Риёзус солиҳийн шарҳи. 83-ҳадис.عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:
«لَوْ أَنَّكُمْ تَتَوَكَّلُونَ عَلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ حَقَّ تَوكُّلِهِ لَرَزَقَكُمْ كَمَا يَرْزُقُ الطَّيْرَ، تَغْدُو خِمَاصاً وَتَرُوحُ بِطَاناً».
رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ، وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2344].
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Агар сизлар Аллоҳ таолога ҳақиқий маънода таваккал қилганингизда, У зот қушни ризқлантиргани каби сизларни ҳам ризқлантириб қўяр эди. У қушлар қорни оч кетиб, қорни тўқ бўлиб қайтиб келади», деб айтганларини эшитдим.
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«...
Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 3-оят).
Ушбу оятда, агар бандалар Аллоҳга таваккул қилсалар, У Зот уларнинг ишлари мукаммал бўлиши учун кафил бўлиши, таваккул қилганлар учун Аллоҳ кифоя экани, У Зот хоҳлаган ишини бажара олиши ва ҳар бир нарсани ўта аниқ қилиб белгилаб қўйгани айтилмоқда.
Таваккулнинг асл маъноси «Ўзини Аллоҳга топшириш»дир.
Аллома Муновий: «Таваккул банданинг ожиз эканини изҳор қилиб, таваккул қилинадиган Зотга ишонишидир», деган. Тасаввуф аҳлининг наздида таваккул одамлар қўлидаги нарсага суянмасдан, фақат Аллоҳ даргоҳидаги нарсага ишонишдир.
Мулла Али Қори Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилишни қуйидагича тушунтиради: «Таваккул борлиқда Аллоҳдан бошқа амалга оширувчи зот йўқ экани, яратиш ва ризқ бериш, ато қилиш ва ман этиш, зарар ва фойда, камбағаллик ва бойлик, касаллик ва саломатлик, ўлим ва ҳаёт ҳамда бошқа барча нарсалар Аллоҳ таолодан эканига ҳеч шубҳасиз аниқ ишонишдир» («Мирқотул мафотийҳ»).
Таваккул қалб ишидир. Унда қалб бутунлай Аллоҳга топширилади. Ишларнинг оқибати У Зотга ҳавола қилинади. Айниқса, ризқ топишда таваккулнинг аҳамияти беқиёсдир. Ризқ талабидаги таваккул ризқни фақат Аллоҳ беришига аниқ ишонган ҳолда ўша ризқ келадиган сабабларни ҳаракатга келтиришдир.
Ушбу ҳадисда ризқ топишдаги таваккулнинг асл моҳияти очиқ-ойдин ифодаланмоқда. Яъни: агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига иймон келтириб, У Зот ризқ бериши, хоҳлаган махлуқотига бериб, хоҳлаганидан ман қилишига ишонган ҳолда чиройли суратда ва ҳалол йўл билан ризқ талабида бўлганларингизда, худди эрталаб қорни оч ҳолда чиқиб, кечаси тўқ бўлиб қайтадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз.
Бу ерда бандалар ризқ топишда доим ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя олмасликлари айтилиб, таваккулнинг фойдасини тушунтириш учун қушни мисол қилиб келтирилмоқда.
Ҳақиқатан, қушларнинг ҳолатига ибрат назари билан қарасак, бунинг асл ҳақиқатини англаб етамиз. Эрта тонгда ризқ талабида йўлга чиққан қушларнинг қорни оч бўлади. Шу билан бирга уларнинг олдиндан тайёрлаб қўйган ризқ манбалари ҳам, кўз остига олиб қўйган ўлжалари ҳам, захиралари ҳам бўлмайди. Лекин уларда ҳаракат ва ризқ топишга ишонч бўлади. Демак, бандалар ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя билсалар, ўзлари ўйламаган ва хаёлларига келмаган томондан ризқланар эканлар.
Одатда, инсон эртанги ва ундан кейинги кунларда истеъмол қиладиган нарсаларини олдиндан тайёрлаб қўяди. Бу ҳолатни яна чумоли ва сичқонларда ҳам кўриш мумкин. Лекин инсон Аллоҳга ҳақиқий таваккул қила олганида, эрталаб турганида ейишга ҳеч нарсаси бўлмаган тақдирда ҳам, Аллоҳ уни муносиб тарзда ризқлантирган бўлар эди.
Ушбу ҳадиснинг яна бир диққатга молик жиҳати бор. Бу ҳам бўлса, таваккул ва ҳаракат масаласидир. Аслида касб инсонни ризқлантирмайди, Аллоҳ ризқлантиради. Аммо таваккул ва ҳаракат бирлашсагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Зеро, ҳадисда бизлар учун мисол қилиб келтирилаётган қуш ҳам ҳаракат ва интилиш билан қорин тўйғазади.
Батафсил: 🔗
ушбу ҳаволада📚
@hadisislomuz