#Ислом_адабиёти
Кўнгилни денгиз қилмоқ керак
Денгиз тўлқинлари устида пайдо бўладиган кўпиклар, мажоз ва ҳақиқат тарзида гўзал ва мукаммал ифодалар билан баён этилади. Инсон фақат кўпикларни томоша қилиш билан кифояланиб қолмаслиги керак, балки, денгизнинг қудратига диққат қилмоғи, ўз кўнглини денгиз қилмоғи керак. Фақат кўпикларни кўриб, аммо денгизни кўрмайдиган зоҳирий фикр ва нигоҳ билан эмас, балки кўпикларнинг сири ва айланишига сабаб бўлган денгизни кўрадиган дил кўзи билан боқмоғи керак инсон. Чунончи, ҳазрати Мавлоно айтадилар:
«Эй бу (тариқат) йўл(и)ни қадамба-қадам босмоққа қарор қилган инсон! Сен ҳали хомнинг хомисан, хомнинг хомисан, хомнинг хомисан!
Тегирмон тошининг айланишини кўрдингми, кел, (бу тошни айлантирган) ариқ сувини ҳам кўргил, ахир!
Тупроқни кўрдингки, (тўзон бўлиб) ҳавога кўтарилди. Энди бу тупроқ, тўзон орасидаги шамолни ҳам кўргил!
Фикр қозонларининг қайнаганини кўрдингми, бас, (бу фикр қозонларини қайнатган) олов ичидаги ҳушга – онгу идрокка ҳам назар қил!
Ҳақ таоло Айюб алайҳиссаломга икром-эҳсонларини сўзлаган маҳалда: «Мен сенинг ҳар бир тола сочингга сабр бердим!» деди.
Огоҳ бўл, сабрингга бунча маҳлиё бўлма, сабрни кўрдингми, сабрни берган Зотни ҳам кўргил!
Қачонки дулоб, яъни қудуқдан сув чиқарадиган чиғир ёки чархпалакнинг айланганини кўрсанг, бошингни ташқарига чиқариб, миробни – сувнинг амирини ҳам кўргил!
Сен кўряпман, деб айтасан, лекин сен кўрган нарсалар (ул яширин қудратнинг) ошкор бўлган аломатлари, холос
Сен денгиз юзидаги кўпиклар ҳаракатини кўрдингми, қисқаси, ҳайратларга тушиб, денгизнинг ўзига ҳам боқ!»
🔗
Тўлиқ ўқиш: https://islom.uz/maqola/23303🕋
@islomuz