Вақт ажратиб (шу иборани ишлатганлар сизларга ҳам жуда бир вақти кам одамлардек туюладими:) “Бек ва Лола” серияси мултфилмларини кўриб чиқдим. Бу мулфилмларни Ёшлар ишлари агентлиги ишлабди.
Бу мултфилмлар мактаб ёшига етмаганлар учун ишланган. Улар “ривожлантирувчи” (развивающие) мултфилмлар сирасига киради. Ривожлантирувчи мултфилмларда, кўпинча, аниқ бир сюжет бўлмайди, болага яхшилик, билим олиш каби қадриятларни сингдириш, тасаввурини кенгайтириш учун ишланади, жараёнлар ва ҳаракатлар такрорланади, позитивлик, мусиқа жўрлиги бўлади. “Бек ва Лола” саҳналарида, қаҳрамонлари кийимлари ва ўзини тутишларида чиройли графикалар билан миллийликка урғу берилибди. Кичкинтойлар Бек ва Лола тошкентлик бўлгани учун Тошкент шаҳри, кўчалари, хонадонлари кўринишига алоҳида эътибор берилган.
Ҳамма серияда жуда ўйноқи, рақсбоп мусиқалар танланган.
“Тонгги машқ” серияси болани бадантарбияга ўргатади, эски “Қилпиллама” халқ қўшиғи мусиқасига мосланган. “Алифбо ўрганамиз” серияси ҳарфларни ўргатишга чақиради, Дадахон Ҳасановнинг “Куйдиради” қўшиғи мусиқасига мосланган. “Энди нима қиламиз” серияси болани ортиқча ширинлик емасликка чақиради, “Қўғирчоғим Наташа” болалар қўшиғи мусиқаси мосланган. “Бир оиламиз ўзбекистонлик” сериясида Республикадаги барча ҳудудлар бир-бир санаб чиқилади ва ўзаро дўстлик тарғиб қилинади, Фаррух Зокировнинг “Чойхона бўлса” қўшиғи мусиқасидан фойдаланилган. “Дастёрлар” сериясида эса “Ойижон, бошгинам оғрийдия” деган болалар қўшиғидан фойдаланилган бўлиб, тантиқ қизча тилидан айтилган эски қўшиқ ўрнига дастёр бола тилидан янги сўзлар қўйиб ижро этилган. Фақат мултфилмлар охирида мусиқанинг асл муаллифи кўрсатиб ўтилмаганлигига ҳайрон бўлдим, ҳарқалай, айримлари халқ куйи эмас, муаллифи бор.
Барча мултфилмлардаги қўшиқлар бутунлай янги сўзлар билан ижро қилинган. Ижодкорлар боғча болаларга мос содда сўзлар танлашга уринган бўлиши мумкин, аммо назаримда қўшиқлар матни, қофиялари устида янаям ишлаш керак. “Шунга қорни оғрибди, томоғи ҳам оғрибди”, “Ҳарфларни ўрганамиз, ўқишни ўрганамиз, алифбони ўрганиб, билимдон бўламиз”, “Улар менинг тенгдошларим, энг яқин дугоналарим” каби жумлалар ўрнига қуйма, пишиқ жумлалар, қофиялар топса бўлар эди. “Бир оиламиз ўзбекистонлик” сериясида барча вилоятдан ва Қорақалпоғистондан қаҳрамонлар санаб ўтилганда ҳудудларнинг ўзига хослигига урғу берилса бўёқдорлиги ортарди, аммо фақат хоразмлик қизнинг лазгига чиройли ўйнаши тилга олинибди.
Умуман олганда яхши мултфилм ишланибди, болалар қизиқиб кўришмоқда, тақлид қилишга уринмоқда. Ижодкорлардан давомини ҳам кутиб қоламиз, мана шундай позитив, миллий мултфилмлар кўпайиб, болалар онгига яхши қадриятларни сингдираверсин.
Яна бир яхши ҳолат: мултфилм ижодкорлари орасида ўзбекча исм-шарифлар кўплиги бўлди. Одатда, биз тенгилар кўрган ўзбекмултфилмлар ижодкорлари орасида ўзбекча исм-фамилиялар сийрак учрарди, ўзимиздан ҳам яхши аниматорлар, графика усталари кўпайиб қолгани, албатта, қувонарли.
Мултфилмлар бу ерда
https://www.youtube.com/@Bekvalola/featured©
Шукуржон Исломов@domlajont.me/domlajon