Erkin Vohidov ijodi


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Книги


Саҳифада Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар бериб борилади.
ШОИР ФАОЛИЯТИ УШБУ ЯНГИ КАНАЛДА ЁРИТИЛА БОШЛАНДИ.

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Книги
Статистика
Фильтр публикаций


🗺 МАТМУСАНИНГ АМЕРИКА ОЧИШИ

"Донишқишлоқ ҳангомалари" туркумидан

Газета ўқиб ётиб
Матмуса ўй ўйлади.
Элни йиғиб эрталаб
Шундай бир нутқ сўйлади.

Донолар! Сизга айтай
Ўйлаган бир хаёлим.
Уни айтишдан аввал
Бордир битта саволим.

Айтинг, Америкага
Ким дастлаб қўйган қадам?
Колумбми? Йўқ! Хитойлар —
Беш минг йилча муқаддам.

Улар борган кунчиқар,
Яъни бизнинг томондан.
Сўнг бу қитъани очган
Колумб нариги ёндан.

Энди мен сизга айтсам
Мақсаду муддаони:
Бизнинг замон номчиқар
Иш қилмоқнинг замони.

Киройи донг таратсак
Дунёга таратайлик.
Америка очмоққа
Янги йўл яратайлик.

Киришсак Хитойни ҳам
Колумбни ҳам йиқамиз.
Шу жойдан ер кавласак
Нью-Йоркдан чиқамиз.

Лекин бизлар қазиймиз
Қишлоқнинг этагидан.
Шунда тешиб чиқамиз
Нақд Оқ уйнинг тагидан.

Жаҳонни лол қолдириб
Шуҳрат олиб қайтамиз.
Президентни шартта
Қопга солиб қайтамиз.

Жаҳоншумул инқилоб
Бундан осон ҳал бўлмас.
Ер юзида шундан сўнг
Бою камбағал бўлмас.

Матмусага қарсаклар
Остида тўн ёпилди.
Аммо — лекин баъзи бир
«Мужмал»лар ҳам топилди.

Кимдир деди: — Бу иш зўр,
Менда фақат бир хаёл:
Ер дарз кетса, иккига
Бўлиниши эҳтимол.

Биров деди: — Биз агар
Ер шарин тешиб қўйсак,
Ғўрилаб шамол юрса
Бўлмасмикин елвизак?

Ва лекин Матмусани
Ёқлаб кетди кўпчилик.
Ваҳима қилганларни
Боплаб кетди кўпчилик.

Донишқишлоқ шу кундан
Бошқа ишни ташлади.
Матмуса айтган жойдан
Хандақ кавлай бошлади.

Роса терга тушдилар,
Кун тобида, ер заранг.
Иш битай деган чоғда
Сув чиқиб қолди, қаранг.

Ишга тушди пақирлар,
Бир зум ором бўлмади.
Кечгача сув тортдилар,
У ҳеч тамом бўлмади.

Тиришдилар кун бўйи,
Эрталаб тиришдилар.
Бўлмагач, бошқа ерни
Кавлашга киришдилар.

Дониш аҳли чайир халқ,
Дониш аҳли кўп шоввоз.
Ер қазиб, сув чиқариб
Ўтди кўп қиш ва кўп ёз.

Бу меҳнатдан кўмилди
Ярим қишлоқ тупроққа.
Қолган ярми айланди
Қурбақазор ботқоққа.

Кўп вақтки, Донишқишлоқ
Мингқудуқ деб аталар.
Эл ичида Матмуса
Мирқуруқ деб аталар.

Лекин у йўлдан қайтмас,
Дер, бу йўл ҳақ йўлидир.
Халқ уни танлаган, бас,
Демак, у халқ йўлидир.

Симирамиз сув келса,
Тош келса кемирамиз,
Очамиз Америка,
Сўнг уни емирамиз.

Яқинда у қишлоқдан
Келди яхши бир хабар.
Пудратга ўтганмишлар
У ерда ҳам одамлар.

Бориб кўрдим, шиддат зўр,
Умид катта, иш катта.
Ғайрат қилган бир жойдан
Тешиб чиқар албатта.

✍  Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1980-йиллар

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
🎼  🎧 ЭЙ, САБО

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов шеъри

🎤 🪕🎸 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомаърупов ижро қилган.

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


Репост из: Erkin Vohidov nomidagi ijod maktabi
🔥 “SHE’RYURAK” DAVOM ETADI!

💥Erkin Vohidov nomidagi ijod maktabi “She’ryurak” adabiy tanlovining O‘zbekiston xalq shoiri Erkin Vohidov tavalludining 88 yilligiga bag‘ishlangan 2-mavsumiga start beradi.

🤓 Tanlovda yoshidan qat’i nazar Respublikamiz bo‘ylab ijod qilib kelayotgan o‘quvchi-yoshlar va barcha shoirlar qatnashish imkoniyatiga ega.

🙋🏻‍♂️ Ishtirok etish uchun o‘zingiz haqingizda qisqa ma’lumot, 5 ta she’ringiz va telefon raqamingiz joylangan word faylni bizga yuborishingiz kerak bo‘ladi.

📞 Biz saralashdan o‘tgan ijdokorlar bilan bog‘lanamiz.

😳 Gʻoliblarga quyidagi mukofotlar topshiriladi:

1-o‘rin uchun Noutbook;
2-o‘rin uchun Smartfon;
3-o‘rin uchun kitoblar jamlanmasi.


Tanlov haqida batafsil: Tanlov nizomi

Materiallarni ko‘rsatilgan shartlar bo‘yicha 5-dekabrga qadar https://t.me/evtanlovbot telegram manziliga yuborishingizni so‘raymiz.

🔎Erkin Vohidov nomidagi ijod maktabining ijtimoiy tarmoqdagi sahifalari👇

👉TelegramI OromgohI FacebookI YoutubeI O‘zbegim👈


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
🎞#Тасвирга_муҳрланган_лаҳзалар

💿 КАМТАРЛИК ҲАҚИДА ШЕЪР

💽 Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов (муаллиф) ўқиганлар.

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


☀️ Ўлтирмоқ эл ичра юқорироқдин,
Ўлтирмоқ эл ичра юқорироқ бил.

❇️ Икки сатр сўнгги икки ҳарфдан ташқари, айнан такрорланган ва ажойиб санъат ишлатилган. Маъноси: элдан юқорироқ ўлтиришдан кўра эл ичида ўлтиришни афзалроқ-юқорироқ бил.
Сўзларнинг маъно товланишларига эътибор беринг. Биринчи сатрдаги «эл ичра» «элга нисбатан» маъносида, иккинчи сатрдаги «эл ичра» ўрин маъносида. Биринчи сатрдаги «юқорироқ» ўринни, иккинчисидаги «юқорироқ» – афзалликни, яъни нисбатни билдиради.
Ҳар икки байтда гўзал санъат бор. Лекин муҳими шундаки, гўзал санъатнинг ўзигина эмас. Ҳар икки байтда жуда муҳим ва сабоқли чуқур инсоний ғоя ўз ифодасини топган. Даҳо санъаткорларда доимо ана шундай бўлган. Санъат олижаноб ғояни ифода этиш учун хизмат қилган

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, "Санъат ва тафаккур" мақоласидан, 1978 йил

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


💫 Бизда шундай шоирлар борки, номини ҳамма билади-ю, бирор сатрини кимса билмайди. Бундан кўра, номи ўчиб кетса ҳам, бир байти эл орасида қолгани аълодир.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов билан қилинган "Шеър ва шоир дунёси" номли суҳбатдан, 1983 йил

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


☀️ ...Инсон ўлмас ўлдирмаса ғам,
Макон қилмас қаро турбатни.
Кўрса агар тиригида ҳам,
Ўлганида топган ҳурматни...

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, "Қиш ҳаловати"дан

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


💫 Истасанг тоза кўнгилга қўнмасин зарра ғубор,
Пок сўзу пок иш ва пок дил, пок хаёл бўлмоқ керак.

Жисму жонимга десанг, бегона бўлсин хасталик,
Ишқу завқу дарди бирла хастаҳол бўлмоқ керак.

Қалбга истарсан шифо гар, бўл ёмон сўздан йироқ,
«Карвалол» ичмоқ керакмас, кар ва лол бўлмоқ керак.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 2006 йил

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


🗿БУ КЎҲНА ҲАСРАТ
"Ё Раб, қандоқ кунга қолдик, бу нечук савдо?
Одамларда на шафқат бор, на меҳру вафо?
Йигитларда одоб йўқдир, қизлар ҳаёсиз,
Хотин зоти кун ўтказмас бир можаросиз.
Қўйиб берса эл бир-бирин ўяр кўзини,
Овбошилар эса фақат ўйлар ўзини...
Дунё охир, биродарлар, йўқ энди ҳаёт,
Куни кеча тамом бўлди охирги мамонт..."
Қадим аждод ўкинч билан чўкиб сояга,
Бу сўзларни чўкич билан ёзди қояга.

✍  Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1981 йил

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


💫 Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам.
Дўст қадам қўймас эса,
Вайронадир кошона ҳам.

Интизор ҳар уй диловар,
Дилкушолар базмига.
Гар оёқ қўйса қабоҳат,
Йиғлагай остона ҳам.

Яхши дўстлар даврасида,
Очилурсан ҳар замон.
Кўркни шода ичра топгай,
Марварид дурдона ҳам.

Сўрма мендан, ким дилоро,
Дўстми ё жонона деб.
Дўст менинг кўнглимдадир,
Жонимдадур жонона ҳам.

Қочма ростгўй дўстларнинг,
Коҳишу озоридан.
Қадди рост шамнинг тилидан
Ўртанур парвона ҳам.

Дўст қидир, дўст топ жаҳонда,
Дўст юз минг бўлса оз.
Кўп эрур бисёр душман,
Бўлса у бир дона ҳам.

Ким сенга ҳамроз эмасдир,
Боғараз деб ўйлама.
Гоҳи душманлик қилурлар,
Қўл сиқиб дўстона ҳам.

Дўсти содиқ йўқ экан деб
Ўртаниб куйма ва лек.
Меҳр уйин кенг очсанг, Эркин,
Дўст бўлур бегона ҳам!..

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1967 йил

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
🎼 ДЎСТ БИЛАН ОБОД УЙИНГ

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов шеъри

🎙 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағрупов куйлаган.

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


БИРИНЧИ КУРСДА…

Энди ўйлаб қарасам, камтарлик ҳақидаги шеъримни биринчи курсда ўқиб юрган пайтимда ёзган эканман. Бу шеърни бадиий жиҳатдан жуда юқори деёлмайман-у, аммо ундаги образли тафаккур — чойнакнинг жўмраги бурнини кўтариб турган одамга ўхшаши, пиёланинг камтарлиги, одамнинг чой ичганда уни ўпгандек бўлиши ўша пайтда ҳамманинг эътиборига тушган. Албатта бу шеърни бугун ёзсам, бутунлай бошқача ёзарган бўлардим.
Ундан кейин «Пўлат» деган шеърим оғизга тушди. Тўгаракда гап-сўз бўлди. Газеталарга чиққанидан кейин одамлар ёд олишди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


Камтарлик ҳақида

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?!..

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам,
Ўтма ғурур остонасидан,
Пиёлани инсон шунинг-чун,
Ўпар доим пешонасидан.

✍️ Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1959 йил

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


🇺🇿🕊ВАТАН ИСТАГИ

Бу ватанда бир Ватан
Қурмоқни истайдир кўнгил,
Ҳзни озод қуш каби
Кўрмоқни истайдир кўнгил.

Бу Ватан тимсоли бўлса
Тонг қуёши шуълавор,
Шуълалар қўйнида чарх —
Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватанга байроқ — инсоф,
Туғи сарҳад муҳри — меҳр,
Сарҳад узра соқчидек
Турмоқни истайдир кўнгил.

Ким бу тупроқ қадрин истар
Айламоқ тупроққа тенг,
Кўзига тупроқ билан
Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватан елканларини
Маърифат уммонида
Қиблаи имон сари
Бурмоқни истайдир кўнгил.

Бас, етар ёлғон саодат,
Ўлғон эрк, ёлғон ватан,
Ўуррият завқини чин
Сурмоқни истайдир кўнгил.

Қутлуғ истиқлол кунида,
Эй Ватан, бағрингда шод
Эркин ўғлонинг бўлиб
Юрмоқни истайдир кўнгил.

✍️Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1990 йил

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


МАТМУСАНИНГ ҲАЙКАЛИ

("Донишқишлоқ ҳангомалари" туркумидан)


Матмуса — буюк одам!
Матмуса зўр саркордир!
Унга, тирик бўлса ҳам,
Ҳайкал қурмоқ даркордир!

Келишдилар донолар,
Ташаббускор кўп эди.
Матмуса-чи? У — камтар,
Йуқ демади, хўп деди.

Жуда катта шаҳардан
Чақирдилар устани.
Иш бошланди саҳардан,
Ҳа, яшавор! Бос, қани!

Доноларда зўр ғайрат,
Доноларда куч катта.
Лекин улуғ ҳаракат
Осон бўлмас, албатта.

Кимнидир харсанг босди
Кавлаганда тагидан.
Кимдир аррада кесди
Ёғоч деб билагидан.

Қоришмада бир доно
Тиззадан ботиб қолди.
Ботса майли-я, аммо
Цементда қотиб қолди.

Барибир денг минг олқиш,
Зафар қайда чекмай жон?
Саратон бошланган иш,
Хуллас, битди қаҳратон.

Қийқириқ, ҳай-ҳай билан
Майдонга эл сочилди.
Ғата-ғут карнай билан
Кўринг, ҳайкал очилди.

Сиз бундоқ ажиб тасвир
Кўрмагансиз жаҳонда.
Матмуса турар магрур
Яхтак, узун иштонда.

Халойиққа кўрсатиб
Бахт-саодат йўлини,
Полвон турар узатиб
Машриққа ўнг қўлини.

Чап қўлида ушлаган
Тақясини ғижимлаб.
Ёнида чайнаб юган
Эшак турар гижинглаб.

Белбоғида осиғлиқ
Носқовоғи ярашган.
Ҳаммадан ҳам попуклик
Иштонбоғи ярашган.

Таърифи адо бўлмас,
Ҳамма лолу ҳайратда.
Лекин бехато бўлмас
Зўр асар ҳам, албатга.

Қўлда тақя — кўп улуғ,
Уста уни дўндирган.
Лек қўлдаги эсда йўқ,
Бошига ҳам қўндирган.

Пойабзал жуда яхши,
Фақат озгина янглиш —
Бир оёғида — маҳси,
Бир оёғида — калиш.

Эшак ҳам ўзига хос,
Бордир андак чатоғи:
Қулоғи битта, холос,
Лекин бешта оёғи.

Буларга аҳли дониш
Қилгани йўқ эътибор.
Чунки асосий янглиш —
Бошқа, улар кўп ҳушёр.

Ҳаммага ҳам жон ширин,
Ахир шафқат керак-да.
Ҳаво совуқ, изғирин,
Нега ҳайкал яхтакда?

Шу ҳолатда мисли шам
Совуқда турса уч кун,
Матмуса ҳам, эшак ҳам
Ҳаром ўлиши мумкин.

Муҳокама вақтида
Матмуса ҳам бор эди.
У ишончу ахдида
Маҳкам, устувор эди.

Деди қатъий ва кескин:
Қайтадан қурмоқ керак!
Ҳайкал устига пўстин,
Бошига қалпоқ керак.

Эслади у жун пайпоқ,
Пахталик шимини ҳам.
Деди: қилинг қалинроқ
Эшак тўқимини ҳам.

Эл — ботир, элга балли,
Эл ҳужумга ташланди.
Матмусага ҳайкални
Қайта қуриш бошланди.

Иш бўлмади озмунча,
Кўплар бўлди қаҳрамон.
Янги ҳайкал битгунча
Ёз ҳам келди — саратон.

Мана, қуёш ўт пуркар,
Шиддат билан бир ёкда.
Бир ёкда ҳайкал турар
Поча-пўстин, қалпоқда.

Халқ кулар бу алфоздан,
Қаҳ-қаҳ, мазах битмайди.
Барча дер бир овоздан:
Бунақаси кетмайди.

Аввалгиси асли гўр,
Хатоси бир қоп эди.
Аммо уша эди зўр,
Ўша бизга боп эди,

Маъқулгина Матмуса
Ақли — шайинтарози.
Дер: «Кўпчилик не деса
Биз эмасмиз норози».

Яна меҳнат. Юз кунча
Тер тукдилар беармон.
Ёзги ҳайкал битгунча
Қиш келди-ку, қаҳратон...

Ким билсин бу чархпалак
Айланарди неча йил —
Қишда — ёзлик буз яхтак,
Ёзда — қишлик шамойил.

Лекин Матмуса бир кун
Ишни шартта қилди ҳал.
Деди: турт фасл учун
Қуринглар тўртта ҳайкал!

Халқ унга айтди олқиш
Тўртта ҳайкал қурамиз!
Баҳору ёз, кузу қиш
Алмаштириб турамиз!

Бу воқеа юз берган
Жуда олис замонда.
Энди эл ақли теран
Донишқишлоқ томонда.

Суриштирса агарда
Халқ юз фоиз саводлик.
Олимлари шаҳарда
Қилаётир устодлик.

Бориб кўрдим яқинда
Матмуса coғ юрипти.
Энди ёзу қиш унда
Битта ҳайкал турипти.

Эслаб ўтган у ишни
Ҳангомалар қилишар.
Ҳайкал — тош, ёзу қишни
Фарқ қилмайди, билишар.

Лек эҳтиёт ҳар ҳолда
Зарар қилмас ҳеч қачон.
Қиш келганда ҳайкалга
Ёпиб қўйишар чопон.

✍  Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов,1979-1982 йиллар

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


☀️ СОФ ҲАВОНИНГ ФОЙДАСИ

Қирқ йил ҳаёт қурдик
Хотинжон билан.
Қирқ йил бир-бировга
Ёндош, меҳрибон.
Уни "жоним" десам
Ҳаяжон билан.
У мени атайди
Ҳануз "акажон".
Олтмиш беш ёшимда
"Акажон" деса —
Не ажаб, мен ҳамон
Ёшликка ошно.
Ёшликнинг бир сири
Аҳиллик эса,
Иккинчиси — сайр,
Мусаффо ҳаво.
Фақат ўзимизга
Аён сиримиз,
Келишиб олганмиз
Гўшангадаёқ —
Жаҳлдан жунбушга
Келсак биримиз,
Ҳавога чиқамиз
Бошқамиз шу чоқ.
Танга даво экан
Соф ҳаво, билсам,
Неча кор, ёмғирда
Ивидим, қотдим.
Хотин билан қирқ йил
Яшаган бўлсам,
Қирқ йил соф ҳавода
Кечди ҳаётим.
Шундоқ умр кўрдик
Хотинжон билан,
У мени асради
Соғлом, навқирон.
Уни "жоним" десам
Ҳаяжон билан,
У мени атайди
Ҳануз "акажон".

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1981 йил

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


❄️ ​​ҚОРХАТ ❄️❄️
                   Шоира қизларга

Қор ёғар — осмонда оққушлар учар,
Қор ёғар — осмондан оқ укпар тушар.
Қор ёғар еру фалакни тўлдириб,
Бизлар эрсак иссиқ уйда ўлтириб,
Тарк этолмай халқимизнинг одатин
Ёзамиз дўстларга дўстлик қорхатин.
Қорхат асли қордай оппоқ дил хати,
Оқ кўнгилнинг меҳри, тафти, ҳурмати.
Ошинолик, чин вафо изҳори ул,
Гоҳи пинҳон севгининг иқрори ул.
Қор ёғар, қорхат ила, хуллас калом,
Шоира қизларга йўллаймиз салом.
Сизга, эй Гулчеҳра қизлар, Эътибор,
Айтамиз кўнгилда орзу неки бор.
Ой Ҳалима ҳам Малика, Турсуной,
Эй чирою файзга бою шеъри сой,
Сизга дилдан энг самимий эҳтиром,
Янги йилнинг табриги ҳам ассалом!
Энди келсак сўзнинг индаллосига,
Яъни қорхатнинг асл маъносига:
Янги йилда давра тузмоқ фарз бўлур,
Ким ютилса, бир зиёфат қарз бўлур.
Қорхат элтган элчимизни тутсангиз,
Тан берурмиз, қарз бўлурмиз, ютсангиз.
Йўқса ўзни катта ишга чоғлангиз,
Шу бугундан пеш этакни боғлангиз.
Бермангиз Гулчеҳраларга зарра дам,
Бирйўла ювгай мукофотларни ҳам.
Енг шимарсин Мўътабар, Ойдин букун,
Қарз улар бултурги достонлар учун.
Тутди бир қўлда газет, бир қўлда тор,
«Лирика»ни ювмади лек Эътибор.
Бибисора ҳам Санобар қайдадир,
Битта шеъри бир зиёфатга татир.
Хуллас, энди барчангиз ҳамдам бўлинг,
Худди «Қизлар давраси»дек жам бўлинг.
Шеър ёзар чоғидагидек ёнингиз,
Бунда дастурхонингиз — достонингиз.
Ўзингиз айланг товус янглиғ хиром,
Шеъриятдай тотли бўлсин ҳар таом.
Ол яноғингиз каби олма, анор,
Кўзларингиздек чарос боқсин хумор.
Эслатиб ҳам писталар хандонингиз,
Юзингиздек кулса ширмой нонингиз.
Бўлса бодомлар қабоғингиз каби,
Ҳам мурабболар дудоғингиз каби.
Лағмон эшиб тола-тола сочингиз,
Мисли ёйиб ташлагандай сочингиз.
Сочдаги баргакдайин кўк бодиринг,
Ҳам хино янглиғ патинжон олдиринг.
Тарвузу қовунни ҳам сероб қилинг,
Худди ошиқларни тилгандай тилинг.
Ҳар узум бўлсин дуру маржон каби,
Ё Мукаррам шеър ўқиб турган лаби.
Шабнамиким ой Нилуфар холидай,
Таъми Ойдин шеърларининг болидай.
Турса соз сизнинг ғазал янглиғ шароб,
Кирса боз бизнинг юрак янглиғ кабоб.
Ол анорни дилни эзгандай эзинг,
Шарбатини майни сузгандай сузинг,
Барча неъмат бир томону шеър соз,
Шеър бирлан бизни айланг сарфароз.
Ўлтириб оппоқ саҳардан токи шом
Бўлмасин ҳеч баҳсу шеърхонлик тамом.
Бу каби суҳбатга чин дўстлар аро
«Қилса арзир юз Саида жон фидо».
Мен бўлай бир неча ҳамроҳим билан.
Ўлмасу Абдулла, Иброҳим билан.
Боргумиз ютсак агар албатта биз,
Йўқса сиз иззатдаю хизматда биз.
Шоюсуф обкашда тонгдан сув ташир,
Ҳам Барот ўқлоғ тутиб ёйгай хамир.
Чучвара туккай Муҳаммад чўккалаб,
Ўт пудар Ҳусниддин ўздан ўпкалаб.
Не ажаб, куйса патир, ёнса қозон,
Тандир олдида Рауф, ошпаз — Омон.
«Ҳай» деб уф тортиб Жамол елпир кабоб,
Топмайин човлини Охунжон хуноб.
Шу маҳалда бир латифа, шубҳасиз,
Тўлқину Анварга сўйлайдур Азиз.
Оқибат меҳмонхона қоқ ер бўлур,
Катта дастурхонда ёлғиз шеър бўлур.
Бир томонда сиз пари рухсоралар,
Бир томонда биз ғариб бечоралар.
Ким қошин куйдиргану дўппини ким,
Бош эгармиз, ёлворармиз сизга жим...
Хат ёзилди, энди биз омад талаб,
Элчининг чаққонлигида ҳамма гап.
Йўлласак Маъруф Жалилни — анча бўш,
Ёки Сайёрми? У бўлмас, лаққа гўшт...
Хўш, ким элчи? Ҳа, билиб ишнинг кўзин,
Элчи қилдик мулла «Муштум»нинг ўзин.
Ушлаб олмоқнинг сира имкони йўқ,
Чунки у кетгувчи ер поёни йўқ...
Қор ёғар — осмонда оққушлар учар,
Қор ёғар — осмондан оқ укпар тушар.
Қор ёғар, қорхат ила хуллас калом,
Барча ой қизларга йўллаймиз салом.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1973 йил

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


❄️ Биринчи қор билан!

📩 Айтганча, "Қорхат" ёзишга улгурдингизми?

📩 "Қорхат" нима мақсадда ёзилади?

👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com


❇️  13  ноябрь - Усмон Носир таваллуд топган кун.

✅ Мен кўпинча Усмон Носирни кўрган, ҳамсуҳбат бўлган кишилар билан мулоқотда бўлганимда шоирнинг шахсиятига оид маълумотлар билан қизиқаман.

✅ Усмон Носирни кўрганлар унинг мард ва ўктам йигит бўлганини, шу билан бирга нозик руҳият эгаси эканини таъкидлайдилар.

✅ Қалби кенг, кўнгли очиқ, тўғри сўз ва жангари шоир йигитни кўп жиҳатдан рус шоири Сергей Есенинга ўхшаш кўраман. Усмон Носир худди улкан рус шоири каби оловли, исёнкор қалб эгаси, шеърият уфқида ногаҳон балқиган ёруғ юлдуз эди. У ҳам худди Есенин каби ижодда қийин изланиш йўлларини ўтди, ёш қалбининг минглаб саволларига жавоб қидирди. У ҳам ёруғ дунёни жуда эрта ва барвақт тарк этди. Есенин каби мушкул ва чалкаш давр гирдобида ҳалок бўлди.

✍  Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1982 йил

🎨 Усмон Носир портрети.
Рассом Азиза Маматова


👇👇👇
🌐
www.facebook.com/evohidov
🌐
https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐
www.erkinvohidov.com



Показано 20 последних публикаций.