#ибрат
Акам телефон қилди: - Сени онам сўраяпти, бир келиб кетмасанг бўлмайди.
Юрагим ўртаниб кетди. “Бу чақириқ бекорга эмас. Демак, онамга нимадир бўлган. Нимадир бўлганда ҳам оғриқли нимадир. Эртага қолдириб бўлмайдиган дардли нимадир. Ҳозир бормасам бўлмайдиган ташвишли нимадир...” Ярим кечаси бўлишига қарамай, йўлга тушдим. Ёмғир ёғиб тургани учун, асфальт йўл қоп қорайиб кетган, тиқилинч, машиналар секин ҳаракатланарди. Атроф зим-зиё. Радио мурватини бураган эдим, ҳофизнинг ҳазин ноласи янгради: “Онам касалман деманг, Болам касалман деманг, Ҳоли ёмонман деманг, Адо бўламан.
Жон-у жаҳоним менинг,
Гули райҳоним менинг,
Сўлиб бораяпман деманг,
Тамом бўламан.
Қўшиқни тинглаб борар эканман, намланиб турган кўзларимдан ёш тўкила бошлади. Кўксим зириллаб, ичимни қалтироқ тутди, хўрланган ўксик овоз томоғимга тиқилди, тишимни тишимга босиб, инграб юбордим: “Наҳотки бу кунлар Онамнинг сўнгги кунлари, сўнгги лаҳзалари, наҳотки онам видолашув учун чақираётган бўлса??”
Ховосга кириб борганимда, тунги иккилар эди. Онам ухлаб ётган экан. Сингилларим:” Уйғотманг, сизни сўраб сўраб, ҳозиргина уйқуга кетдилар, чарчадилар, кун бўйи йўлга қараб ўтирдилар, ҳеч нарса емадилар, сизни қаттиқ соғинган эканлар, чақир тез етиб келсин, бўлмаса мени Тошкентга олиб боринглар, бўлмаса мен ўзим йўлга чиқиб кетавераман, боламга бир нарса бўлган, болам бир жойда оғриб ётибди, бўлмаса келарди, боламни топиб беринглар” деб кийимларини ахтариб қолдилар. Дўхтир, совуқда кўчага чиқиш мумкин эмас, йўл қўймайман деб зўрға тинчитди. Бўлмаса, онамни тўхтатишга бизни кучимиз етмасди.” – деди.
“Оҳ, Онажоним-а, оҳ Онажоним-а, жон-у жаҳоним онам-а, оҳ қайлардадир санғиб юрган, эси йўқ, ақлу ҳуши йўқ, ғариб, дайди, нимкала боласини соғинган Онажоним-а, мени одам ўрнида кўриб юрган Онажоним-а, шунчалик соғинчингизга арзитдингизми мени Онажон, арзимайман мен, ҳеч арзимайман”
Онамнинг бошида, тиқ этган товуш чиқармай, жим, нафасимизни ютиб ўтирган эдик, бир пайт онам уйқусираб, алағда, узуқ юлуқ гапира бошлади: “Муҳаммаджон, болам қаердасан? Бошингга нима иш тушди. Нега келавермайсан? Касал бўлдингми? Ётиб қолдингми? Оёғинг оғридими? Ё пулинг йўқми болам? Ким сени бунча хўрлади. Кел ахир! Нега қартайган қари Онам бориди, йўлимга қараб ўтирибди деб келавермайсан. Соғиндим кел, сени бир кўрай, бир қучоқлаб ўпай, бир ўзингни кўрсатиб кет? Бир жойинг оғрияптими, жонимни берай сенга болажоним. Айт, қаердасан, ҳозир ўрмалаб бўлса ҳам олдингга бораман. Мени қариб қолди дема, ҳали жоним бор, ҳали қаерда бўлсанг ҳам, ер юзини гир айланиб бўлса ҳам олдингга етиб боришга кучим етади. Жон болам, узоқларда қолиб кетган шўрлик болам, онасини олдида юрмаган ой болам, кўзимнинг нури, белимнинг қуввати, жоним жигарим болам, кееел!”
Онамнинг кўзлари юмуқ бўлса ҳам, қовоқларининг зийидан кўз ёши тинимсиз оқарди. Мен ухлаб ётган Зулайҳо хожи онамни юз кўзларидан қучоқлаб ўпа бошладим.
Азизлар, бу воқеа менинг ҳаётимда биринчи марта рўй бериши. Онам мени яхши кўришини билардим. Лекин уйқуда, беҳуш ҳолатда ҳам мени бунчалик яхши кўришини биринчи марта кўриб туришим эди. Ҳа, оналар мана шундай, сизнинг ҳам онангиз мана шундай, бутун жон жаҳони билан сизни яхши кўради, сизни соғинади, таналаридаги миллион миллион ҳужайралари билан яхши кўради. Ҳатто уйқу ҳолатларида ҳам, ҳатто беҳуш бўлсалар ҳам, юрак юраклари билан, таналаридаги ҳамма ҳаммма қон томирлари, ҳамма фикру ўйлари, жон-у жаҳонлари билан сизни соғинади. Битта менинг онам эмас, ҳаммма ҳамммамизнинг оналаримиз шундай севади. Ҳоҳ ўнгларида, ҳоҳ тушларида, ҳох ҳушсиз бўлсалар ҳам, таналарида сўнгги томчи қон қолган бўлса ҳам, ўша сўнгги қон билан бизни дунёдаги энг азиз инсон дея севадилар. Ўнгида севгани, соғиниб ўртангани учун ҳаммамиз оналаримизга олтиндан хайкал қўйишимиз керак. Беҳуш ҳолатларида ҳам севганидан кейин бундай оналарга бриллиантдан хайкал қўйсак, камлик қилади. Бундай муҳаббатнинг баҳоси йўқ. Ҳеч ким бизни оналаримизчалик севмайди.