#Bir_kitob_haqida
ГОДОнинг БЎРИсиМенга узлат керак. Ўзимни таҳлил қилиб олишим учун ҳашаматдан ҳоли, умримдек нураб бораётган ҳужра керак менга. Нега айнан шундай? Тавба, нега руҳий изтироб, кечинмалар учун кўҳна бошпаналар танланади қадимдан? Нега қаср ярамайди? Нега Яссавий ер остига кириб кетди? Диоген нега бочкага қамалиб олди? Мураками нега уйидан деярли чиқмайди?
"Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин" асари қаҳрамони банкрот бўлган фабрикани танлайди. У жараён ҳадемай тўхташи муқаррарлигини биларди. Барибир...
Фабрика – ташқи муҳитдан иҳоталанган ҳужра!
Фабрика – ўз-ўзинг билан суҳбатлашиш, хаёл суриш, фикрлашга имкон қолдирмаётган дунёдаги ягона тинч маскан.
Фабрика – ичкари. Ичкарининг ичкариси.
...Осмондан тушган одам тақдири ҳаммамизнинг пешонамизда бор. Номаълум қабрда ётибди у. Қай биримиз осмондан тушмаганмиз?! Осмондан тушганлар, осмондан тушганини унутганлар учун доим қизиқ.
Энди фабрика – ичкарига бўри оралайди. Ораламайди, тахмин қилади ошпаз бўри юрганини. Кўрдим дейди бўрини. Ўз кўзларим билан кўрдим. Ваҳима бошланди. Бўри фабрика бошлиғининг сўниб қолган ғужурини уйғотиб юборадиган туртки. Айнан бўри ҳаммасини: ошпаз, бошлиқ, қоровул, ёпилишга тушган фабрика – дунёни янгилаб юбора олиш қудратига эга КУЧ. Лекин аввал уни топиш керак!
Қани у?
Годога ўхшайди бу бўри. Уни интиқ кутадилар. Кўриниш бермайди ҳатто. "Чўл бўриси" каби ҳамманинг ичида яшайдими ё бу бўри? Унда нега уни реаллаштиришди? Нега унга тузоқ қўйиб, чоҳ қазишди? Агар бўри келса, фабрика(дунёлари)даги ланжликни ғажиб ташлай олармиди? Ҳар ҳолда шундай тахмин қилишарди. Ва тўсатдан қахрамон хонасида пайдо бўлди у. Тахайюлида. Тасаввур яратган ҳодиса хаёлотда моддийлашиб нигоҳ қадалган ерда намоён бўлади. Энди бўри қўрқинчли эмас, аввал ҳам фақат қизиқарли, сирли эди. Бор-йўғи ахлат титар бўри бўлса, ундан хавфсираш мумкинми? Овқат қолдиқлари билан озиқланувчи бўрини тасаввур қилоласизми?
Назар Эшонқулнинг "Боҳоуддиннинг ити" ҳикоясидаги дайди итга эврилган ходим каби, бу қаҳрамон ҳам бўрини кўриб, фабрикадан чиққанда, одамлар унда бўрини, бўри билан бирга яшаётган одамни кўришаётганини сеза бошлади. Лекин бўри ўзидан бошқа на ошпаз, на бошлиққа кўринди. Чунки улардаги ишонч, фабрика – дунёларини, кўҳна дунёларини асраб қололадиган ғужур, ҳиссиётлар ўлиб бўлганди аллақачон...
Асар жуда равон ёзилган. Балки таржимон Гулноз Набиеванинггина маҳоратидир бу? Ёзилиш услубидаги тажрибалар эса шоиримиз Фахриёрнинг "Геометрик баҳор"ини ёдга солди.
Адабиёт информация эмас, санъаткорона ишораларга қурилишини яққол кўрасиз китобда. Фалончини пистончи туғдириб қўйибди, пистончини фалончи сўйиб қўйибди... булар хабар. Оний. Келади, кетади. Агар бу санъаткорона ифодаланса, уни аввал мия чақади, тафаккур озиқланади ва хотирага муҳрлайди. Узо-о-оқ яшаб қолади ҳам...
...Бўри энди бемалол юрибди – ИЧКАРИДА...
©️ ЖонтемирA📚
@kitoblar_apk