёдида қолмайди. Қайта-қайта ўқийверади, ўқийверади. Шунинг учун ҳам Элмурод учун сессия даври жуда оғир ўтди. Бир амаллаб биринчи курсни тугатди. Жавлон Аҳмедовичнинг эса боши осмонда. Таниш-билишларига «Ҳа, энди от ўрнини той босади-да», дея мақтаниб, ўғли ўқишини тугатса, адвокатлик идорасини очиб беришни режалаштириб ҳам қўйди.
Таътил пайти тоғасининг ёнига чопаётганини кўрган отаси ўғлининг у ерга боришни тақиқлаб қўйди. Руҳий тушкунликка тушиб қолмаслик учун Элмурод ўзини чалғита бошлади. Дадаси берган пулларни ўртоқлари билан совуриб, машинада сайр қилишни одат қилди. Тунги кафелар Элмуроднинг иштирокисиз қизимай қолди. Бир куни Жавлон Аҳмедович хориждан келган меҳмонлар билан кафега кириб, ўғлини ширакайф ҳолда кўриб, чўчиб тушди. Ўғлидан изоҳ талаб қилган отанинг саволлари жавобсиз қолди.
Шундай кунларнинг бирида Жавлон Аҳмедович Ҳалимжон исмли ҳамкасби билан болаларни касбга йўналтириш мавзусида баҳслашди.
— Ота-она фарзандини унинг истагига қараб эмас, ўз орзуларидан келиб чиқиб касбга йўналтиради, — деди ёш ходим суҳбат чоғида.
— Бу табиий. Ахир ким фарзандининг косиб ёки чархчи, чилангар ёки токар бўлишини истайди. Ҳар бир ота-она ўғлим энг зўр ҳуқуқшунос, шифокор, дипломат бўлсин, дея ният қилади, — эътироз билдирди Жавлон Аҳмедович даврадагиларнинг эътиборини ўзига тортишга уриниб, «Бопладимми?» дегандек бош силкиб.