МИНБАРДА АЙТИЛГАН "ТЕЗ ЁРДАМ"
"Тез ёрдам" хизматига бўлган ишончим кўкка совурилди. Турмуш ўртоғимнинг қон босими 140га кўтарилиб кетди, бу одатдаги меъёрдан 50 га ортиқ эди. Вужуди қалтириб, кўнгил айнаш бошланди.
Тиббиётдан олис инсон бундай пайтда нажотни "Тез ёрдам"дан кутади.
2025 йил 7 февраль куни кеч соат 21.47 да "103" рақамини тердим. Операторга уй манзилим, бемор ва ҳасталик тўғрисидаги маълумотни тақдим этдим.
Соғлиқни сақлаш вазири ўзининг чиқишларидан бирида "Тез ёрдам" Тошкент шаҳрида узоғи билан 10-15 дақиқада чақириқ бўйича етиб боришини таъкидлаганди.
20,30,40,50 дақиқа ўтдики, кўзимиз эшикка қадалган. Бу орада беш марта операторга чиқдим. Жавоб бир хил:"Чақириқ кўп, тайинлаймиз, етиб боришади".
Умид сўнишни бошлагач, соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Ишонч телефони" ҳисобланган 1023 қисқа, 71-241-10-65 рақамли шаҳар телефонларига уланишга уриндим. Гўшакни кўтарадиган инсон йўқ.
Яна "103"га тераман. Операторлардан бири билан бўлган диалогимизга қаранг.
- Қўнғироқ қилганимизга анча бўлди. Қачон келади?!
- Муҳтарам фуқаро. Боришади. Чақириқ кўп.
Тилидан бол томиши безовта кўнглимга таскин бермайди.
-Ҳа, келмаяпти-ку, нима қилишим керак?!
Оператор чорасизлигимни маслаҳат сўраш деб тушунган кўринади, телефон орқали биринчи ёрдам кўрсатишни тушунтирадиган шифокорга улаб юборди.
- Бошини баланд кўтаринг, хонани шамоллатинг, юзини совуқ сувда ювинг... Кутинг, тезлатамиз.
Бир соат ўтди. Дарак йўқ. Роппа-роса 1 соату 7 дақиқада тиббиёт ходимлари кириб келишди. Мана сизга тез ёрдам сифати. Аёлим ваннахонада яна кўнгли бузилиб турганди. Шифокор қон босимини ўлчаганди, 150 га чиқиб бўлган экан. Зудлик билан укол қилишди, юракка дори беришди. Келгунга қадар узоқ вақт ўтгани сабаб асабийлашган кўринаман. Ўзимда ҳам юрак ўйноғи уйғониб қолди. Шифокор қон босимимни ўлчаб, корвалол ичирди.
Икки кун бурун бир танишим илкис юрак ҳуружидан вафот этди. Бир ойдан сал зиёдроқ вақт 57 ёшга кирганди. Ҳар хил ўйлар бошимда чарх урарди.
Тиббий кўмакка муҳтож бўлишингдан бир соатларча олдин "Тез ёрдам" рақамини териш керак эканми?!
Эрталаб хусусий шифохонага чиқишга қарор қилдик. Давлат тиббиёт муассасаларига тушадиган зўриқишнинг олдини олишга ҳисса қўшиш керак-ку!
Ғайрат Болтабоев
https://t.me/Hurfikruznews