Энг афзал ибодат қайси?Аллома Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Уламолар шундай дейишган: «
Энг афзал ибодат — Робб субҳанаҳу ва таолонинг розилиги йўлида ҳаракат қилиш, вақтни шу пайт тақозо қилиб турган ишлар билан банд қилиш, ўша ишни бажаришдир».
Меҳмон келган пайтдаги энг афзал ибодат меҳмонни икром қилиш, унинг кўнглини олишдир.
Саҳар вақтида килинадиган энг афзал ибодат намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикр билан машғул бўлиш, Аллоҳга дуо қилишдир.
Азон айтилаётган вақтда қилинадиган энг афзал ибодат бошқа нафл вазифаларни тўхтатиб, муаззиннинг сўзларига жавоб қайтариб туришдир.
Беш маҳал фарз намоз пайтида қилинадиган энг афзал ибодат — намозни мукаммал адо этишга қаттиқ ҳаракат қилиш, намозларни намоз вақтининг аввалида ўқиш, узоқ бўлса ҳам масжидга боришдир.
Муҳтож одамни кўргандаги энг афзал ибодат унга лавозими, пули, мол-дунёси, жисмоний қуввати билан ёрдам беришга шошилишдир.
Сафарга чиққандаги энг афзал ибодат муҳтожларга кўмаклашиш, ҳамроҳларга ёрдам бериш, бу ишларни одатий нафл амаллардан, хилватда қолишдан устун қўйишдир.
Қуръон тиловат қилаётган вақтдаги энг афзал ибодат қалбни ҳозир қилиш, оятларнинг маънолари ҳақида ўйлаш, оятларда келган буйруқларни бажаришни ният қилишдир…
“Аллоҳ сари йигирма бекат” китобидан.
@IkromSharif