БЕШИКДАГИ ЎЙЛАР
(Бадиҳа)
Хуллас, туфли тўшакнинг тагида ётарди...
▫️▫️▫️
Дунёга келганим етмаганидай, аъзойи баданим увишиб қолгунича аллақандай оғочга чирмаб ташлашлари жуда ортиқча-да энди...
▫️▫️▫️
Мудраб ётаман... Олдимга майин овознинг эгаси келади. Оғоч оҳиста тебранади. Қўшиқ чўзилади. Тўғрисини айтсам, анчадан бери бир хил мунгни эшитавериб юрагим сиқилиб кетган. Нолиётганим йўқ!
Майин овознинг эгаси негадир беҳаловат: кирди-чиқдиси кўп. Баъзан йиғимни эшитмайди ҳам... баъзан ўзи ҳам йиғлайди... Пайқайман! Шундай пайтларда очқасам ҳам, бурним оқса ҳам ёки ичим сиқилса ҳам негадир хархаша қилмасликка интиламан... Лекин...
Мени деб кечалари уйқиси ҳаром унинг. Ўзимга қолса, миқ этмай ётардим... аммо...
Меҳрибон овознинг эгаси эса – анча кайвони. Ҳамма нарсанинг фаҳмига боради. Менга кичик ва яширин ноқулайлик туғдираётган нарсагача дарҳол пайқайди, бартараф этади. Майин овоз эгасига ўргатади, тушунтиради. У ҳам ўз навбатида меҳрибон овозга гап-сўзсиз итоат этади.
Чучук овознинг эгаси – пакана тез-тез кириб келади. Шу паканани деб гоҳо уйқим бўлинади. Бошқалар қараб турганда роса меҳрибонлик кўрсатади: эркалайди, ўпади, ялаб-юлқайди-ю... Лекин уларнинг назари чалғиганда номаълум сабабларга кўра, менга чанг солган, ёноғимга тирноғини ботириб олган, пешонамга тарсиллатиб тортиб юборган ва ҳатто оғочимни ағдараёзган (хайрият, ушла-ушла туфайли тисарилиб эди!) пайтлари ҳам бўлди! У нега бундай қилади? Ўйлаб ўйимга етмайман, ҳайронман...
Яна бир овоз бор. Йўғон. Овознинг эгасини танийман! У мени “отажон”лаб ўпгани ўпган. Уни кўрсам, куламан: ҳар хил қилиқлар қилади, менга тақлидан овозлар чиқаради. Баъзан қаттиқ қучоқлайди, босиб-босиб ҳидлайди, секин иҳраб қўяди, баданим жимирлаб кетади. Алланечук қувват туяман. Бу қувватни ҳозирги сўз бойлигим билан ифодалай олсам эди... Йўғон овоз ҳам жойи келса, оғочни тебратиб туради, ишонасизми, ҳатто гоҳида қўшиқ айтиб қўяди. Йўқ-йўқ, майин овоз эгасининг бадимга урган мунгли қўшиғи эмас. Бошқача оҳанг! Менга ёқади! Бошдан-охир эсимда йўқ, бироқ қўшиқда: “устоз Ойбек”, “Ҳабиб Абдулла”, деган исмлар; “достон”, “кон”, “маъдан” каби сўзлар бор...
Хуллас, шу овозларга кўникиб бўлдим. Улар мен учун муқаддас...
▫️▫️▫️
Оғочнинг менга кўриниб турадиган лаш-лушлари ва кўзмунчоқлар илиб қўйилган дастасидаги турфа йўл-йўл ранглар (тебралганда) кўнглимни айнатишини уларга қандай тушунтирсам экан-а? Дарвоқе, рангларни кейин-кейин фарқлайдиган бўлдим. Исиб кетдимми, совуқ еяпманми – аниқ билишмайди ҳам. Ёстиғим баъзан қийшиқ қўйилади, ўйлашмайдики, бу ҳам эртага одам бўлади, қизиқчи айтганидай: қизларнинг олдига бориши бор – калласи пачоқ бўлиб қолмаслиги керак, бир умр ўксиниб юрмаслиги зурур... Эҳ-ҳ!..
▫️▫️▫️
Оғочда шароит яхши. Тўл орасидан кириб оладиган айрим хира пашшаларни айтмаса, қарийб аъло дейиш ҳам мумкин. Аммо боғлаб, белашлари чатоқ! Нега бир парча гўштлик чоғимдан оғзига туз ташланган қўйдай кулликланишим керак?! Оёқ-қўлимни эркин чўзолмайман? Ўз пашшамни ўзим орқайин қўрий олмайман? Терласам, совимаслигим, жунжиксам илимаслигим керак экан?! Тўғри, ҳозир кўпчилик менга одам ўрнида боқмайди! Лекин умр вафо қилса, ўлар жойданманми, эл қатори одам бўларман, ахир! Ўшанда оғочдаги чирмалишни баданим ҳам, ҳали лиқиллоғи қотмаган бошим ичидаги чакки ҳам унутармикан! Мен тўлиқ озод яшашим зарур!
▫️▫️▫️
Пакана жуда шум-да! Майин овоз эгасининг кунини туғдиради. Итдай қилади. То ухлаб қолгунча ундан кўз-қулоқ бўлиб турмаслик – катта хато эканлигини дунёга келишимдан аввалроқ исботлаб бўлган экан! Тегинмаган, қизиқмаган, бидирлаб сўрамаган нарсаси йўқ.
Ўша куни меҳрибон овоз эгасининг туфлисини ташқаридан келтириб, ўйнаб, оғоч ёнидаги йўғон ва майин овоз эгаларига тааллуқли тўшак тагига ташлаб кетган экан. Керак пайти излаб, роса сарсон бўлишди. Кўриб турибман: туфли тўшак тагида! Уларга туфлининг жойини айтолмай қийналаман денг! Айтай десам, ҳали тилим чиқмаган эди-да...
@Alibek_Anvariy