Мўъжиза – ойдинлар, тунлар, юлдузлар...
Кечир, Қодир Аллоҳ, мендай бандангни,
Шамол – нафасингдир, пойингни ўпдим.
Сен яратган ерда узоқ кездиму,
Кечир, мен ўзингни жуда кеч топдим.
Ишва қилиб келди ойдай парилар,
Соядай эргашиб ўтди ойларим.
Кечир, Каъба эмас, қизнинг этаги
Бўлди топинажак қадамжойларим.
Товонимга тинмай осилди майса,
Гулларга термулдим: “Ана, бахтим!” – деб.
Кечир, бу оламдан ҳайратга тушдим,
Лекин сўрамабман: “Ким яратди?!” – деб.
Жилва қилиб келди маккор салтанат,
Ўзни санамликка чоғлаюр кимлар...
Кечир, гоҳи сени унутиб кўкда,
Ерда юрганларга сажда қилдилар.
Бугун сени топдим, Аллоҳ, севинчим,
Сиғмайин борадур бағрим, ичимга...
Энди фақат сенга топинурман жим,
Энди сиғинмасман ерда ҳеч кимга.
6.
Олис манзилларга термуламан зор,
Гоҳо ёруғ олам фикримга тордир.
Ўйлайман: “Юлдузлар ортида не бор?
Қуёшдан нарида нималар бордир?!”
Сенинг иноятинг – менинг ёдим ҳам,
Шуурим қаърида нурдай ёридинг.
Шамол ҳам йўқ эди, йўқ эди олам,
Офтоб ҳам йўқ эди... Ўзинг бор эдинг.
Нечун сени излаб кўкка боққайлар,
Ахир, ерда ҳам – сен, сувларда ҳам – сен.
Оловда ҳам борсен – ўзни ёққайлар,
Одамнинг ичинда ҳам мужассамсен.
Кўрдим – тўрт томонда ўзинг муҳайё,
Ёмғирда – шафқатинг, покликда – қорсан.
Биз ўтиб кетармиз дунёдан, илло,
Дунё тургунича сен Ўзинг борсан.
Мунис бандаларинг йиғлаб ўтурлар,
Юракдан сизган ул нури жоласан...
Дунё ҳам тугайди, балким, бир куни,
Дунёдан кейин ҳам Ўзинг қоларсан.
7.
Ё, Аллоҳ, бандангман, дилафгор қилма,
Номард эшигида талабгор қилма,
Олам жамолига айлама ошиқ,
Шоҳларнинг нонига харидор қилма.
Хор қилма, хор қилма, хор қилма, Аллоҳ.
Дунё жуда гўзал, гулдай санамлар,
Райҳоннинг баргида сузар шабнамлар.
Нозикбел майсалар эшилиб ўйнар,
Ўтар ширин кунлар, ойдин оқшомлар –
Ўткинчи дунёга ёр қилма, Аллоҳ.
Зим-зиё коинот ичинда мен ҳам –
Ёниб тугаётган милтироқ бир шам.
Ўзинг мадад бергил! Сен қутқармасанг –
Қутқара олмайди одамни одам,
Инсонни инсонга зор қилма, Аллоҳ
Заифга сабр бергин ва парча нон бер,
Кимгаки куч бердинг, энди иймон бер.
Ҳамма ишимизни кўриб турибсан –
Кўнгилларни кенг қил, дарёзабон бер,
Йўллар – тор, дилларни тор қилма, Аллоҳ.
Борарман исмингни дилимда қутлаб,
Бошимда айланар нотинч булутлар.
Оёғимга тинмай осилар ўтлар,
Безовта силкинар тераклар, тутлар.
Дарахтни бешик қил, дор қилма, Аллоҳ.
Ўткинчи дунёга ёр қилма, Аллоҳ.
Инсонни инсонга зор қилма, Аллоҳ.
Йўллар – тор, дилларни тор қилма, Аллоҳ.
Дарахтни бешик қил, дор қилма, Аллоҳ.
Хор қилма, хор қилма, хор қилма, Аллоҳ...
8.
Ноаён,
Бепоён,
Улкан дунёда
Инсон – бир тўзиган гард каби, эвоҳ.
Миллиард одамларга тўлган дунёда
Ҳеч битта одамни унутма, Аллоҳ.
Кишини ғам билан қолдирма якка,
Ҳеч кимни йўқликнинг қаърига отма.
Номардга – дил бергин, қўл бергин – мардга,
Мени ҳам унутма.
Токим қуёш чиқар ҳар тонг саҳарда,
Коинотда ҳорғин ер кезар токим –
Бу кенг самоларда,
Қаро ерларда
Ўзингсан ҳоким,
Аллоҳим.
Беморга - шифо бер, соғларга – умр.
Ёлғизга – йўлдошу, юпунга – тугма.
Очларга – нон бергин, тўқларга – шукур,
Мени ҳам унутма.
Уйсизга – уй қургин, йўлсизга – йўл бер,
Саҳрога – ёмғиру, тоғларга шамол.
Маддоҳ фаҳм топсин, гунгларга тил бер –
Муаттар сўзларни айтсин бемалол.
Борларга – инсоф бер, ғарибга – сабр,
Ботирга – тулпору, олимга – рутба.
Ким ўлса, бер майин тупроқли қабр,
Мени ҳам унутма.
Ёзда нурлар сочгин, қишда қор ёғсин,
Кўкда – бургут, сувда балиқлар оқсин.
Кар қулоқлар ногоҳ очилсин, Аллоҳ,
Кўр кўзлар ярқ этиб оламга боқсин.
Сендан бошқа ҳеч ким бермас беминнат,
Кимдан ҳам тилайлик, воҳ, сендан бошқа –
Шафқатни ҳеч кимдан сен дариғ тутма,
Адашган барчани ҳақ йўлга бошла,
Мени ҳам унутма.
Нафсимни жиловла ва ҳирсни совут,
Руҳимни чархлагин, кўнглимни кенг қил.
Бешикдан тушганнинг тулпори – тобут,
Бизни ҳам азизлар қошида тенг қил.
Биҳишт ариғидан асал сут ичир,
Тириклик гулини асло сўлитма.
Ғофилни кечиргин, ҳаммани – кечир,
Мени ҳам унутма...
Кечир.
© Карим Баҳриев
1984-1995
https://t.me/Adabiyot_olami