АСОСИЙ ИШИМДАН ТАЪТИЛГА ЧИҚДИМ, ШУНДА ЎРИНДОШЛИК ИШИМДАГИ ТАЪТИЛИМ НИМА БЎЛАДИ?
САВОЛ.Ассалому-алайкум. Мен асосий иш жойимдан ташқари, бошқа корхонада ўриндошлик бўйича ишлайман. Ўриндошлик ишим бошланганига 4 ой бўлди. Келаси хафтадан асосий иш жойимдан отпускага чиқмоқчиман. Бу ҳақида ўриндошлик жойимга айтсам, бу ердаги бухгалтер бизга буни алоқаси йўқ деяпти. Лекин мен отпускага чиқиб, чет элда даволаниб келмоқчи эдим. Нима қилсам тўғри бўлади?
ЖАВОБ.Ўриндошлик жойингиздаги бухгалтер нотўғри айтибди. Чунки, Меҳнат кодексининг 439-моддасига асосан ўриндош ходим асосий иш жойидан меҳнат таътилига чиққанда, асосий иш жойидаги меҳнат таътили билан бир вақтда ўриндошлик жойидан ҳам таътил берилиши шарт.
Бу қоидадан кўринадики, ходим асосий иш жойидан меҳнат таътилига чиққанида, ходим ўриндошлик жойига ҳам бу ҳақида хабар бериши керак. Шунда ўриндошлик жойидаги иш жойингиз сизга асосий меҳнат таътили давомийлигига мос равишда меҳнат таътили беради.
Бу қоидалар энг аввало, ходимнинг соғлиғи ва ишлаш имкониятини тиклашни мақсад қилган. Ахир ўзиз ўйлаб кўринг, асосий иш жойидан таътил олиб, ўриндошлик жойидан таътил олмаса, таътилнинг аҳамияти қаерда қолади.
Қаранг, агар асосий иш жойингиздаги меҳнат таътили давомийлиги ўриндошлик жойидаги таътил давомийлигидан кўпроқ бўлса, муаммо чиқади тўғрими?
Бундай ҳолатларда МК 439-моддасининг учинчи қисмига асосан иш берувчи ўртадаги етишмаган ва фарқ кунларига ходимнинг илтимосига асосан иш ҳақи сақланмаган таътил бериши шарт.
Энди охирги савол қоляпти: сиз ўриндошлик ишига кирганингизга бор-йўғи 4 ой бўлган, тўғрими?
МК 439-моддасининг иккинчи қисмига кўра агар ходимнинг ўриндошлик иши бошланганига 6 ой бўлмаган бўлса, ўриндошлик жойидаги меҳнат таътили учун ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади. Агар ўриндошлик иши бошланганига 6 ойдан ошган бўлса, таътил пули ўриндошлик иши бўйича ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб тўлиқ тўланади.
Хулоса шундай: ➖сизга ўриндошлик ишингиздан асосий иш жойингиздаги меҳнат таътили билан бир вақтда меҳнат таътили берилиши шарт. Бунинг учун, ўриндошлик жойингизга расман ариза ёзинг, аризага асосий иш жойингиздан меҳнат таътилига кетиш ҳақидаги хабарнома (МК 228-моддаси)ни илова қилинг. Бироқ, ўриндошлик ишингизга 6 ой бўлмаганлиги учун, у ердаги таътил пули амалда ишлаган вақтингизга мутаносиб равишда тўланади, шуни ҳам унутманг.
👉
@yuristkadr