Очкўзлик – хорлик, кек сақлаш – душманлик, дунё истагига тобеъ бўлиш – пушаймонлик, астойдил сўраш – раҳмат, қаноат роҳат калитидир.Изоҳ. Қорин очлиги билан кўз очлигининг фарқи бор.
Қорни оч киши еса, тўяди. Кўзи оч кимсани ҳар қанча таом тўйдиролмайди. Чунки унинг қорни ошқозонда эмас, жонда! Очлик жонига сингиб кетган. То тирик экан, у – оч, балки тириклик унинг учун муҳтожликдан иборат. Бундан ортиқ хорлик бўладими?!
Кек сақлаш душманлик эшигини очувчи калитдир. Дўстингиз билан бир масалада тортишиб қолдингиз, гап орасида дилингизни оғритадиган сўзлар унинг оғзидан чиқиб кетди. Вақт ўтди. Кейинги учрашувингизда у очиқ юз билан сизга салом берди. Сиз унинг самимий саломига муносиб алик олмадингиз. Мана шу кекдир, битган ярани тирнаб қонатишдир. Бу кетишда жароҳат чуқурлашади, дўстлик эшиги ёпилиб, адоват эшиги очилади, кекчи ўзига яна бир душман орттиради.
Одамлардан узлат қилган Довуд Тоийдан сўралди:
– Нега одамларга аралашмайсиз?
– Айбларимни мендан яширадиган қавм билан нима ҳам қилолардим, – деб жавоб берди Довуд Тоий.
Демак, ўтган улуғларимиз ўзгаларга танбеҳ бериш билан ўзларининг айбларига эътиборини қаратиш йўлидан борган. Биз нима қиламиз? Айбларимизни юзимизга айтган киши душманимизга айланади, унга нисбатан кек сақлаймиз. Бу иймон заифлигидан бошқа нарса эмас.
Дунёнинг охири жардир. Унга етаман деган киши тубсиз жар томон шошаётган бўлади. Истак қанча кучли бўлса, қулашини англаш шунча секинлашади. Жар ёқасига келиб қолганида эса орқага йўл йўқлигини англайди. «Оҳ» уриб, афсус-надомат қилади, пушаймонлигининг чегараси бўлмайди.
Эшик тинимсиз қоқилса, охири очилади. Оллоҳ марҳамати кенг Зот.
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бандаларим Сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. (Шунда) шояд Тўғри Йўлни топсалар» (Бақара сураси, 186-оят).“Унвонул баён”дан.
Улашинг ↘️👇
https://t.me/madrasa_masjiduz