Кириш имтиҳонлар тугаб, натижалар таҳлил қилинадиган вақт келди. Афсуски, бизда Олий таълим ҳаммани тўлиқ қоплай олмайди. Укаларимизнинг, сингилларимизнинг 80 фоизи талаба бўлиш бахтига етишолмайди.
Талаба бўлганларни табриклайман, улар ўқиб, ўз устида ишлаб, келажакларини қуриш учун камида 4 йиллик бонусга эга бўлишди.
Талаба бўлолмаганларга бўлса алоҳида мурожаатим бор:
Севимли китобларимдан бири Уолтер Айзексоннинг "Стив Жобс" биографиясини ўқиганимда қаҳрамон ҳаётда жуда кўп қоқилганлигига гувоҳ бўлгандим. Ундан кейин Ганди, Франклин, Безос, Жек Ма ва ўнлаб инсонларнинг ҳаётини ўқиб, улар жуда кўп хатолар қилганликлари, тўсиқларга учраганликларини кўрдим.
Гарри Потернинг онаси Роулинг хонимнинг биринчи китоби чоп этилгунча 10та нашриёт рад этган. Стив Жобс ҳаётининг бир қисмида ўзи яратган Apple дан кетишга мажбур бўлган. Жек Ма ҳаётда қайта ва қайта қоқилган. Буюкларнинг буюклиги балки муаммолардан қўрқмай қўйганлигидадир.
Ўқиганим сари одам қанча кўп муваффақиятсизликка учраса шунча кўп тажрибага эга бўлишини тушундим. Одам курашавериб, курашишда чемпион бўлиб кетаркан.
Бугун қайсидир иши ўхшамаган, қаердадир қоқилган, масалан талаба бўлолмаган укам, синглим, бу ҳаётнинг охири эмас. Ҳали олдингда узоқ ҳаёт, катта қадамлар турибди. Қилган хатойингдан, муваффақиятсизлигингдан керакли хулосани чиқар, таҳлил қил ва ўзингни қўлга олиб курашишда давом эт.
Агар орзуйинг келажакда етук доктор, олим, ўқитувчи ёки дастурчи бўлиш бўлса, бу йўлдан асло чекинма. Ҳар қандай тўсиқ сани мақсад йўлида янада иродали, янада кучли қилсин! Бу ҳаёт майдонида курашишга, бошқалардан устун бўлишга мажбурсан. Хатолар, муваффақиятсизликларни мақсад йўлида шунчаки навбатдаги сакраб ўтилиши керак бўлган тўсиқ деб кўр. Тўсиқдан сакраб ўтолмадингми, унда машқ қил, ўзингни чиниқдир, бугун бўлмаса етарли даражада кучли бўлганингда сакраб ўтасан.
Хатойингни таҳлил қилда, газини бос. Шу йил ўхшамаса, кейинги йили ўхшайди. Орзуйинг учун, ўзинг учун кураш. Политехда талаба бўлолмасанг, Германияда бўларсан! Лекин, ҳеч қачон ўз орзуйингдан воз кечма!
@allaevuzb