ҚОНУНСИЗ ҚОНУНБУЗИЛИШЛАР
(ЁХУД ДАХЛСИЗ ОТА-ОНАЛАР ҲАҚИДА)
Халқимизда “Бир болага - етти маҳалла ота-она”, деган нақл бор. Тўғрироғи бор эди. Энди-чи? Бола тарбиясида, унинг хулқида, ножўя ҳатти ҳаракатида ота-онанинг ҳам, маҳалла куйнинг ҳам роли, аҳамияти мутлақо унутилгандек. Болалар билан боғлиқ бирор кор ҳол юз берса ё ўқитувчи, таътил пайти бўлса йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини айбдор қилиб қўяқолишади.
Бунга мисол қилиб эса бугунги кунда ижтимоий тармаоқларда айланаётган - транспорт воситаларининг оқимига қарама-қарши тарзда 4 нафар ёш болалар электроскутерда ҳаракатланаётгани тўғрисидаги видеотасвирдир.
Ушбу видеотасвир Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги М39 автомобиль йўлида, автомобиллар учун мўлжалланган қатнов қисмида юз бергани айтилиб, шундай хулоса қилинган:
“Инсон қадри шуми? Қачон буни тартибга солишади. ГАИ акаларимиз қаерга қараяпти, ИИВ ЙХХББ дан расмий муносабат кутиб қоламиз”
Энди холисона айтинг-чи. Бу ерда ким айбдор?
Ушбу ҳаракатланиш воситасининг Ўзбекистонда ҳаракатланиши бўйича ҳеч қандай меъёрий норма ва ҳужжатлари бўлмасада уни олиб келиб сотаётган тадбиркорларми?
Иложи бўлса вояга етмаган ҳар бир боласига биттадан скутер олиб бериб “тинч қулоғим”, дея катта кўчага чиқариб юбораётган ота-онами?
Ёки бундай ҳолатларга дуч келсада юқоридаги нақлга амал қилиш, болаларни тартибга чақириш, ота-онасига хабар бериш ўрнига уни тасвирга олиб тарқатиб - ё ўқитувчини, ё ГАИ ходимини айблаётганларми?
Қачонгача бировнинг боласи, унинг ножўя ҳаракати учун ё ўқитувчи, ё ўша куни, ўша кўчада хизмат вазифаси белгиланмаган ГАИ ходими жавоб бериши керак?
Бу борада ота-оналарнинг қатъий жавобгарлиги ва четдан олиб келинаётган ёки ўзимизда ишлаб чиқарилаётган, ҳамда болаларимиз ҳаёти учун хавф туғдираётган бундай воситаларнинг ҳаракатланиши бўйича меъёрий ҳужжат, қарор ёки қонун ишлаб чиқилмас экан - бундай ҳолатлар такрорланаверади. Қонун бўлмасада қонунбузилишлар содир бўлаверади. Айбсизлар айбдорга чиқаверади. Энг қўрқинчлиси - болаларимизнинг ҳаёти хавф остида қолаверади...
Мирзабек ЖАПАҚОВ, ҳуқуқшунос журналист.
RuTube |
Telegram |
YouTube |
instagram |
@inspectoruztv?lang=ru-RU' rel='nofollow'>TikTok |
Aloqa 📲