ҲАЛИМА АҲМЕДОВАНИНГ "ЯШИЛ" КИТОБИДАН ТАГИГА ЧИЗИБ ЎҚИГАНЛАРИМ
Эй, қайғу билан бахтни яраштирувчи,
Эй, Ажал кўзларини қамаштиргувчи,
Ўзимни ўзимда адаштирувчи
Ноламга гул тиккан – тонгни кўрдингми,
Кўрдингми, иситмаси баланд шафақни...
*
Айтгин, нима учун, не учун ахир,
Минг йилки, жонимда эримайди қор?
*
Қачонлардир мен ҳам ям-яшил эдим,
Дарёга талпинган жилғадай яшил.
*
Кулиб йиғламоқнинг баҳоси қанча,
Йиғлаб кулмоқликнинг қиймати надир?
*
Қушлар тилин ўрганолмадим,
Аммо ўрганганман соғинч тилин, жуда мукаммал.
*
Баъзида толиқиб қолган пайтларим,
Тошкент дарахтлари берар сабрини.
*
...Анча яшаб қўйдим шекилли,
Гоҳи йўл йўқотдим, йўл топдим баъзан.
Билган ҳақиқатим шу бўлди фақат:
Юрак қибласида тураркан Ватан.
*
Қайта туғилмоқлик рост бўлса агар,
(О, бу ширин истак жўш урар қонда)
Онасин соғинган бир мурғак янглиғ
Ёлвориб сўрардим Парвардигордан:
Қайта туғилайин Ўзбекистонда!
Қайта туғилайин Ўзбекистонда!
*
Кўнглимнинг хилватида
ғанимлар майсага,
дўстлар нурга айланадилар.
*
Мунғайиб учаётган қушлар кўксидан
Биз ҳайдаб юборган ишқ берар овоз.
*
Яшагим келади шаббодаларнинг
Ўрик гули тўла хаёлларидай...
*
Яшаш нелигини билганим сари
Кўксимда дийдоринг мавжланар, Худо...
*
Қаранг,
Ахир, яхшилаб қаранг,
Дунё кўзин қамаштирмоқда
Тўмариснинг тожидаги нур.
*
Ҳаёт бу – Ватандир, Ватан – бу ҳаёт.
*
Ва дейман:
Бойлигу молу дунё деб
Ўзини ўзида адаштирганлар,
Хас ташлаб ватаннинг кўзига,
Ғанимнинг тўрига лаққа тушганлар,
Қаранг, Широқ келяпти!
*
Ҳали вақт бор...
Дарёларнинг тоза оҳангларидан,
Маст бўлиб яшамоқ мумкиндир ҳали.
Оч қолган кўнгилни тўйдирса бўлар,
Уфқ ёш гўдакдай кулган маҳали...
*
...Орзу соҳилида қачондир менга
Йиғладинг,
Жилмайдинг, нимадир дединг.
Узилиб тушаётган баргдек титрайман.
Наҳотки, наҳотки ўша сен эдинг?!
*
Оппоқ хайригуллар хайр қилдилар,
Ҳар куним савдои дайр қилдилар,
Кўнглимда Мажнунлар сайр қилдилар.
Нажоткорим, соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.
*
Эй бахт, кўзи юмуқ тилсимда эдинг,
Бадбахтлар чорлаган сим-симда эдинг.
Умримни эллик тўрт бўлакка бўлиб,
Борсам, йўқ экансан, сен кимда эдинг?!
*
Мен куламан, кўзимдаги ёшни синдириб...
*
Ҳар лаҳза нафасинг сўзимга келди,
Баҳорнинг қарғиши кузимга келди.
Хазонни эркалаб юпатган эдим,
Ёраб, унинг ранги юзимга келди.
*
Қобиқларни ёринг, бу издиҳомда,
Қуёш таронасин бузмасдан ғамлар.
Дўстмисиз, ғанимми, ўзгами, барибир,
Мен сизни соғиниб кетдим, одамлар!!
*
Ёдинг олис,
Ёдинг ширин, ёдинг мукамбар.
*
Ҳаётнинг кўзлари бирам чиройли...
*
Бир қуш бўлсам, қанотлари зумрад бўлсам,
Санинг розинг кўмилган бир узлат бўлсам,
Нигоҳингни ичган малактийнат бўлсам,
Манзилингни берармидинг?!
*
Йиғласам, йиғимда осмон кўринса...
*
Исминг куйлагандим қушлар тилида,
Гул унди бўғзимдан забонимгача.
*
Ёдингдами, кўнглимизнинг туғилган куни?!
*
Аммо, ҳозир енгилсам гар,
Ютқазсам агар,
Қайда қолар менинг ўша Ҳалималигим.
*
Нечун бу тонг дилда хазон жилмайди...
*
Энди мени тинч қўй, йўлимдан қочгин,
Мени енгиш сенга бўлмайди осон.
Ахир менинг каби девоналарга
Худо меҳрибондир, худо меҳрибон.
✍️ Ҳалима АҲМЕДОВА
(Otabek Bakirov postidan olindi)
@halima_ahmad