КИТ ЭШКАКЧИНИ ЮТИБ ЮБОРДИ“Associated Press” хабарига кўра, Чили Патагонияси қирғоқларида кит 20 ёшли эшкакчини ютиб юборди, бир неча сониядан сўнг уни ташқарига улоқтирди.
Адриан Симанкас отаси билан бирга Магеллан бўғозидаги Сан-Исидро майоғи яқинидаги қайиқда саёҳат қилаётган бўлган. Бир оз вақт ўтгач, сув юзасига чиққан кит Адрианни қайиғи билан бирга ютган, кейин эса ташқарига улоқтирган.
—Мен ўзимни ўлган деб ўйлагандим,- дейди Адриан.
Юз бераётган воқеадан бир неча метр нарида турган ота буни видеога олиб, ўғлини хотиржам бўлишга ундаган.
Адриан сув юзасига чиққанидан кейингина ҳақиқий қўрқув ҳис қилгани, баҳайбат кит отасига зарар етказишидан ёки ўзи муздек сувда ҳалок бўлишидан хавотирга тушганини айтган.
Февраль ойи бошида Исроилнинг Хадра шаҳри қирғоқларида акула балиқчига ҳужум қилганди, бироқ эркак ундан қочишга муваффақ бўлган. Ўшанда балиқчининг акула билан тўқнашуви акс этган видео тарқалган. Бу жойда 75 йил ичида биринчи марта акула ҳужуми содир бўлган.