Фестивал тарихни англаш ва халқларни бирлаштиришдир
2021 йил 18 феврал куни Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонаси бош директори Н.О.Хушвақов МДХ тарихчи олимлари ўртасида ташкил этилган халқаро онлайн конференцияда қуйидаги маъруза билан иштирок этди. Фестиваллар энг муҳим маданий тадбирлардан бири ҳисобланади. “Фестивал” француз тилидан олинган бўлиб “байрам” ёки “Оммавий сайил” маъноларини англатади. Фестивал – мусиқа, театр, эстрада, цирк, спорт ва кино оламидаги ютуқларнинг намойишидир. Одатда фестиваллар катта ёпиқ биноларда, далаларда, майдонларда, боғларда, тарихий обидаларда ва бошқа диққатга сазовор жойларда ўтказилади. Буюк Британияда дастлаб пайдо бўлган фестиваллар мусиқий тарзда ўтказилган. ХХ асрдан бошлаб халқаро фестиваллар машҳур бўлган. Ёшлар ва талабаларнинг фестиваллари “Тинчлик ва дўстлик учун” ва “Бирдамлик, тинчлик ва дўстлик учун” шиори остида ўтказиларди. Совет даврида мусиқа фестиваллари илк бор 30 - йилларда ташкил этилган. Ўзбекистонда фестивалларни ўтказиш кенг тарқалган бўлиб, улар халқимизнинг маданий ютуқларини намойиш этиш, шу билан биргаликда халқлар ва мамлакатлар ўртасида маданият соҳасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган. Масалан, ҳар икки йилда бир марта Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида фестиваллар ўтказилмоқда. Самарқанда XV XVI асрларда барпо этилган Регистон тарихий меъморий мажмуасида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Шаҳрисабздаги Оқсарой тарихий ёдгорлиги ҳудудида “Мақом” мусиқа санъатига бағишланган халқаро фестивали, Термизда “Бахшичилик” санъатига бағишланган халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Совет иттифоқи даврида ўтказиб келинган Осиё ва Европа халқаро кинофестивали 2021 йилдан бошлаб давом этади. Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро фестивалларнинг асосий мақсади, 110 дан ортиқ миллатдан иборат Ўзбекистон халқларининг маданий мероси ва кўп асрлик тарихини тарғиб қилишдир. Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонаси бош директори Н.Хушвақовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонлик делегация аъзолари 2018 йилда Самарада бўлиб ўтган “Рус. Бирлашиш даври” Халқаро фестивалда иштирок этганликларидан ниҳоятда мамнун бўлишган. Ушбу фестивал Россия учун ҳам муҳим роль ўйнайди. Таниқли тарихчилар ва академикларнинг таъкидлашича, Россия давлатчилигига пойдевор қўйилишига энг муҳм воқеалардан бири, буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур томонидан Самара вилоятидаги Красно Яр ҳудудида Олтин Ўрдани мағлубиятга учратиши эди. Ушбу назарияни ХXI асрда Россиянинг кўплаб тарихчилари, сиёсатшунослари, этнографлари ва ёзувчилари тўлдирдилар. Дмитрий Агалаковнинг “Ўрда бўриси. Самарқанд шери” деб номланган тарихий - бадиий романининг нашр этилиши бунга яққол мисолдир. Биз Татаристон Республикаси тарихчиларининг ушбу назарияга нисбатан қарама – қарши нуқтаи назарлари ва фикрларини ҳурмат қиламиз. Дарҳақиқат, фестивалнинг асосий мақсади, муайян географик ҳудудда яшовчи турли миллат ва элатларни маънавий бирлаштиришга хизмат қилишдир. “Рус. Бирлашиш даври” халқаро фестивали бунинг ёрқин намунасидир.
Конференция сўнггида Н.О.Хушвақов қуйидаги таклифларни киритди:
“Мен археолог, тарихчи ва музейшунос сифатида Самара вилоятида музей қўриқхона ташкил этиш ҳақида таклифим бор. Бунинг учун Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасидаги жанг бўлиб ўтган Красно Яр ҳудудини танлаш мақсадга мувофиқ. Ушбу жанг нафақат Старый Буян, балки Самара шаҳри яқинидаги ҳудудларни ҳам қамраб олган. Музей қўриқхонани ташкил қилишда ноёб асори - атиқаларни қаердан тўплаш кераклиги ҳақида савол туғилши мумкин.
Экспонатсиз музейлар ҳам мавжуд: масалан, Новосибирскда, табиатнинг ўзи, географияси, ери ва халқ афсоналари музей экспонатлари ва ноёб асори - атиқалари сифатида хизмат қилиши мумкин”.
Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонаси матбуот хизмати