Халқ ўз қаҳрамонларини билиши керак
Фуқаро Ғайрат Дўстовни майда безориликда айблаб, уни 15 суткага қамаган Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди раиси Дурдона Дадаханованинг иш фаолиятидан кичкинагина лавҳани эътиборингизга ҳавола этаман, фақат тўлқинланиб кетманг!
Судья хоним 2016 йилнинг 8 сентябрь куни жиноят иши ҳужжатларда бирорта ишончли далил бўлмаса-да, судланувчи Ю.С.ни чамаси 4 кг. "опий" гиёҳвандлик моддаси муомаласи билан боғлиқ ўта оғир жиноятларни (ЖКнинг 25,273-м 5-қ, 28,246-м 2-қ) содир этганликда айблаб, узил-кесил ўташ учун 18 йилга озодликдан маҳрум қилиб юборган эканлар.
Судланувчи 2016 йилнинг 18 мартидан 2017 йилнинг 5 майига қадар жазо муддатининг бир йилдан кўпроғини ўтади.
Ўша пайтдаги амалда бўлган тартибга кўра, суднинг кассация инстанцияси ҳукмни бекор қилиб, ишни Олмазор туманига юборди. Олмазор тумани суди судланувчи Ю.С.нинг содир этилган жиноятларга умуман дахли бўлмаганлиги боис уни тўлиқ оқлади.
Жиноят ишлари кўрилишида Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази ходимлари ҳам иштирок этган.
Билгичлардан сўрасам, ҳатто бизнинг кодексларимизда ҳам адолатсиз ҳукм ва ноқонуний ҳибс учун жавобгарлик бор экан. Яъни, сизни кимдир ноҳақ қамаганлиги учун жавоб бериши керак экан, лекин опам негадир жавоб бермабди, ҳалиям ишлаяптилар, ғайратларни қамаб юрибди.
Мен бошқаларга ўхшаган ақлли ва қизиқувчан эмасман — қаҳрамонларимнинг шахсий ҳаётига қизиқмайман. Судья хонимнинг шахсиятини, унинг оиласи билан боғлиқ маълумотларни ёзмаганим учун айбламанг, илтимос!
©Abdurrahmon Tashanov
VAZIFAM