Эшматнинг ранги қув ўчди.
— У ҳалиги… Мен сизни уйдамисиз, деб ўйлабман. Машинаси кечаси билан уйингиз ёнида эди. Ўзим хабар олиб турдим, хўжайин. Бирор бола у ер-бу ерига чизиб юбормасин, дедим-да. Лекин ҳамма сизни ҳурмат қилади. Айниқса, қўшниларингиз…
— Мен сендан шуни сўраяпманми, валак-салак?.. Уйимнинг ёнида пишириб қўйибдими?! Учиб бориб, чақириб кел бу ёққа!
— Хўп бўлади! — дея секретарь қўлини кўксига қўйиб, таъзим қилди-да, ортига ўгирилиб, югуриб кетди.
— Эси оғиб қолган бунинг, — деди унинг ортидан раис ва эндигина стол устидаги чойнакка қўл узатиши билан бухгалтер кириб келди. Толмас Бадриддинович унга кўз ости билан нигоҳ ташлаб:
— Ўртоқ Пардаев, қаерларда юрибсиз? — деди.
Бош бухгалтернинг кулгичи бор эди. Шу сабаб сал лаби ёйилса, икки юзида чуқурча пайдо бўлади. Аммо ҳамма ҳам кулгични кўравермасди. Раис кўради, Ҳайбатулло кўради. Кейин ора-чора хотини ва бир-иккита таниш-билиши кўради. Қолганлар қовоқ-тумшуғини кўришади. Нафрат, ғазаб кўришади. Пўписа эшитишади.
— Кассир икковимиз кечаги айтганингизни хамирдан қил суғургандай сип-силлиқ қилиб бажариб қўйдик. Фақат «қуруқ»ни қаерга оборишни сўраб келдим, — жавоб берди Пардаев мийиғида кулиб.
— Ўзи қуп-қуруқ бўлса, шуям муаммо бўлдими? Аввал қандай бўлган бўлса, ишни шундай бажараверасиз-да, бухгалтерлар отаси, — дея Толмас Бадриддинович кўзини хиёл қисди.
— Ўзим ҳам шундай деб ўйловдим. Шунинг учун папканинг ичига солиб, олиб келавердим, — дея тик турган жойида қўлтиғидаги папкани оча бошлади.
— Нозим ака, — деди раис қаншарини қашлаб, — баъзи пайтлари ёш болага ўхшаб кетасиз. Ўтирмайсизми?
— Энди, хўжайин, салобатингиз босади-да, салобатингиз.
— Салобатмас, амал босади, — деб Толмас Бадриддинович чўнтагидан бир қути сигарета олиб, столга ташлади.
Бош бухгалтер қийшанглаб, стулга ўтирди-да, папкасини тиззасига қўйиб очди. Бир даста йирик пулни (ўша пайтларда юз сўмлик энг йирик пул ҳисобланарди) олиб, стол устига қўйди.
— Эсингни едингми?! Узат бу ёққа! Биров кўрса, нима деб ўйлайди?.. — деди раис ҳовлиқиб.
Нозим Пардаев тезда эшик томонга қараб қўйди. Толмас Бадриддинович эса пулни тортмасига солди.
— Хўжайин, Сочига путёвка келганди. Ҳализамон пахта бошланади. Бир жойга қимирлаб бўлмайди. Рухсат берсангиз, келинингизни олиб, шамоллаб келсам, — деди бош бухгалтер пайтдан фойдаланиб.
— Эҳ, — дея шу заҳоти кўзларини олайтирди раис, — шундай дардингиз бор экан, эртароқ айтсангиз бўлмасмиди? Мен ўзим бирга ўқиган бир ошнам билан боришни мўлжаллаб қўювдим. Ҳатто унга айтиб ҳам қўйгандим. Ҳеч бўлмаганда, ўтган ҳафта хабардор қилганингиздаям майлийди. Бўпти. Январда Германияга турист бўп бориб келасиз ўн кунга. Айтганча, хотирам панд бермаётган бўлса, бир ўғлингиз ўша ёқда хизмат қилади…
Кайфияти бузила бошлаган Пардаевнинг «Германия» деган сўзни эшитиши билан юзи ёришди.
— Унда кампиргаям тўғрилаб берасиз. Боласини кўриб келсин.
— Кўндирдингиз.
Бош бухгалтер оғзи қулоғига етиб, чиқиб кетди-ю, ўрни совимасдан Ҳайбатулло кириб келди. Толмас Бадриддинович билан қуюқ сўрашди. Сўнг раисдан берухсат эшик тарафга қараб:
— Жиян, кир, — деди.
Толмас Бадриддиновичнинг энсаси қотди. Бироқ индамади. Ундан берухсат чақирилган кимсани кутди.
Узун бўйли, сочлари ўсган, ориқ, лекин тарвуздайгина қорин қўйган, қорачадан келган, кийим-боши тузуккина бир одам пайдо бўлди. Толмас Бадриддинович уни дарров таниди. Мактабда ўқитувчи. Адабиётдан дарс беради. Исми Шокир.
— Ия, муаллим, — деди раис хохолаб кулиб юборишдан зўрға ўзини тийиб.
— Ассалому алайкум, — деди Шокир муаллим иржайганча.
— Ҳайбатулло Нортиллаевич, — дея раис бош агрономга юзланди, — а, бу қандай қилиб молхонани бошқаради?
— Хўжайин, бу ёғидан сира хавотир олманг. Майдалигидан молнинг орқасидан катта бўлган. Одамлар билан гаплашишниям билади. Педагоглиги асқотган-да, — деди Ҳайбатулло шошиб.
— Молнинг орқасидан катта бўлгани, муаллимлиги етмайди-да, ҳурматли бош агроном. Сутни кўпайтириш керак… Бу мутахассис бўлмаса, эртага уялиб қолмаймизми?
┄┄┅┅✿🍃❀❤️❀🍃✿┅┅┄┄
@Bonuginam_siz ❤️