Франция аҳмоқлар юртига айланиши учун 300 та зиёли уни тарк этиши кифоя. Бу Блез Паскалнинг гапи эди. Блез Паскал бу гапини бугунда Европанинг энг илғор давлатидан бирига нисбатан айтган эди. Балки унинг гапларида бўрттириш бордир. Лекин айнан Паскал каби зиёлилар туфайли Франция бугун Европанинг ҳар соҳадаги локомотивларидан бири бўлиб турибди. Тарихда миллатнинг, юртнинг ривожида зиёлиларнинг ўрни беқиёс бўлган. Жадидилар қатағон қилинганда Ўзбекистон мисолида Блез Паскалнинг гаплари исботлангандек туюлиши ҳам мумкин. Хўш, бугунги кунда ҳам миллат зиёлилар фундаментига олдингидек муҳтожми? Бир қарашда ғарбда классик маънода зиёли қатлам тушунчаси муомаладан чиққандек туюлади. Аниқ бир қатлам ўрнига тор доирадаги соҳа мутахассислари эгаллагандек. Аммо шунга қарамасдан давлат идеологиясига айнан шу мутахассислар ишлов бераётганини сезиш мумкин. Тараққиётни ҳам айнан шу қатлам белгилаяпти. Ричард Фейнман "Thereʼs Plenty of Room at the Bottom" деб номланган мурожаати билан нанотехнологияларни культ даражасига кўтариб қўйган.
Зиёлилар миллатнинг ривожланиш векторини белгилаб берадиган қатлам экан, уларни бошқалардан ажралиб турадиган жиҳатлари қизиқ туюлган. Классик тушунчада олий маълумот муҳим роль ўйнайди. Аммо бугун Университетларимиз пачкалаб битирувчиларни қўлида диплом билан такси рулига ва ёқилғи қўйиш шаҳобчаларига жўнатаётганда бу жиҳат зиёлиларни идентификация қилиш учун етарли эмаслиги кўриниб қолади. Кийиниш, этикет, келиб чиқиш ёки суҳбат олиб бориш манераси ҳам замоннинг синовига бардош бера олмади. Бугун зиёли қатламни фақат унинг нима ҳақида ва қандай гапиришига қараб аниқлаш мумкин холос.
Мана шу ерда эҳтиёт бўлиш керак. Узоқ йиллик сукунатдан сўнг гапиргичлар кўпайиб кетди. Ижтимоий тармоқлардан тортиб, телевидение ёки реал ҳаётдаги бошқа минбарлардан турли инсонлар чиқиш қилиб, аудиторияда ўзига бўлган симпатия улушини олишяпти. Лекин уларни ҳаммасини миллатни олға бошловчи зиёли дея оламизми? Умуман олганда зиёлиларни идентификация қилиш учун умумий қабул қилинган индикаторлар борми? Тўғрисини айтса, умумий индикаторлар йўқ. Бугун худди миллат каби зиёлилар ҳам аморф тушунчага айланиб бормоқда. Лекин ҳар бир одамнинг ўз тушунчасида зиёлиларни аниқловчи индикаторлари бўлиши мумкин. Мен сохта зиёлиларни аниқлашда ёрдам берадиган шахсий индикаторларим билан таништиришим мумкин. Улар менда бугунги кунда актуал бўлган мавзуларга зиёлилар ва сохта зиёлиларнинг фикрларини кузатишларим орқали шаклланган.
Демак, сохта зиёлиларни аниқ муаммолар мисолида аниқлаймиз.
- Дабдабаларни ва исрофгарчиликларни қисқартириш учун кўп кишилик тўйларни тақиқлашни таклиф қилган инсон - зиёли эмас;
- Аёллари ва қизларнинг кийимини муҳокама қиладиган ва тинмай одоб ахлоқдан гапирадиган - зиёли эмас;
- Қанақа ҳукумат бўлишидан қатъий назар унга хизмат қиладиган ўқимишли инсон - зиёли эмас;
- Дунёвий, ҳуқуқий ва илмий масалаларга фақат диний парадигма орқали қарайдиганлар - зиёли эмас;
- Илмий аниқ исботи бўлган назариялардан чўпчак ва ривоятларни устун қўядиган аҳли илм - зиёли эмас;
- Ўзбекчилик, маънавият, миллий менталитетимиз каби сўзларсиз гапира олмайдиганлар - зиёли эмас;
- Фикр эгасининг фикридан, унинг келиб чиқиши, жинси, ёши ва физиологик ҳолати каби шахсийлигини устун қўйган инсон - зиёли эмас.
Маҳалла/колхоз раиси ёки оқсоқол зиёлилик мақоми эмас. Салла ёки галстук ҳам зиёлилик атрибути эмас.
Сохта зиёлилар миллатни орқага тортувчи хавфли куч ҳисобланади. Фарзандларимизни маънавиятчиларимиздан қандай ҳимоя қилиш керак бўлса, сохта зиёлилардан ҳам шундай ҳимоя қилайлик. Фақат тафаккур, танқидий фикрлаш қобилияти ва фундаментал билим бизни улардан қутқара олади.
✅Ps: маълумотларни бошқа илмий доираларга ҳам юбориб қўйинг.
🚀Каналга уланишни унутманг
@ILM_NUR_2020