Гулжаҳон Мардон қизи


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Цитаты


Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Цитаты
Статистика
Фильтр публикаций


ТЎЙЛАР ҚИЛСАНГ БЎЛАР ЎЗИ БОШ...

(Оғалар-туғишган акалар, жон томирларга бағишланади)

Тўйлар қилсанг бўлар ўзи бош,
Каминг ёпар, доим кўз-у қош.
Яхши билар, меҳр не, не дош,
Шукур қилгил, оғанг борига.

Йўқламоққа вақти бор, ё йўқ,
Лек борингдан доим кўнгли тўқ.
Дер: омон бўл, тегмасин дард-ўқ,
Шукур қилгил, оғанг борига.

Кўмак сўра, қўллайди ҳар он,
Дилинг нурга йўллайди ҳар он.
Хаста бўлсанг, бергудайин жон,
Шукур қилгил, оғанг борига.

Меҳри йўқ деб гумонга борма,
Қалби офтоб, гинага қорма.
Оғанг туриб, ётга дил ёрма,
Шукур қилгил, оғанг борига.

Оғаларнинг борлиги давлат,
Улар қалқон, ғурур, ор, савлат.
Оқибатинг аяма фақат,
Шукур қилгил, оғанг борига.

Ёлғиз отнинг чанги чиқарми,
Чиқар, аммо донғи чиқарми.
Бегоналар ахир, йўқларми,
Шукур қилгил, оғанг борига.

Эй, синглим-ай, мудом суюгим,
Оқибатда ҳар дам буюгим.
Куюнчагим, жони куюгим,
Шукур қилгил, оғанг борига.




АЁЛЛАР “ГАП-ГАШТАК"КА БОРГАНДА
(Ҳазилнамо шеър)

Дам олиш куни эди. Жиринглади телефон,
"Ҳой, дугона, тинчмисиз, "гап-гаштак" бор, отланинг
Рўзғор ғорда, ками кўп, ташвиши ҳеч битмайди,
Бир оз бўлса-да, яйраб, даврадан бир тотланинг".

Ўзим дедим ўзимга: "Дам олишга ҳаққим бор,
Дугоналарим билан суҳбат-ла дил чоғлайман.
Ҳордиғим чиқса зора, ҳузур топса бу юрак,
Давранинг қизиғини қўшиқ, шеърга боғлайман".

Жамул-жаммиз... Дарддошлар, шукр, ҳамма соғ-омон,
Шу онда бирин-кейин тилга кирди телефон:
"Вой, қўшнижон, қайдасиз, эшик қоқиб чарчадик,
Қизингизга совчилар келмоқда қаранг, шу он".

Тинмас "жиринг-жиринг"лар: "Хотин, қачон келасан,
Уйда бўлмоғинг шартдир, айтмасам ҳам биласан".
.."Она, келинг. Дўстларим меҳмонга келар шу тоб,
..."Болам, йўлинг пойлатиб, бунча бағир тиласан"...

Эҳ,, яна қанча дардни сизга баён айлайин,
Биз эмас, қўнғироқлар сўзлар эди тинмасдан.
"Бас-эй" десак, смс келаверди тақдирдан:
"Қўлингдан не келарди, не қилардинг кўнмасдан?"

Чарчадик,чой ўрнига ичдик муаммоларни,
Дийдор билан бир пайтда қучдик муаммоларни.
Суҳбатлар қолди дилда, елмоқ лозим уй томон,
Оёқлар зил, қанчалар кечдик муаммоларни.

"Ана, сенга дам олиш", деб юрак туртар секин,
Соппа-соғ вужудингга чарчоқ, бош оғриқ"текин",
Яна ўзни овутдик: "Телефонсиз келамиз,
Бу галги "гап"имизга... Юрак тинчирми лекин?!.

Аёлсиз дунё асли дунë бўлармиди-эй,
"Болам, уйим, рўзғорим", куюнгани ҳар онда.
Бирпас чиқса ортидан йиғлаб чиқар ташвишлар,
Қочай деса топади зорманда телефонда.

Эй, эркаклар! Нолиманг, "гап-гаштак"да не бор деб,
Озгина меҳрингизни саодат деб кўняпмиз.
Чойхоналар сиз билан чойлашар гоҳ тонггача,
"Эркак-кўча одами", бу одат деб кўняпмиз.

Ҳар бир уйнинг аёли дуо қилинг, соғ бўлсин,
Муаммолар ечимли, йўллар очилар бахтга.
" Гап-гурунг"лар кўп бўлсин, бу тинчликдан дарак-ку,
Аёл бонг урса агар етказар олтин тахтга.
Гулжаҳон МАРДОН қизи.


ЭЪТИБОР

Гоҳ зорлардан сўз очар бўлсам,
Санчиб кетар юрак бечора.
Шивирлайди: "Чидамоқ шараф,
Ҳаёт-синов, бахтмас, начора".

Гоҳ сукунат бағрини ёриб,
Сўз сўрайди ҳамият-у ор.
Гоҳ кўнглингни нурга тўлдирар,
Кутилмаган битта эътибор.

Борлигингни сезасан шунда,
Осмонларга узатасан қўл.
Энг чиройли шеърлар битасан,
Гарчи дунё синов тўла йўл.

Ғурур билан ташлайсан қадам,
Ҳар изингга ишонч бўлгай ёр.
Ўз-ўзингдан туясан фахр,
Дейсан:" Яша, бор бўл, эътибор".


ЖИГАРЛАРИМ НУР ЭТАР...

Илтижолар, асрайверинг, жонимни,
Жигарларим нур этар ҳар онимни.
Ишонч ўзи яйратсин дил танимни,
Яқинларим умрим узун қил, худо.

Ёғду тошда чақилсин нолаларим,
Эртакларда сўйлансин жолаларим.
Кўрар кўз-у, босар из-болаларим,
Чақинларим умрин узун қил, худо.

Сатрларим асли йўғим, ё борим,
Улар борки, жаранглар умр торим,
Бор дардимни кўтаргувчи, ҳам орим,
Талқинларим умрин узун кил, худо.

Ғурур тўла сойлар ҳануз қошимда,
Не савдолар бисёр билмам, бошимда.
Лек ҳаётим умидлари дошимда,
Ёлқинларим умрин узун қил, худо.


ТОНГЛАР БИЛАН КЎРИШСАМ ОМОН...

Қийнамаса вужудни оғриқ,
Қалбга босиб қўймаса музни.
Тонглар билан кўришсам омон,
Бой хонимдай тутаман ўзни.

Қанча ният тугилар дилга,
Дейман, дадил қадам ташлайман.
Гарчи дори кўп бу дунёнинг,
Мен тоғларга йўлни бошлайман.

Гарчи тикан, тошли ҳар қадам,
Асрайверса нурли оятлар.
Қўллаб турса яхшилар меҳри,
Тарк этмаса бўлди ниятлар.


ФАҚАТ ХУДО ҚЎЛЛАСА БЎЛДИ

Ўтди қанча азобли дамлар,
Юракни не тиканлар тилди.
Бир нидога боғланди кўнгил,
"Фақат худо қўлласа бўлди".

Эҳ, дардлар-ла олишган умр...
Бир юрагинг, бир Оллоҳ билди.
Уйқу кўрмас тунлар ингради,
" Фақат худо қўлласа бўлди".

Ким шодон-у ким томошабин,
Деди, боғи сарғайиб, сўлди.
Бир нурли сўз суяди ҳар гал,
"Фақат худо қўлласа бўлди".

Минг шукурлар,, қўллади эгам,
Яшаш сеҳри тегрангда кулди.
Унутмагил, ҳар бир бандани,
Фақат худо қўлласа бўлди.

Дил қасрининг пешлавҳасига
Битиб қўйгил:" Қуёшим кулди.
Гоҳо кенг, гоҳ тор дунёсинда,
Фақат худо қўлласа бўлди".




Репост из: Zarnews.uz
Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
🎤 Tonggi tarona

🎼
"Ona"

🎬 Bahodir Mamajonov ijrosida.

@Zarnews_uz


ЯШАШ КЕРАК

Ҳар кун гўё ой мисоли тўлиб-тўлиб,
Кўз ёшингга видо айтиб, кулиб-кулиб,
Тиканларнинг ўртасида лола бўлиб,
Фақат яшаш керак.

Ғаниминг ким, нима деса деяверсин,
Ҳар дақиқа аламдан тўн кияверсин,
Ўз бошини майли, ўзи еяверсин,
Факат яшаш керак.

Кунлар ўтар, тунлар билан иши йўқдай,
Бу дунёда ўзи бахтли киши йўқдай,
Ғийбати кўп оламларга иши йўқдай,
Фақат яшаш керак.

Кимдир сенинг кимлигингни достон этар,
Яна кимдир ҳар изингга байтлар битар.
Дунё карвонсарой, кимлар келар, кетар,
Фақат яшаш керак.

Яшамоқнинг ўзин асли неъмат билгил,
Кўпроқ шодон кунларимга қулоқ илгил.
Тирикликнинг хуш онига дўстим, келгил,
Ахир яшаш керак.


ЁМҒИР

Эҳ ёмғир, бунчалар эзилиб ёғдинг,
Қаддимни росмана қўяпсан букиб.
Эндигина енгил тин олган эдим,
Ҳасратимни олов дайрига тўкиб.

Эҳ ёмғир, тина қол, етар озоринг,
Барибир шаҳдимга келолмайсан тенг.
Эртанги кунимни яратмоқ учун,
Бошладим курашни шимарганча енг.


ДУНЁ

Сени мақтаб сўз кечдим қанча,
Дунё, дилим оғритдинг кўп бор.
Ҳақ деб йўлга чиққан чоғимда,
Не ёлғонлар тутди бошга дор.

Майли дедим, бу ҳам синов деб,
Оққан дарё томон юзландим.
Қанча тошга тутдим бу бошни,
Қай чоҳларга яна кўзландим.

Нигоҳимда лек осмон ҳадди,
Аҳдлар билан юрак уряпти.
Шунданми ё, ҳар лаҳза умр
Тоғлар каби юксалаяпти.


ТОҒДАЙ ЯШАНГ...

Ғурур, фахр куч беради ҳар юракка,
Юрт деб ёнган кўкси тоғлар омон бўлинг.
Қуёш каби нур бергувчи бу ҳаётга,
Офтобларим, умри боғлар омон бўлинг.

Тирикликка ярашгансиз, дард чекманг ҳеч,
Меҳнат, заҳмат, меҳрингиздан гўзал чоғлар.
Сизни мудом қўллагайдир эгам ўзи,
Тоғдай яшанг, асл тоғлар омон бўлинг.

Кунингиз хайрли бўлсин, қадрдонларим! Борингизга шукур! Тоғлар янглиғ улуғворлик тарк этмасин!


Репост из: 🇺🇿 Past Darg‘om: kecha va bugun
Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Omon bo'ling, yurtning jasur posbonlari!..

📍Bizga qo'shiling: 👉@pdhuz


Репост из: Гулжаҳон Мардон қизи
14 январь-Ватан ҳимоячилари куни. Том маънода, жасорат ва мардликнинг байрами. Байрамингиз муборак бўлсин,азиз юрт посбонлари!

АСКАР МАКТУБИ
Ассалому алайкум, она, соғ-омонмисиз,
Отам, акам ҳам опам соғ-омонми бариси?
Қўни-қўшни, биродар, саломатми танишлар,
Яхшими маҳалламнинг ёш-у, доно қариси.
Сўрасангиз аҳволим, зўрман, бақувват, соғлом,
Аскарлик бурчим ёдда, юрт учун хизматдаман.
Элим деган ҳеч қачон кам бўлмаган-ку, она
Муқаддас шу заминнинг ўғлиман, иззатдаман.
Аскарлик ҳаёти ҳам ибрат экан яшашга,
Берар экан юракка жасорат, қадр, ният.
Мақсадим улуғлашиб бораётир кундан кун,
Ёниқ дил билан тирикдир одамият.
Юрт деб ёниб яшамоқ, фахр экан, онажон
Хиёнатнинг гуноҳи оғир ахир, онажон.
Менга тушган доғ тушар миллатимнинг шаънига,
Ватанимнинг бағридай бағир қайда, онажон.
Фахр, ишонч кўксимда чарақлайди юлдуздай,
Элни асрамоқ асли сизни асрамоқ жондай.
Хавотирланманг асло, ғурур асл ҳамроҳим,
Меҳрингиз оқар дилга томиримдаги қондай.
Онажон! Мактубимга ясай бошладим якун,
Менга куч берар доим, дуо тўла сўзингиз.
Барчангизни соғиндим, аскарлик шаънин оқлаб,
Шараф билан қайтаман, дея аскар ўғлингиз.


Репост из: 🇺🇿 Past Darg‘om: kecha va bugun
Vatan-aziz,
burch-muqaddas

Tuman mudofaa bo`limi binosi hovlisi ko`ngliga yurt mehrini jo etib, harbiy xizmatga borishni maqsad qilgan yigitlar bilan gavjum. Ular bilan kelajakdagi  ezgu niyatlari haqida suhbatlashar ekanmiz, har birining qalbida g`urur, ona yurt tuprog`i,  el tinchligini asrashdek ulkan va   muqaddas tuyg`ular aks etib turganiga   guvoh bo`ldik.

Batafsil o’qish: 👉
https://pdh.uz/category/view?id=1579

📍 Bizni kuzating 👉
@pdhuz

facebook 👉
https://www.facebook.com/pdhuzadmin/friends/
Web-sayt 👉
http://pdh.uz/


Репост из: Zarnews.uz
Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
🎤 Tonggi tarona

🎼 "Leytenant"


🎬 Yulduz Abdullayeva ijrosida.

@Zarnews_uz


ОМОН БЎЛИНГ, ЮРТНИНГ ЖАСУР ПОСБОНЛАРИ...

Сиз борсизки, тинч, осуда кечаётир,
Умримизнинг ҳар сония, ҳар онлари.
Элим дея тун-кун ҳушёр, хизматдасиз,
Омон бўлинг, юртнинг жасур посбонлари.

Ватан меҳри жо этилган қалбингизга,
Қадамингиз матонатдан сўзлар ҳар дам.
Кўнглингизда она юрт деб ёнмоқ ишқи,
Сиз борсизки, юракларда ҳаловат жам.

Тонглар гўзал отар қанча ният билан,
Омон бўлинг, эй ҳаётнинг тиргаклари.
Адл туринг, юртпарвар, мард билакларим,
Сиз аслида шу Ватаннинг юраклари.


САТРЛАРИМ ҲАЁТ БЕРАДИ...

Менинг дилим оғритгувчи кўп,
Тош отар сал ортга бурилсам.
Ич-ичидан кетар севиниб,
Деворга ё тошга урилсам.

Давлатим йўқ, сўзимдан бўлак
Сатрларим ҳаёт беради.
Ҳар бирида бир тўлғоқ дарди,
Шундан умрим бахтлар теради.

Ортимдан гап қилибсиз роса,
Сизга йўлни тор этмадимми?!
Менинг юрар йўлим бор, ахир,
Дилингизни оғритмадимми?!

Мен ризқ топсам ҳалолдир ноним,
Ўзга ошга қўлим солмайман.
Қўлимдан келгани меҳр, шеър,
Ёлғон сўзлаб рағбат олмайман.

Не гапингиз бор, тайёрман мен
Эшитмоққа тоғ юрагим бор.
Ким нимани ишонди, демак,
Шу ишончга, о, керагим бор.

Сўзларим ботяптими хўп оғир,
Юрак, бағринг доғ этмадимми?!
Ортимдан тош отганлар, айтинг,
Дилингизни оғритмадимми?!


КЎНГЛИМДА...

Кўнглимда бир туғён титрайди ҳануз,
Умр қатларида шивирлар доим.
Дунёга келмоқлик шараф-у, аммо
Кетмоқлик азизим, қиёмат қойим.

Ҳаётнинг долғали каҳкашонида,
Нени йўқотдим-у ва нени топдим.
Гоҳ ношуд хаёллар измига кўниб,
Ҳақнинг эшигини жимгина ёпдим.

Қай ёлғонлар кезди дил майдонида,
Тошгуллар гуллади кўнгил боғимда.
Шижоатим тортиб олмагин ҳаёт,
Яшаш нелигин ҳис этган чоғимда.

Показано 20 последних публикаций.