КЎЗЛАРИНГИЗ
Кўзларингиз сеҳрли бунча,
Шу қорачиқ ичида қолдим.
Ундан сурур тилаган эдим
О, ўрнига тафт, олов олдим.
Бунча зебо бу қаро кўзлар
Нетай, ипсиз боғлади мени.
Ишқ боғига чорласам, ёраб,
Чўғ, оташга чоғлади мени.
Кўзларингиз ҳаводай тоза,
Пок туйғулар беради дилга.
Шабнамдаги кумуш зиёдан
Оппоқ наво кирар кўнгилга.
Бу кўзлар о, ғазалга ўхшар,
Қарашлари- равон сатрлар.
Бунга гувоҳ ҳазрат Навоий,
Бунга гувоҳ йиллар, асрлар.
Кўзларингиз алдоқчими ё,
Қаён қарар нени ахтариб?
Энди топдим деганда илло,
Қолмай ахир ночору ғариб.
Кўзларингиз мўъжизами ё,
Бир қарашда измига олди.
Нигоҳларим тўкилиб йўлга,
Висолингиз соғиниб толди.
Кўзларингиз ниҳоят майин,
Эркалайди туйғуларимни.
Ҳузурли он бахш этар, аммо
Кўп ўғирлар уйқуларимни.
Кўзларингиз ўқ каби, зебо,
Тешар ҳадсиз хаёл бағрини,
Жонимни ҳам қисади гўё
Бу дилимнинг яғир яғрини.
Кўзларингиз ва ё каромат,
Бор дунёни айлади равшан.
Тилагим шу: ўзимни ҳар он
Шу кўз ила кўра олсам ман.
Кўзларингиз бунча сеҳрли...
@farmontosh2025 йил 17 январь.