Хотин-қизлар фаоли судланди, уни ишдан бўшатишди. Шу асослими❓
#savolimbor Ассалому алайкум, хотин-қизлар фаоли лавозимида ишлаб келганман. Жиноят кодекси 45-моддаси қўлланилиб, 1 (бир) йил муддатга давлат органи ёки давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиндим. Шуни асос қилиб мени 168-модда 3-банди ишдан бўшатишди? Шу асослими
https://t.me/mehnathuquqi javobi :
Ходим томонидан жиноят содир қилиниши ҳар доим ҳам у билан тузилган меҳнат шартномаcини бекор қилинишига олиб келавермайди ҳамда жиноят содир килиш билан боғлиқ тарзда меҳнат шартномасини бекор қилиш учун муайян юридик фактлар мажмуи мавжуд бўлиши талаб этилади.
Жумладан, қуйидагилар мавжуд бўлган тақдирдагина меҳнат шартномаси бекор қилиниши асосли ҳисобланади:
а) ходимнинг жиноят содир этганлиги суднинг ҳукми билан исботланган ва мазкур ҳукм қонуний кучга кирган (апелляция шикояти бериш муддати ўтган ёки апелляция шикояти тегишли инстанция суди томонидан кўриб чикилиб, ҳукм кучда қолдирилган) бўлиши;
б) суд ҳукми билан тайинланган жазо ва ушбу жазонинг ижро килиниши ходимни мазкур корхонада қолиб ишлашини истисно этиши ва меҳнат муносабатлари давом этишига имкон бермаслиги лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 51-бандига кўра, ходимни аввалги ишини давом эттириш имкониятини истисно этадиган жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кириши, шунингдек ходимни суднинг қарорига кўра ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига юборилиши МК 168-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлади.
Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда ушбу асос бўйича меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин:
ходимнинг жиноят содир этганлиги суднинг ҳукми билан исботланган ва мазкур ҳукм қонуний кучга кирганлиги;
суд ҳукми билан тайинланган жазо ва ушбу жазонинг ижро қилиниши ходимни мазкур ташкилотда қолиб ишлашини истисно этиши ва меҳнат муносабатлари давом этишига имкон бермаслиги.
Судларнинг эътибори ходимни жиноят содир қилганликда айблов ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг ҳам, башарти суд ҳукмида назарда тутилган жиноий жазо уни ташкилотда ишни давом эттиришга тўсқинлик қилмаса (масалан, жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари каби жазолар қўлланилганлиги),
иш берувчи ходим билан ушбу асосга кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмаслигига қаратилсин.Жиноят Кодекси 8-бўлими (Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси)га кўра
хотин-қизлар фаоли мансабдор шахс ҳисобланмайди.МК 343-моддаси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига кўра (21.08.2023 йилда рўйхатдан ўтган, рўйхат рақами 3452) ҳам
хотин-қизлар фаоли пул ёки товар қимматликлари билан бевосита муомала қилувчи ходим ҳисобланмайди.Қачонки ходим эгаллаган лавозим ҳақиқатан ҳам моддий жавобгарлик ёки мансабдорлик лаовзими бўлсагина, ана ўшандагина ходимни 168-моддаси 1-қисми 3-банди билан бўшатиш асосли бўлади.
Юқоридаги ҳолатда, хотин-қизлар фаоли билан тузилган меҳнат шартномасини МК 168-моддаси 1-қисми 3-банди билан бекор қилиниши ғайриқонуний ҳисобланади.
Telegramdagi kanalimizni yaqinlarga ulashishni unutmang👇
https://t.me/mehnathuquqi