Kanada orzusi


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


Канада ҳақида кўпроқ ёзсам, гапириб қўйсам, кечиринг! Чунки шу ердамиз)

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций


BBC'да Ўзбекистонда туризм ривожи учун қурилаётган янги, замонавий иншоотларнинг аслида туризм соҳасига зарари ҳақида мақола чиқибди.

Тарихий шаҳарларда қурилаётган турли-туман ситилар, кўҳна мажмуага яқин қад кўтараётган иморатлар сайёҳларни кўпам жалб этмаслиги, Ўзбекистон советлардан мерос хатони такрорлаётгани ҳам айтилибди (муаллиф кузатувларини давом эттириши керак, менимча)

Ростанам, сайёҳ замонавий бинони кўраман деб келмайди, аллақандай ситига кўзи учиб тургани ҳам йўқ. Мегаполислардан, якрангликдан чарчаган одам экзотик маскан қидиради, тарих нафасини сезишга, неча минг йиллик экспонат билан юзлашишга югуради, туб аҳоли турмуш тарзининг сунъий эмас, ҳақиқатга яқин манзарасини кўргиси келади.

Талабаликдан Самарқанд дарвоза маҳаллалари, Тошкентнинг эски шаҳар қисми, Навоий кўчаси, Чорсу, Эски жўва бозори, Ўрда, Зарқайнар тарафларда кезишни ёқтирардим. Абдулла Қодирий маҳалласига борганимда, ҳаяжонланиб кетгандим: шу кўчалардан Қодирий домла ўтиб-қайтган-а, деб.
Охирги йиллари қандайдир ситилар, савдо марказлари қурилди, биттасигаям бормабман.

Ўзимиз ҳам Ўзбекистон ичида яшаб, Бухоро, Самарқанд ёки Хивага ситини деб эмас, кўҳна обида, қадамжо, музейларини кўргани борамиз. Келадиган сайёҳ ҳам шундай-да. Туризмдан келадиган даромад ҳаммага фойда. Лекин эски иморатни нозик идишлар дўконига кириб қолган филдек “синдириб”, бузиб ё муҳофазага олинган объектга зарар етказиб, топган уч-тўрт тангани тезда йўқотиш ҳам мумкин-да.

@chnizomiddinova


#tadqiqot

Ўзбекистонда диссертация ёздириш нархи $3000 дан $5000 гача бўлиши мумкин экан. Манба.

Мен ҳам уч-тўрт кишини биламан – пулга ёздирган PhD ишини. Ҳозир университетда ишлаб, дарс бериб юришибди.

Бакалавр ё магистр пайтимиз диплом иши ҳимояси ўтгач, CD дискка ёзиб топишириш сўраларди асосий матнни. Нега десам, архивда туриши керак деб бўрттиришарди вазиятни. Билсам, биздан кейин келадиган ота-онасининг эркатойларига айрим “савобталаб”, “бола бечора ўсал бўлиб қолмасин” дейдиган серҳиммат “домлалар” тайёр ишларни юмалоқ ёстиқ қилиб “яп-янги диплом иши” ясаб беришаркан.
Мен диплом ва магистр иши ёзган йиллари (2016 ва 2018 йил) плагиаторликка қарши кураш деган гаплар номига эди, холос.

@chnizomiddinova


🌨 Шундай тўхтамай ёғаверса, эртага тиззагача етса керак...

@chnizomiddinova


Шу китобни ўқияпман. Жонатан Ҳайдт телефон, гаджетлар, ижтимоий тармоқларга қарам янги авлоднинг бугунги ва эртанги муаммоларини таҳлил қилибди.

Бир ўринда муаллиф болалар ўйинларига тўхталади. Яъни телефонга қарам авлод пайдо бўлмасидан аввал болалар ўйинлари шахс шаклланишида қанчалик муҳим бўлганини айтади.

Шу таҳлилларини ўқиётиб, хаёлимга Шукур Холмирзаевнинг болалар ўйинларига бағишланган бетакрор ҳикоялари келди. Адиб ўйиннинг бола характеридаги ролини тиниқ тасвирлаган. Ўйинларда ҳалоллик, ғирромлик, устамонлик, чаққонлик, синчилик, қувлик ва бошқа сифатлар шаклланиши мумкин. Ё шахсга айланади, ё...

Яна шу мавзудаги ҳикояни Муҳаммад Шарифнинг “Толкўприк” китобида ўқигандим.
Болаликдаги чиллак, бештош, ланка, пақпақ(лой ўйини) ва ҳоказо ўйинларда ютиш, ютқизиш ҳаёт-мамотдек туюлган. Ютган – шод, ютқизган уйига шумшайиб, эртанги ўйинни яхшироқ ўйнаш режасини тузиб қайтарди.

Афсуски, телефонга қарам бўлаётган болаларнинг шундай ўйинлар билан улғаяётгани ҳақида бугун эшитмайман.

@chnizomiddinova


Эронликларнинг бир-бири билан хайрлашаётганда ишлатадиган ибораси ёқди — “Худо ҳафез”

@chnizomiddinova


Китоб дўконида кўриб қолдим: 1500 йилдан буёғига чоп этилган француз, немис ва лотин тилларидаги нодир китоблар экан. Кўпи яхши сақланган.

@chnizomiddinova


#maktab_formasi

Баъзан йўқ жойдан “мактаб формаси”, вазирлик стандарти, “долзарб форма ойлиги” деган гаплар чиқиб қолади. Ҳамма бир хил кийиниши керак, палон пулга мактаб тасдиқлаб берганини олсин, ҳаммаси мажбурий деган “қатъий талаблар”дан, рости, энсам қотади.

Бундай қоидаларни мактабига хоҳлаганини кийиб, вақти келса, пижамаси, уй шиппаги, севимли ўйинчоғи билан дарсда ўтирадиган эдмонтонлик ўқувчи эшитиб, миясига сиғдиролмаса керак. Бола ўзига қулайини кийиб келади.

Тўғри, ҳар нарсада меъёр, муайян чеклов бор – бу ердагилар ҳам шунга риоя этади, жуда бачканалашмайди. Аммо жонажонда формадан-да муҳим ишлар тиқилиб ётганда яна форма дейилса, ёмғир ёғиб, лой-балчиққа айланган йўлдан мактабига қатнаётган болалар расми кўз олдимга келади.

Мактаблари таъмирталаб, канализация етиб бормаган ёки ичимлик сувда муаммоси талай, дарсликлари баҳсталаб, танқидлар ичида қолган, ўқитувчилари маоши паст бўлган бир пайтда формага ёпишиш – пойдевори қулай деяётган уйни косметик таъмирлашга ўхшайди мен учун. Ялтираб турса бўлди-да.

Қизим 1-синфга Эдмонтонда чиқди (бундан, рости, хурсандман. Чунки икки давлат таълим тизимини таққослайвермайди). Ҳеч қандай форма, алоҳида кийим олиб бермадик. Бисотида борини, ҳали кичраймаган бўлса, ювиб, дазмоллаб кийиб чиқаверди. Август охирида мактаб бозорига югур, янги носки, сочига тасма, кофта-юбка, дафтар-ручка ол қилмадик.

Ўқув қуроллари мактаб маъмурияти имейлга юборган ҳавола орқали буюртма берилади – онлайн дўконнинг ўзи мактабга етказади. Бир йилда бир марта. Фонд пули, ремонт пули, дарслик ижараси, ўқитувчилар байрамига йиғ, 8-мартга совға ол, битирув кечасига кўйлак тиктир деган гаплар умуман йўқ.

Боланинг бор эътибори ўқиш, саводини яхшилаш, танқидий/ижодий фикрлашни ўстириш, жисмоний машғулотлар ва ижтимоий фаолликда бўлади.

Биз ота-оналар олдига мактаб маъмурияти қатъий талаб ёки шартлар қўймади бирор масалада. Аксинча, қандайдир тадбир, лойиҳа бўлса, узрхоҳлик билан имейл ёзилади ва вақт-шароитга қаралади. Боланинг ўқишдаги камчилиги, сустлиги ё муаммоси бўлса, синф раҳбари индивидуал гаплашиб, бирга ечим қидиради.

Афсуски, оҳори тўкилмаган форма жорий қилган билан таълим ривожланиб, болалар ақлли, илмда пешқадам бўлиб кетмайди-да.

@chnizomiddinova


#maktab_xabarlari
13 январдан бери Эдмонтонда мактаб техник ходимлари намойиши бўляпти. Шаҳардаги 3 та мактаб олдида ҳар куни 3000 дан ортиқ ишчи (ҳамшира, таржимон, қабулхона маъмури, ижтимоий хизмат ходими ва ҳкз) маош оширилиши, меҳнатига одамдек ҳақ тўланишини талаб этиб, норозилигини билдиряпти.

Ўтган ҳафта давомида қизим ўқийдиган бошланғич синф мактабидаги ҳолатни кузатдим. Ёрдамчи куч йўқлигига ҳамма иш директор ва ўқитувчилар зиммасида қолди.

Телефон қўнғироғи, имейл, эшик қўнғироғи, барча маъмурий ишга директор масъул бўлди.

Эшик олдида ҳар тонг болаларни кутиб-кузатишга ўқитувчилар галма гал навбатчилик қилди.

Автобусда келадиган болаларни боғча мудири (мактаб ичида боғча бор ва ундаги ишчилар ҳам намойишда) рўйхатдан ўтказди, ўқитувчилар эса ўқувчиларни ичкарига олиб кирди.

Техник ходимлар юмуши асосий иши фақат дарс беришдан иборат ўқитувчи елкасига тушди. Менимча, ёрдамчи куч қадри ўтган вақт ичи яхшигина билинди.

Энди муросага келишар.

Фотолар интернетдан олинди.

@chnizomiddinova


Кеча кичкинамни боғчадан олгани вақтлироқ бордим. Кийинтириб, кетишга тайёрлагунимча бир непаллик аёл билан суҳбатлашиб қолдим.

Непал ҳақида ҳужжатли фильм кўрганман, дегандим, гап-гапга уланиб кетди. Одатда “Қачондан бери Канададасиз?”, “Эдмонтон ёқдими?”, “Бошқа провинцияларда ҳам яшаб кўрганмизсиз?”га ўхшаш саволлардан бошланади гап. Суҳбатни шулар қиздиради-да.

Непаллик опанинг айтишича, Канадада яшаш у ва оиласи учун энг тўғри танлов бўлган экан. Саккиз йил олдин иккита сумкам, икки болам ва эрим билан келганмиз. Қўлимизда арзимаган чой чақа, оёғимда резина шиппак бор эди дейди. Ҳозир ўйлаганларимга озми-кўпми етдим. Астойдил ишласанг, бу ерда орзуларинг тезроқ ушалади – умринг қашшоқликда ўтиб кетмайди. Ҳарҳолда, оч қолмайсан, пулинг бўлади, дейди.

Непалда-чи, десам, устимдан куляпсанми, ўзимни юртимда шундай яшасам, совуқдан совуқ Канадага келармидим дегандек қаради.

Қандай тилда гаплашасизлар, деб сўрасам, расмий тил непали экан. Лекин юздан ортиқ қабила, каста тиллари бўлганига биримиз иккинчи кастани тушунишимиз қийин дейди. Унда умуммулоқот қандай бўлади, десам, инглиз тили бор-ку дейди. Унга кўра непалликларни инглиз тили бирлаштираркан. Бошқа каста тилини ўргангунча, сочим оқариб, умрим ўтади, инглиз тили энг осон, қулай тил дейди. Инглиз тилимиз бўлгани учун ҳам шундай давлатларга иккиланмай йўлга чиқаверамиз деб қўйди.

Яна бошқа гаплар ҳам бўлдию, уларни ёзмаганим яхши. Ўзим билганим етар😅

Ҳаёт қизиқ: бири ўзбекистонлик, бошқаси непаллик бўлан икки иммигрантнинг боғчада бир-бировига ҳасрат қопини очиб ўтиришини ким ўйлабди...

@chnizomiddinova


Тонг жуда чиройли отди бугун.


@chnizomiddinova


#parcha

“2009 йилдаги норозиликлардан кейин [Хитой] нафақат уйғурларни қамоққа олиб, ҳибсда сақлади, яна онлайн ва офлайн назорат воситаларининг янгидан янги турларини айнан Шинжонда синовдан ўтказди.

Уйғурлар қўл телефонига ‘мафкуравий вируслар’ни мунтазам аниқлайдиган, жумладан, Қуръон оятлари, диний маърузалар, ҳар қандай хабар-маълумотдаги шубҳали гапларни билиб берувчи ‘энага иловалар’ни юклаб олишга мажбурланади.

Бундай иловалар электрон китоблар харидини ҳам назорат қилиб, киши турган жойини кузатади ва полицияга маълумот юборади. Улар яна айрим хатти-ҳаракатларни: кимдир VPN юклаб олса, интернет тармоғидан анчагача узилса (оффлайн), кимдир уйида электрни кўп ишлатиб юборса (тунда махфий меҳмонлар келган бўлиши мумкин ахир) аниқлаб, шубҳа-гумон кўтаради.

Овоз танувчи технологиялар ва ҳатто ДНК намунаси олинган тампонлар уйғурлар қаерда юрибди, қайда бозорлик қиляпти, қайси йўлда машина ҳайдаб кетяпти – барини аниқлашга ишлатилган”.

Энн Эплбаумнинг “Autocracy, Inc” китобидан.

@chnizomiddinova


#Edmonton_kutubxonalari

Аввал ёзганимдек, ҳар шанба ёки якшанбада (совуқ забтига олмаса албатта) Эдмонтон кутубхоналарини айланяпмиз. Бугунгиси Jasper Place Library бўлди.

Бизга кўпроқ болалар бўлими кераклиги учун тўппа-тўғри шу томонга йўл оламиз. Лекин бугун борганимиз хийла кичик ва айрим бўлимлари ёнма-ён эканига, болаларга унча ёқмади. Кичкинамга шаталоқ отиб ўйнашига торлик қилди 😄

Лекин атмосфераси анча жонли. Тушга яқин янаям гавжумлашди. Кўпроқ кекса китобхонлар келаркан. Оилавий китобхонлар биз қайтаётганда кўпайди.

Хуллас, доим айтганимдек, кутубхона – бу қайсидир маънода одамларни бирлаштирувчи жой. Ўқийсан-ўрганасан, ўрни келса, ташрифчилар билан кўз танишга айланасан, кейин суҳбатлашасан, ҳатто, дўстлашиб ҳам қоласан. Балки шу сабаб ҳам кутубхоналардан қадам узилмас, ҳувиллаб қолмас...

@chnizomiddinova


#maktab_xabarlari

Директоримиз мактаб янгиликларидан доимий бохабар қилади. Қандай янгилик, тадбир ё ҳаракат бўлиши ҳақида имейл ёзади.

Таълим ҳаёт-мамот масаласи бўлгани учун ўша хабарлардан бир чимдимдан ёзиб турмоқчиман.

Хуллас:

– Душанба куни Эдмонтон мактабларида CUPE Local 3550 вакиллари, яъни маъмурий бошқарув ходимлари, кутубхоначилар, мактаб ҳамширалари, таржимонлари, техник ходимлари, дефектологлари, ассистентлари, ошпазлари, умуман, таълим ишларига орқа планда туриб ёрдам берувчи ходимлар маош масаласида норозилик намойиши бошларкан.

Шаҳар мактаблари бўйича суперинтендант шу ҳақида хат ёзиб, “ота-оналар, мактаб олди бу пайт оломонга тўла бўлиши мумкин, олдиндан режангизни қилинг” дебди. Намойишчилар билан тезда муроса столига ўтиришни ҳам истисно қилмабди.

Лекин бу билан дарслар, мактаб иши тўхтамайди. Ҳаммаси ўз ўрнида кетаверади доимгидек. Фақат намойишчилар кўчаларда плакат, қоғоз кўтариб, норозилигини билдираверади. 72 соатга чўзилиши мумкин экан.

Ўтган йил охири Канада почтаси ходимлари ҳам 30 кундан ортиқ намойиш ўтказганди. Почта бўлимлари шифтигача жўнатма, хатларга тўлиб кетгани, одамлар Крисмас совғасини вақтида ололмаслигини сезиб, ҳукумат ён берганди. Почтачилар бўш келмай, қанча бўлса, шунча кутганди. Кўрамиз, буниси қандай бўларкин...

– Яна бир энг муҳим ва қўрқинчли хабар – мактабда бит чиқибди😱
Қизимга айтсам, тушунмади. Нима у, деди. Гугллаб, фотосини кўрсатдим ва қандай паразитлигини тушунтирдим. Қўрқиб кетди, ёйган сочини тезда йиғди ва ҳалигача қайта-қайта сўраяпти: нима қилсам, битламайман деб. Уни кўриб, раҳмим келяпти. Бит нималигини билмаган одамга яхшигина зарба бўлди. Сочи узун, жони ширин, “Бит қонимни сўриб, ўлдириб қўйса-чи?” дейди.

Мактаб ҳам қараб турмайди. Битлаган боланинг ота-онасига бу билан қандай курашиш бўйича Алберта ССВ чиқарган йўриқномани беришибди. Агар бизам ташвишланиб қолсак, клиникага боришимиз мумкинлиги ёки қисқа ёрдам рақамига боғланиш айтилибди. Хуллас, бит дегани совуқми-иссиқми танламаскан. Бош бўлса, бўлди экан.

Ҳозирча шу икки хабар етса керак. Қолганларини кейин яна ёзаман.

@chnizomiddinova


Бугун ҳаво анча илиқ бўляпти. Минусдан плюсга ўтарканмиз🤗

@chnizomiddinova

Показано 14 последних публикаций.