Ню Йорк, Ню ЙоркСалкам бир ҳафта давомида АҚШнинг энг ажойиб шаҳрида тадқиқот қилдим. Бу вақтдаги таассуротларни шу ерда жамлаб ёзай:
Ню Йоркка Шомбург Қора танли маданияти маркази архивларида ишлаш учун келганман. Янги китобим учун ўтган асрда АҚШ ва дунёда жуда машҳур бўлган қора танли қўшиқчи Пол Робсон ҳаётига оид ҳужжатларни кўриб чиқишим керак. (Китоб лойиҳам ҳақида ҳали ёзарман).
Бу вақтдаги таассуротларни шу ерда жамлаб ёзай:
— НЙ жамоат транспортидан, хусусан метросидан фойдаланган одам биринчи навбатда унинг яхшигина ифлослигига аҳамият беради. Айниқса баъзи поездлар (мен 1, 2 ва 3 йўл поездларида кўп юрдим) бошқаларидан эскироқ, кўримсизроқ. Худди шундай, баъзи бекатлар (масалан мен ҳар куни борган Ҳарлемдаги 135 Street бекати) бошқаларидан ифлосроқ—релслар ораси қоп-қора сувга тўла, унда турли чиқиндилар сузиб юради, ню йорклик абжир каламушлар уёқдан буёққа югуриб юришади. Поездларнинг деразалари, эшиклари ҳам ойлар давомида тозаланмаган. Бекат платформаларига яқинлашаётган поездлар ҳақида маълумот бериб турадиган янги экранлар қўйилган, аммо буларнинг кўпини уриб синдириб улгуришибди.
— Манҳеттен оролини Статен Айленд билан сариқ паром боғлаб туради. Паромлар эрталабдан ярим тунгача ҳар ярим соатда юради. Қизиғи, паромга чиқиш ҳаммага текин. Паром Озодлик ҳайкалига яқин ўтади, бу пайт йўловчиларнинг кўпи кеманинг бир томонида йиғилиб, сурат ва селфига тушишади. Манҳеттенга яқинлашавергач эса, паромнинг олд қисмига ўтсангиз, филмлардагина кўриладиган ажойиб осмонўпар бинолар ғуж бўлиб турган манзарани яқиндан кўра оласиз.
— НЙда ҳар куни юрсангиз, ажойиб воқеа ва одамларга гувоҳ бўласиз. Бир куни архивга кетаётсам, уйсиз бир йигит ёнидаги ўриндиққа бир чангал ғижимланган долларларини қўйиб, ухлаб ётибди. Устидаги кийимининг янгилигидаги рангини билиш қийин, тирноқлари қоп-қора, одатий уйсиз йигит. Кўпчилик йўловчилар айланиб ўтди, ўтиргач уни роса томоша қилишди. Йигит мазза қилиб ухлади (поездим 25 дақиқача юради), ўрта-ўртада уйғониб, бутун вагонга "Sh*t!!!" деб бақириб ҳам қўйди. Кейин ўзига келиб, вагонда турли ширинликлар сотиб юрадиган болакайдан бир долларга сникерс сотиб олди, ҳаммага жилмайиб уни шу ернинг ўзида паққос ҳам туширди.
— Йўлнинг охирига етиб, 135 кўча бекатидан чиқаётсам, орқадан қараганда қўшиқчи 50 Centга ўхшаган новча бир йигитнинг қўлларига уч-тўрт полициячи кишан солиб, ушлаб туришган экан. Юзага чиқсам, бир нечта полиция машиналари йиғилган. Метрода нима иш қилди экан, деб, йўлимда давом этдим.
— Кеча архивдаги охирги куним бўлгани учун, ёпилгач, машҳур Марказий паркни айландим, унинг қанчалик катта эканига амин бўлдим. Паркда югуриш ва велосипед йўлаклари, кафелар, ҳовузлар—хуллас аҳолининг фаол дам олиши, учрашиб яхши вақт ўтказиши учун ҳамма шароит бор. Паркнинг жанубий учига етсангиз, ажойиб манзарага гувоҳ бўласиз—шаҳарнинг қоқ ўртасидаги бу табиат бўлагига тақалиб турган осмонўпар биноларни кўрасиз. Ажойиб баландликлаги бу бинолар худди паркка бостириб киришга уринаётган аскарлардек тизилиб туради. Бинолардан баъзилари шунчалик кичик майдонда қурилганки, узоқдан қараганда осмонўпарга эмас, кўпроқ баланд мўрига ўхшайди. Ер шунчалик танқис бўлсада, катта паркни қурилиш учун бўлиб топшириб юбормаган НЙ раҳбарияти, уларни назорат қилиб турадиган аҳолисига тасанно айтдим.
— Оқшомларнинг бирида дўстлар билан учрашиш учун Бруклинга, собиқ иттифоқдан иммигрантлар кўп яшайдиган туманга бордим. Дўстларимиз самарқандлик ватандошларимиз очган ресторанда ажойиб ўзбек овқатлари билан меҳмон қилишди. Бруклиннинг бу қисми кўчалари Тошкентнинг баъзи маҳаллаларига ўхшаб қолган, ҳар қадамда ўзбекча ёзувлар, русча номли дўконларни кўриш мумкин. Кетишдан олдин ҳамма мақтаётган Тошкент супермаркетига ҳам кириб кўрмоқчиман.
#Саёҳатлар #АҚШ
@profsherzod