Fozil Farhod


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


Бахтли лаҳзаларни кутмайлик, уни ўзимиз яратайлик!
Фозил Фарҳодга мурожаат қилинг: @fozilfarhodbot

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций


​​ДЕНГИЗ

Ўзбек заминидан қўзғалган учоқ,
Корея ўлкаси томон учади.
Олисдан келади меҳр – бир қучоқ,
Дўстларим узоқдан маҳкам қучади.

Самодан қарайман: учта гўзал қиз
Кореянинг белин турибди қучиб.
Шарқий, Ғарбий ҳамда Жанубий денгиз...
Парига менгзабман хаёлим учиб.

Йўқ, улар паримас, мўъжиза асли,
Юртни қўриётган учта паҳлавон.
Бунда давом этар корейслар насли,
Бунда яшар эллик икки миллион жон.

Бу юртга юқтирган Худо афтидан,
Яшил замин ҳақда бўлмас гап адо.
Жанубий денгизнинг шундоқ кафтидан
Худди ўсиб чиққан мўъжаз Кападо .

Бунда табиат ва жонзодлар бирга,
Яшар одамизод ҳимоясида.
Уч олам, уч дунё кўмилган сирга,
Дам олар бир-бирин, ҳа, соясида.

Бунда кесилмагай бирорта дарахт,
Ҳатто узилмагай битта ҳам гиёҳ.
Буни кўриб ақлим бўлади карахт,
Барисин ёзгунча тугайди сиёҳ.

Ўзбек ва корейс – иккиси бир халқ!
Фақат икки тилда гаплашувчи эл.
Бугунги ҳур, озод; тарихи кўп талх!
Самимий, меҳмондўст, содда ва кенгфеъл.

Денгиз яна ақлим қочади олиб,
Шамоли тўзғитар узун ўйларим.
Бир савол дастидан кетаман толиб,
Калта бўлиб қолар новча бўйларим.

Дунё харитасин оламан қўлга,
Ватаним денгизи кўринмас кўзга.
Қарайман уммонга элгувчи йўлга,
Денгиз берилмаган афсуски бизга.

Қоғозни ўқийман қайта ва қайта,
“Ўзбекистон”, деган сўз кўзим олар.
Чарчамам бу сўзни, ҳа, айта-айта,
“Ўзбек”, деган калом бўғзимда қолар.

Ўттиз саккиз миллион халқ кичкинамас,
Ўттиз саккиз миллион юрак дегани.
Бу элга қанчаси келолмайди бас,
Фақат дўст бўлади яқин келгани.

Ахир дунёмизни У қилган нозил,
Бизга аталган юрт чинданам тенгсиз.
“Денгизимиз йўқ!” деб қайғурма, Фозил,
Қоракўз миллатим – энг катта денгиз!

2025 йил 22 апрел, соат 01:01
Корея Республикаси Кападо ороли


Фозил Фарҳод

👉 https://t.me/fozilfarhod 👈


Парча

"Илк учрашув" бўлимидан

Хэнёнинг қадди жудаям тик эди. Алиф қоматини денгизнинг кучли шамоли ҳам, тақдирнинг бўронлари ҳам эга олмагани яққол сезиларди. У жангда ғолиб бўлган аскарлардай мағрур эди. Аммо унинг каучук бош кийими остидан кўриниб турган сочлари оқарган, кўлчадай бўлиб қолган юзини юзлаб ажинлар қоплаганди. Булар шуначаки чизиқлар эмасди. Бу юз йиллик изтироб чизиқлари эди.
Аёл ўзини кузатиб турганимни пайқади ва кўзларимга тик қаради. Унинг қийиқ кўзлари шу даражада маъноли, дардли эдики, мен унда корейсларнинг бир асрлик тарихини, дарду ҳасратини, қувончу қайғусини шундоққина кўрдим.

"Денгиз ҳайқириғи" асаримдан парча

Ню-Йорклик фотосуратчи Мийо Ким олган сурат.

👉 https://t.me/fozilfarhod 👈


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Тўғри, юртимизнинг денгизи йўқ! Аммо бу қоракўз миллатнинг, Ўзбекистон халқининг ўзи денгиз! Бу шундай денгизки, доим оққан, эндиям оқади, тез орада яна буюк ўзанларига тушиб олади!

Корея денгизлар қуршовидаги давлат! Ўзбекистоннинг дўсти! Бу дўстлик абадий бўлсин! Борди-келдиларимиз янада кўпайсин! Денгизни соғинганда шу жойларга келиб турайлик!

Мен айни дамда шу денгиз бўйида яшаяпман! Кореянинг Кападо оролида! У билан ҳар куни гаплашаман, сирлашаман, дардлашаман!

Уч ойлик ушбу сафар умрим ва ижодимнинг энг ёрқин саҳифаларидан бўлиб қолади, бунга ишонаман!

Фозил Фарҳод


👉 https://t.me/fozilfarhod 👈


​​Менинг туғишган акам йўқ. Оилада бош фарзандман. Аммо одам ҳаётда ака-ука бўлиши учун туғишган бўлиши шарт эмас экан. Бу инсонни билганимга, у билан яқин бўлганимга асли кўп бўлмади. Аммо у мен билан болаликдан биргадай, бугун ўз акамдай. Жуда камтар, ҳалол, одамлардан яхшиликни аямайдиган жўмард инсон. У мени ўзи яқин бўлган инсонлар билан таништирди, соҳир давраларга қўшди. Улар ҳам ўзидай яхши инсонлар, зўр давралар эди.

Вақти оз бўлса-да, нуфузли жойда ишласа-да, вафот этган, биз билан замондош бўлиб ижод қилаётган кўплаб журналист, адибларнинг қўлёзмаларини эринмай нашрга тайёрлаяпти, уларга сўзбоши ёзяпти, китоб ҳолида чоп этяпти. У туғилган кунини дўстлари билан хорижда нишонлаб келадиган пули кўп тадбиркор эмас, аммо қўлидан келган барча яхшиликни атрофдагиларга улашаётган қалби бой инсон. Хайрли ишларининг ҳаммасини санашнинг имкони йўқ. Шуниси муҳим, вақт ўтган сари у кўплаб қалблардан жой оляпти, тарих яратяпти.

Бугун катта қалбли шу инсон, яхши оғамнинг туғилган куни. Умри узоқ бўлсин, оиласи, фарзандлари, яқинлари бахтига доим соғ бўлсин! Яхшиликлари бутун оламга юқсин!

Сизни яхши кўрамиз, оға!

Қолган гапларим, меҳрим мана шу сатрларга жо бўлган!


УЛУҒ ИНСОН

Лазиз Раҳматга

Оға, биз аслида бир ҳовуч сувмиз,
Бугун кафтлардамиз, эртага йўқмиз.
Биримиз яхшимиз, бошқамиз қувмиз,
Бировимиз очмиз, баъзимиз тўқмиз.

Ҳаётнинг ўзиям урчиққа менгзар,
Чиғирдай айланар, тўхтамайди ҳеч.
Биров шон орттирар, кимдир танга-зар,
Аллакимлар бахтга кеч қолади, кеч.

Очуннинг савдоси азалдан шундай,
Ҳаммага бир хилда улашилмас бахт.
Кимдир тонгдай яшар, ким эса тундай,
Кимгадир насиба – кетмон, қалам, тахт.

Ким қандай ўринда турар, фарқи йўқ,
Бўлсин умри устун гўзал нақшидек.
Юракдан отилиб чиқсин кескир ўқ:
“Эзгулик, эзгулик, фақат эзгулик!”

Очунга неча минг одам кеп кетар,
Қиёматга довур минг сувлар оқар.
Нияти яхшилар муродга етар,
Бундайин донолар Ҳаққа ҳам ёқар.

Яхшилар буғдойдай кўпайсин, ортсин,
Яхшиликлар тонги ҳамиша отсин.
Ёмонни яхшилар домига тортсин,
Олам яхшиликка кўмилсин, ботсин.

Сўрасалар мендан: “Энг зўр инсон ким,
Очунда ким эрур энг улуғ ҳотам?”
Қўрқмасдан айтаман, ўтирмайман жим:
“Бировга яхшилик улашган одам!”

Оға, қачонлардир, ҳа, бўлмаймиз биз,
Кузакка ўрнини берар яшиллик.
Ортимизда қолгай табаррук бир из:
Яхшилик, яхшилик, фақат яхшилик.

Фозил Фарҳод

👉 https://t.me/fozilfarhod 👈


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
#vedioroliklar
#23_ishtirokchi (2)

📜ЯХШИЛИК КИЛАВЕР...


✍️Фозил Фарход ше'ри
🎤Зуҳра Соҳибова ижроси

#2_ижро

Фозил Фарҳод телеграм канали


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Шу йигитларнинг вайнларини мириқиб кўраман. Жуда ибратли ишлашади. Буниси ҳам таъсирли чиқибди, кўриб кўзимга ёш келди.

Ҳайдовчилик гувоҳномасиз мошина ҳайдаманг, уни сотиб олманг, бошқаларнинг умрига зомин бўлманг.

Фозил Фарҳод


Бугун Кореянинг Кападо оролида тушгача ҳаво туман бўлди. Осмондан жибарга ўхшаш нарса ёғди.

Мен 10 000 қадам юриш учун кўчага чиқдим. "Намасте" дўкони олдидан ўтаётгандим, эгаси мени имлаб ичкарига чорлади. У ерда мендан ташқари шоира аёл ва киши бор эди.

Дўкондор менга аччиқ, шакарсиз қаҳва берди, емакка таклиф қилди. Бу нима деб сўрагандим, унга беланган ўсимлик эканини айтишди. Номини эслаб қололмадим. Видеомда бор. Очишга эриняпман.

Улар учовлашиб қаҳва ичиб, егулик еб маиший гурунгга берилишди. Корейсларнинг шундай одати бор экан, олдига қаҳва қўйиб олиб, соатлаб чақчақлашиб ўтиришаркан. Суҳбатдан шуни англадим. Улардаям бизникига ўхшаш қарзга оид ибора бор экан. Яъни, қарзни қўлинг билан бериб, оёғинг билан оласан, деганга ўхшаш. Уларда сал бошқачароқ экан. Яъни, қарзни ўтириб бериб тик туриб оласан, деган мазмунда экан. Бу ерда яшаганлар билади тағин.

Мен улар билан тезда хайрлашиб, пиёда юришга кетдим. Жибар ёмғирга айлангани учун оролнинг ҳамма жойини айланмадим, мактаб кўчасидан бурилиб, уйга қараб юрдим. Қарасам, қадамларим энди 6 000 бўпти.

Уйга келиб, устки кийимимни алмаштирдим. Соябон олдим. Яна кўчага чиқдим.

Аммо ёмғир тинган эди. Оролнинг энг баланд нуқтасига бориб тош ҳайкалларни томоша қилдим, улар билан гаплашдим.

Оролга пароход деярли келмади. Сайёҳлар ҳам унча кўринмади.

Тушдан сўнг ҳаво янги келинчакнинг юзидай очилди. Сайёҳлар кўпайиб қолди.

Суратлар, видеолар сизга маъқулми? Давом этамизми?

2025 йил 20 апрел.

Фозил Фарҳод


Кападо манзаралари.


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Раҳмат, устоз! Туртки берганингиз учун, эътироф этганингиз учун!

ҚАЙТИШ

Қанча улуғимиз ўзга элларда
Қолиб кетган, эвоҳ, аламда жоним!
Буюк ишлари-чи, достон тилларда,
Нечун сиғдирмадик, қайнайди қоним?!

Бугун наҳот қайтар тарих ортига,
Яхшилиғ кутади, халқ руҳи собур?!
Олти аср ўтиб ота юртига
Қайтар Заҳриддин Муҳаммад Бобур!

2025 йил 18 апрел,
Корея Республикаси Кападо ороли

Фозил Фарҳод

👉 https://t.me/fozilfarhod 👈


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Зўр филм экан. Кўринг, тавсия қиламан.

🍊Hayot senga Mandarin berganda

1️⃣-qism


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
#videoroliklar
#37_ishtirokchi

​​​​📜ULUG' INSON

✍️ Fozil Farhod she'ri
🎤Shohjahon Usmonov (5yosh)

Фозил Фарҳод телеграм канали


Yangi O'zbekiston_№80 L.pdf
6.1Мб
Янги Ўзбекистон_№80.pdf
6.3Мб
ШЕРУ ШЕЪР

Бобур дегани – шер дегани. Устоз Шерзодхон Қўдратхўжа "Янги Ўзбекистон" газетасида бу ҳақда ажойиб, қизиқ ва таҳлилий мақола ёзибди, денгиз бўйида юриб бир нафасда ўқидим. Битик мен мусофирликда ёзган шеър билан тугабди. Газетада бошқа шеър ва мақолалар ҳам бор. Уларни ўқинг, дўстлар!


​​Шеърга банд қўшилди, хэнё расми илова қилинди, у таҳрир бўлди.

БУЮК ЮРИШ

Бахт ва бахтсизликнинг ораси, билсанг,
Бир қадам, масофа жуда ҳам камдир.
Бахтсизлик томондан бахт сари жилсанг,
Бу бориш энг олий юриш, қадамдир.

Румий: “Гўзал кунлар сенга келмайди, –
Дейди, – сен уларга боришинг керак”.
Наҳот бу ҳикматни кўпчил билмайди?
Йўлда не тўсиқ бор, ёришинг керак!

Биродар, уқдингми, ўрнингдан тургин,
Боргин, бахтсизликдан бахтингни ярат.
Ундан тагкурси сол, сўнг уй ҳам қургин,
Бу бахтсиз дунёга хўп, кўп бахт тарат.

Бахтнинг гул уруғин сочгин, сеп кўпроқ,
Худо ҳам ҳаракат қилганга дўстдир.
Очунда бир сиқим қолмаса тупроқ,
Ҳовучингда бахтнинг дарахтин ўстир.

Бу бориш – яшашдан моҳият топиш,
Бу бориш – бировга яхшилик қилиш.
Бу бориш – бахтсизлар бозорин ёпиш,
Бу бориш – одамлар қалбини билиш.

Бу қадам – ўзингдан кечиш, жон бериш,
Бу қадам – ўзликни топишнинг сеҳри.
Бу қадам – муҳаббат дурларин териш,
Бу қадам – болалар кулгиси, меҳри.

Бу юриш – Ватанга, ҳа, хизмат қилиш,
Бу юриш – халқингга хизматкор бўлиш.
Бу юриш – дунёга байроғинг илиш,
Бу юриш – хотиржам яшаш, тинч ўлиш.

2025 йил 17 апрел,
Корея Республикаси Кападо ороли


Фозил Фарҳод

Суратда денгиздан сора ва бошқа маҳсулотлар овловчи улуғ хэнё. “Хэнё” корейсдан тилидан таржима қилинганида “денгиз аёли” деган маънони билдиради. Бу касб жудаям қадимий, ноёб, ҳавфли, мураккаб! Ню-йорклик фотосуратчи Мийо Ким интернетда улар ҳақида “Денгиз онаси” номли фотосуратлар сериясини эълон қилган. Ушбу сурат муаллифи ҳам у. Фотограф суратлар остидаги изоҳда “Жанубий Кореядаги қўрқмас “сув парилари”, деб ёзади. Хэнёларнинг муқобили йўқ. Улар бу ишни кислород баллонларисиз, сув остида икки дақиқагача нафас олмай, баъзан муздек бўлиб қолган сувда бажаради. Бугунги кунда улар камайиб боряпти. Кападода бор-йўғи 38 нафар хэнё қолган. Уларнинг энг ёши улуғи 91 яшар. У шу ёшида ҳам ичида одамни ютувчи маҳлуқлари бор денгизга тушади ва тириклик манбаи бўлган егуликлар олиб чиқади.

👉 https://t.me/fozilfarhod 👈


Репост из: Sherzodxon Qudratxo‘ja
BUGUN BOBURNING ARMONI YO' Q ENDI YOKI ANDIJONLIKLAR QANDAY QILIB O'ZBEKISTONNING SHERLARIGA AYLANISHMOQDA?!

🔸 Yangi Andijondan Bobur shahrigacha.

🔸Bobur oldidagi qarzimiz ado etilishi.

🔸Bobur shahri Yangi O‘zbekistonning gavharidur.

🔸Buyuk kelajakdan bugun buyuk bo‘lishiga intilish.

🔸Bjezinskiy adashgani rost bo‘lsin!

Yangi kentga Bobur nomi berilishi ila olti asr ilgari “Andijonim qoldi mening, anda jonim qoldi”, deya armonda qolgan buyuk bobomizning orzusi bugun hurmatli Prezidentimiz tashabbusi bilan o‘z ro‘yobiga topdi.

Bugun endi Boburning hech qanday armoni qolmagan bo‘lsa kerak, dunyoning qaysi yerida, qaysi o‘lkasida bo‘lmasin, bir umr Vatan sog‘inchi bilan yashagan Boburning ruhi shu kunlar shul yerlarga qaytib keldi.

Maqolamni ayni damda Koreya Respublikasi Kapado orolidagi shogirdim Fozil Farhodning ijodidan yangi tug‘ilgan misralar ila yakunladim:

QAYTISH
Qancha ulug‘imiz o‘zga ellarda
Qolib ketgan, evoh, alamda jonim!
Buyuk ishlari-chi, doston tillarda,
Nechun sig‘dirmadik, qaynaydi qonim?!

Bugun nahot qaytar tarix ortiga,
Yaxshilig‘ kutadi, xalq ruhi sobur?!
Olti asr o‘tib ota yurtiga
Qaytar Zahriddin Muhammad Bobur!

Yaqin soatlarda chop etilajak bir maqolamdan tayanch mavzularni sizlar bilan bo'lishmoqchiman!

———————————————

Sherzodxon Qudratxo'janing
ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalariga obuna bo'ling:

📱 Telegram 📱 Instagram
📱 YouTube 📱 Facebook
📱 Twitter


ТАНЛОВ МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛДИ

Хабарингиз бор, ҳомийларимиз томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фозил Фарҳоднинг асарлари асосида "Назм ва наср, тасвир ва таҳлил" энг яхши видеоролик ва энг яхши адабий таҳлил намуналари танлови эълон қилинган эди. Совринлар сони оширилгани ва адибнинг Корея Республикасида ижодий сафарда эканини ҳисобга олиб, танлов муддати 20 июнга қадар узайтирилди.

Танловга ижодий ишлар икки номинацияда қабул қилинади:

1. Адибнинг шеър ё ҳикоялари асосида тайёрланган видеороликлар;

2. Адибнинг назм ва насрий асарлари асосида ёзилган адабий таҳлиллар.

Ғолиблар қуйидагича мукофотлар билан тақдирланади.

"Энг яхши видеороликлар" номинацияси бўйича:

1-ўрин 1 600 000 сўм пул мукофоти ва китоблар тўплами;

2-ўрин 1 000 000 сўм пул мукофоти ва китоблар тўплами;

3-ўрин 800 000 сўм пул мукофоти ва китоблар тўплами.


"Энг яхши адабий таҳлиллар" номинацияси бўйича:

1-ўрин 1 600 000 сўм пул мукофоти ва китоблар тўплами;

2-ўрин 1 000 000 сўм пул мукофоти ва китоблар тўплами;

3-ўрин 800 000 сўм пул мукофоти ва китоблар тўплами билан мукофотланади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас! Шунингдек, муаллифнинг телеграм каналида энг кўп улашилган ва лайк йиққан ижодий ишлар эгаларининг 10 нафари рағбатлантирувчи номинациялар бўйича мукофотланади. Ғолибларга Чингиз Айтматовнинг "Асрга татигулик кун", Асқад Мухторнинг "Чинор", Аҳмад Аъзамнинг "Асқартоғ томонларда", Хуршид Дўстмуҳамманинг "Донишманд Сизиф", Мансур Жумаевнинг  "Ҳазрати ишқ" китоблари берилади.

Фозил Фарҳоднинг биринчи китоби – "Мактуб"нинг электрон нусхаси.

Фозил Фарҳоднинг иккинчи китоби – "Кўклам куйи"нинг электрон нусхаси.

Фозил Фарҳоднинг учинчи китоби "Автопортрет"га кирган шеърларнинг электрон нусхаси.

Танловга қабул муддати 20 июнгача.

Танловга ижодий ишларни @fozilfarhod1 телеграм манзилига жўнатинг.

Телеграм ўзанга аъзо бўлинг: @fozilfarhod


БУЮК ЮРИШ

Бахт ва бахтсизликнинг ораси, билсанг,
Бир қадам — масофа жуда ҳам камдир.
Бахтсизлик томондан бахт сари жилсанг,
Бу бориш энг олий юриш, қадамдир.

Биродар, уқдингми, ўрнингдан тургин,
Боргин, бахтсизликдан бахтингни ярат.
Ундан тагкурси сол, сўнг уй ҳам қургин,
Бу бахтсиз дунёга хўп, кўп бахт тарат.

Бахтнинг гул уруғин сочгин, сеп кўпроқ,
Худо ҳам ҳаракат қилганга дўстдир.
Очунда бир сиқим қолмаса тупроқ,
Ҳовучингда бахтнинг дарахтин ўстир.

Бу бориш — яшашдан маъно топмоқдир,
Бу бориш — бировга яхшилик қилмоқ.
Бу бориш — бахтсизлар бозорин ёпмоқ,
Бу бориш — одамлар қалбини билмоқ.

Бу қадам — ўзингдан кечмоқ, бермоқдир,
Бу қадам — ўзликни топишнинг сеҳри.
Бу қадам — муҳаббат дурин термоқдир,
Бу қадам — болалар кулгиси, меҳри.

Бу юриш — Ватанга хизмат қилмоқдир,
Бу юриш — халқингга хизматкор бўлмоқ.
Бу юриш — дунёга байроқ илмоқдир,
Бу юриш — хотиржам яшаш, тинч ўлмоқ.

2025 йил 17 апрел,
Корея Республикаси Кападо ороли.


Фозил Фарҳод

👉 https://t.me/fozilfarhod 👈



Показано 17 последних публикаций.