Ассалому алайкум!
Кеча қўйилган насия савдо ҳақидаги тест савол-жавобга 47 фоиз обуначи нотўғри жавоб берган ва албатта жуда ачинарли ҳол. Зеро, бир неча йилдан бери биз насия савдо, хусусан муробаҳа, мусавама, тақсит каби мавзуларда жуда кўп мақола, маълумот, савол-жавобларни телеграм саҳифамиз (
@IslomMoliyasi) ва сайтимизда (
https://islommoliyasi.uz/uz/) қўйганмиз. Обуначиларимизга телеграм саҳифамиз ва сайтимизга кириб калит сўзларни (насия савдо, муробаҳа, мусавама, тақсит...) қидирувга бериб аввал бу мавзуда қўйилган мақола ва маълумотларни ўқиб чиқишни маслаҳат берамиз. Мусулмон инсон ўз динининг талабларини, айниқса муомалот, яъни бошқа инсонлар билан иқтисодий-молиявий муносабатларга оид шариат қонун қоидаларини билиши керак, акс ҳолда рибога ёки ботил (бекор) ва фосид (нотўғри, нўқсонли) амалиётларги киришиб қолиши ва зиммасига ўзи билмаган ҳолда оғир гуноҳларни олиши мумкин. Маълумки, маълумот турганда уни ўқиб ўрганмасдан, “мен буни билмасдим” дейиш савол-жавобни енгиллаштирмайди.
Қўйилган тест савол-жавобга келадиган бўлсак, нотўғри жавоб берган обуначиларимиз асосий қоидани, яъни НАСИЯ САВДО ҲАМ ХУДДИ НАҚД САВДО КАБИ эканлигини билишмайди ёки буни эътиборсиз қолдиришган.
Насия савдо асосида мол сотиб олган шахс, ўша молни пулини ҳали (тўлиқ) бермаган бўлса ҳам, сотувчи билан ийжоб (таклиф) ва қабул асосида олди берди қилиши биланоқ молнинг эгалиги унга ўтади ва у молни истаганича тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлади.Шу билан бирга, агар сотувчи қимматроқ молини насияга сотаётган бўлса, у ҳолда у бундай битим билан боғлиқ таваккалчилик хатарини камайтириш учун сотаётган молини гаровга олиши мумкин. Бу ҳолатда харидор молни тўлиқ эгаси ҳисоблансада, мол гаровдалиги учун (пулини тўлиқ тўлаб бўлмагунча) уни бошқа бировларга сотолмайди. Агар харидор тўловга қийналиб қолса, у ҳолда у ўша сотиб олинган молни гаровга олган сотувчи билан келишиб учинчи томонга сотиб молнинг пулини сотувчига бериши бериши мумкин. Агар бунда сотувдан тушган пул насияга олинган мол бўйича қарзни ёпишга етмаса, харидор яна пул топиб қарзни ёпиши керак бўлади. Валлоҳу аълам.