Жаноб Мадлен жавоб бермади.
– Ва ташқарида қаттиқ совуқ эканлигини? – деб давом этди фламандлик.
Жаноб Мадлен жим турди.
– Ва ёмғир ёғиб кетиши мумкинлигиниям?
Жаноб Мадлен бошини кўтариб деди:
– Эртага соат тўрт яримда тильбюри ва от уйимнинг олдида туриши керак.
– Тушунарли, жаноб мэр, – деб жавоб берди Скофлер. Кейин эса, бош бармоғи билан ёғоч стол устидаги доғни тирнаб, фламандларга хос бўлган айёрликни бепарволик билан беркитишга ҳаракат қилиб қўшимча қилди:
– Ҳа! Ҳозир эслаб қолдим! Ахир сиз, жаноб мэр, ҳали қаерга кетаётганингизни айтмадингиз. Қаерга кетяпсиз, жаноб мэр?
У бу ҳақда гап бошланганидан бери ўйлаб келарди, лекин нима учундир бу саволни беришга журъат қилолмасди.
– Сизнинг отингиз олд туёқлари яхши ва мустаҳкамми? – деб сўради жаноб Мадлен.
– Ҳа, албатта, жаноб мэр. Фақат пастга тушишда сал эҳтиёт бўлсангиз бўлди. Бу ердан сиз бораётган жойгача қанча пастликлар бор?
– Эсингизда тутинг: соат тўрт яримда менинг уйим олдида бўлинг, – деди жаноб Мадлен ва чиқиб кетди.
Фламандлик «ахмоқ бўлиб қолдим» деб кейин тан олган эди.
Жаноб мэр кетганидан икки-уч дақиқа ҳам ўтмасдан эшик яна очилди; бу яна жаноб мэр эди. Унинг юзи аввалгидек бепарво ва уйчан кўринишда эди.
– Жаноб Скофлер, – деб сўради у, – сиз от ва тильбюрини қанчага баҳолайсиз?
– Нима, сиз уларни сотиб олмоқчимисиз, жаноб мэр?
– Йўқ, лекин ҳар эҳтимолга қарши уларнинг нархини кафолатламоқчиман. Қайтиб келганимда, сиз менга бу пулларни қайтариб берасиз. От ва кабриолетга қанча нарх белгилайсиз?
– Беш юз франк, жаноб мэр.
– Мана олиб қўйинг.
Жаноб Мадлен стол устига банкнота қўйди, сўнг чиқиб кетди ва бу сафар қайтиб келмади.
Скофлер минг франк сўрамаганига афсусланди . Аслида эса, от ва тильбюри биргаликда қўшиб хисобланганда хам юз экюдан кўпга арзимасди.
Фламандлик хотинини чақириб, ҳаммасини унга сўзлаб берди. У қайси томонга кетаётган бўлиши мумкин? Эр-хотин буни муҳокама қила бошладилар.
– У Парижга кетаётган бўлиши мумкин, – деди хотини.
— Менимча, йўқ, — деб жавоб қайтарди эри.
Жаноб Мадлен камин устида рақамлар ёзилган қоғоз парчасини унутган эди. Фламандиялик уни олиб, диққат билан кўздан кечирди.
— Беш, олти, саккиз ярим. Бу, эҳтимол, почта станциялари орасидаги масофани англатади.
У хотини томон бурилди.
— Тушундим.
— Нимани ?
— Бу ердан Эсденгача беш мил, Эсдендан Сен-Польгача олти мил, Сен-Польдан Аррасгача саккиз ярим мил. Демак, у Аррасга кетаётган бўлиши мумкин.
Шу вақтда жаноб Мадлен уйига қайтиб келган эди.
У орқа йўлдан, энг узоқроқ йўл билан келди, гўё черков уйининг эшиги уни васвасага солаётгандек эди ва у бундан қочмоқчи бўлгандай туюларди. У тўғри ўз хонасига кўтарилди ва эшикни қулфлади, бу эса одатий ҳол эди; у эрта ётишни ёқтирарди. Шундай бўлса-да, фабрика қўриқчиси, бир вақтнинг ўзида жаноб Мадленнинг ягона хизматкори бўлган аёл, унинг хонасида чироқ тўққиз яримда ўчганини пайқади ва бу ҳақда уйга қайтаётган кассирга айтди,ва қўшимча қилиб:
— Жаноб шаҳар ҳокими касал бўлиб қолмадимикан? Бугун у жуда ғалати кўринади.
Бу кассирнинг хонаси айнан жаноб Мадленнинг хонаси остида жойлашган эди. У қўриқчининг гапига эътибор бермади,ва ётиб ухлади. Тун яримида у тўсатдан уйғонди: уйқусираган ҳолда, тепасида қандайдир шовқинни эшитди. У диққат билан тинглади. Бу қадам товушлари эди: тепада кимдир олдинга-ва орқага юрганга ўхшарди. У яна диққат билан тинглади ва жаноб Мадленнинг қадам товушларини таниди. Бу уни ҳайрон қолдирди: одатда, жаноб Мадленнинг ётоқхонасида тонггача, яъни у уйғонгунича, жимжитлик ҳукмрон бўларди. Бир дақиқадан кейин кассир яна бир шовқинни эшитди, гўё шкафи эшиги очилиб, қайта ёпилгандай бўлди . Кейин биронта мебел жойидан силжитилгандай туюлди, сўнгра сукунат ҳукмрон бўлди — ва яна қадам товушлари эшитилди.
Кассир ётоғидан туриб ўтириб олди,у бутунлай уйғониб кетганди, атрофга назар ташлади ва ойна орқали қаршисидаги деворда қизғиш нурнинг аксини кўрди. Нурнинг йўналишига қараганда, бу жаноб Мадленнинг ётоқхонасидан бўлиши мумкин эди. Нур милтирарди; гўё уни лампа эмас, балки ёнган камин ёритиб тургандай.