ОСУДА ҲАЁТ СИРИ
Сизга бахтли ҳаётнинг сирини бир мисол билан тушунтираман:
Аэропортда ёки поезд вокзалида бўлсангиз, кўнглингиз ёқимли таъмли чой ичишни тусаб қолса, лекин у ерда бундай чойни топа олмасангиз, қалбингизни ғам-қайғу, маҳзунлик, ноумидлик ўраб олмайди. Чой топилмагани учун йиғлаб, тушкунликка тушиб юрмайсиз. Нима учун? Чунки бу ер бамайлихотир ўтириб, кўнгил тусаган ҳамма нарсани муҳайё қиладиган жой эмас. «Мен йўлдаман, бироздан кейин уйга бориб, ўзим хоҳлаганимдек хуштаъм чой дамлаб, маза қилиб ичиб оламан», дейсизу, вақтинчалик ноқулайликларни деб, асабингизни бузмайсиз.
Худди шунга ўхшаб, мўмин киши ҳам яхши англаб олмоғи лозимки, биз бу дунёда бир мусофир йўловчимиз. Бу мусофир юртда, яъни ўткинчи дунёда бирор яхшилик насиб бўлмай қолса, бунинг учун ғам-ташвиш ва маҳзунликка ҳожат йўқ. Иншааллоҳ, ўз юртимизга – Жаннатга етиб олсак, абадий неъматлар оғушида яшаймиз.
Бу дунёда эса мусофирмиз. Мусофир – бир жойга бирор иш билан борган кишидир.
Унинг бирламчи вазифаси сафардан кўзланган мақсадни ҳосил қилиб, ортга муваффақият билан қайтишдир. Мусофир юртда бирламчи вазифани унутиб, қолган кераксиз нарсалар билан шуғулланиш мусофирнинг иши эмас. Мусофир одамга мусофир юртда бирон неъмат берилмай қолса, асло қайғуга ботмайди, «Мен бу юртнинг фуқароси эмасман, бу ерларда менга қийинчиликлар етиши табиий», деб ўйлайди, шунинг учун бундай қийинчиликларга ҳам тайёр бўлади.
Сизга ҳам бу дунёда бирор қийинчилик етса, бошингизга бирор мушкул иш тушса,
бу дунёда мусофир эканингизни ёдга олинг. Кимдир сизни хафа қилса ёки бирон неъматдан маҳрум қилса, Аллоҳ таолонинг сизга берган ва энди берадиган неъматларни тафаккур қилинг, «Аллоҳ таоло менга ҳаёт берди, ақл берди, чирой берди, кўзимни равшан қилди, буларнинг барчасини менга У Зот берган. Мен ҳали бу улуғ неъматларнинг шукрини адо қилганим йўқ», деб ўйланг. Инсон доим шундай ўйласа, тилига ўз-ўзидан «Алҳамдулиллаҳ» калимаси келиб, қалби ёришади, бу дунёда унга берилмаган неъматлар учун ёки унга етган мусибатлар учун асло тушкунликка тушиб, маҳзун бўлмайди.
“Солиҳ фарзанд қандай тарбия қилинади?” китобидан.
@mehrob_uz