"Ўзбекча бошқарув услуби"Эрталаб туришим билан қарасам, ҳаммаёқ Инбазарни видеоларига тўлиб кетибди. Орада, асосий айбдор - Инбазарни асосчиси жабрланган болага Спарк совға қилиб "яхши пиар" қилмоқчиям бўлибди. Лекин, ўша "яхши пиар" кейинги чиққан видеоларни орасида йўқолиб кетибгина қолмай, асосий айбдорга иккинчи айбни ёпиштирган: Инбазар асосчиси ёмон менеджер бўлиши билан биргаликда, яхшигина гипократ (
кечаги яхталар олдидаги видеосида муштумзўрликни ёмонлаган эди, бугунги чиққан видеоларда унинг ўзи муштумзўр) ҳам экан.
Кўпчилик, ижтимоий тармоқларда буни "
ўзбекча бошқарув услуби" деб номлабди. Чунки, хусусий секторни қўя туринг, давлат ташкилотларида ҳам субординация хақорат, камситиш ва муштумзўрлик орқали ушлаб турилади. Бунга мисол келтириш учун узоққа бориш шарт эмас:
мен Англияга келган сезонниклар орасида ўқитувчи, Ўзбекистонда Суд раиси ёрдамчиси, ва Қашқадарёда банкда бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган ватандошларимизни ўз кўзим билан учратиб гаплашганман.
Улар келиш сабабини пулга боғлашган эди. Лекин кечирасиз-у, Ўзбекистон банклари триллионлаб кредит чиқараётган бир пайтда одам сал "entrepreneurial mind"ни ишлатиб, пулга бўлган эхтиёжларини қондириши мумкин.
Келинг холис бўлайлик, одамлар кетишига сабаб бу пул эмас, нотўғри ташкил қилинган менеджмент ва ўзи менталитет деб қабул қилинишга ўтган "ўзбекча бошқарув услуби"дир.
Аслида, бу борасида қилиниши керак бўлган илмий ишлар кўп (
Давлат бошқарув Академиясидагилар шунақа мавзуларни кўтариб чиқишса яхши бўларди).
Японлар ҳам ривожланаётган пайтларида бошқарув маданиятини бутунлай ўзгартириб юборган Кайзен идеологиясини шунчаки ўйлаб топишмаган. Улар анализ қилишади, ўзгартиришади ва энг муҳими бу ўзгартириш тепадан келади. Японияни ютуғларини эса мана бу битта
постда тўғри тушунтирганман.
Агар биз ҳам шу нарсани ҳозир қилсак, бизда одам капитали Ўзбек иқтисодиётининг асосий бўғинига айланади, Англияда Қишлоқ йиғим-терим, ва қурилиш саноатларининг эмас.
Лекин бу осон ишми? Йўқ, албатта. Ҳамма иш хар бир индивидуални ўзини ўзгартиришидан бошланиши керак. Куч ишлатиш, хақорат билан фақатгина қисқа мақсадларга эришиб бўлишини тушуна олиши учун эса кучли таълим тизими керак бўлади.
Таълим тизими деб фақат мактаб ёки университетни айтаётганим йўқ. Маданият вазирлиги жамиятда комплекс маданиятни ўзгартиришга маъсул бўлиши керак. Озодбек Назарбеков нечи миллардлик кераги йўқ шоулар ўтказиш ўрнига, одамларнинг қадриятларига, шахсиятига ижобий таъсир қиладиган лойиҳалар бошлаши керак.
Мисол учун, қисқа роликлар бўлсин, лекин ҳаётдаги ҳар бир вазиятда қандай йўл тутиш кераклиги кўрсатилсин. Ҳозир буни инста-блоггерлар қилишаяпти. Мақсад бойлик орттириш ёки просмотр кўпайтириш бўлганлиги учун контентлар юмор билан бошланиб, юмор билан тугаяпти.
Ўзим MBA (Бизнес Бошқаруви) ўқиганим учун бугунги мавзуни ёзишга қарор қилдим. Тўғри бошқарув бу ярим миллиардлик бойлик. Тўғри бошқарувни эса одам ўзини (
тилини ва муштини) бошқаришдан бошлаши керак.
Ҳақорат ва куч ишлатиш муаммоларга ечим эмас, яна бир муаммо эканлигини тушунганида Ўзбекистон ҳам миллат сифатида, ҳам давлат сифатида ривожланади.