Madina Zarif


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


Ёзиш мен учун ишқ;
Сўз мен учун севги;
Жумла мен учун муҳаббат.
Каналда келтирилган текст ва расмлар @MadinaZarif томонидан ёзилган ва суратга олинган.

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций


​​Болага иш буюр...

Қизим неча кундир ош қилайлик, дейди.
Бугун тонгда турдиму: гўштсиз ош қилақолайлик, дедим дўконга чиққани эринган куйи.
- Ойи, гўштсиз ош гўштли ошдек мазали бўлмайдида, - дея нолиди қизим.
- Уйдан чиққим келмаяптида...
- Унда ана ўғлингиз бориб олиб келсин. У ҳам ўзига масъулият олишни ўрганиши керак.
- Қандай гўшт кераклигини қандай айтади?
- Ёзиб қўлига берамиз.
- Ойиии, ўргансин, бориб келсин, айтинг, - дея ғингшиди.
Кўпинча чет элда яшайдиган ўзбеклардан сўраладиган савол: у ерда ҳалол гўшт борми? Ёки Ҳалол гўштни қаердан оласизлар?
Жавоб бериб ўтай: Германия ва Европа бўйлаб ҳар бир мамлакатда турли туман ҳалол гўшт сотадиган дўконлар кўп. У ерда асосан турк, араб маҳсулотлари билан бирга мол, қўй, товуқ гўштини Ислом стандартларига хос равишда суйиб сотишади.

Уйимизнинг орқасида худди шундай турк-марокколикларнинг дўкони бор. У ердаги қассоблар ичида турк ва араб миллатига мансуб вакиллар ишлашади. Шундай қилиб, қизим ўғлимнинг қўлига:
“Ярим кило қўй гўшти, ёғлироқ жойидан”, деб туркча ёзди.
Бир биримизга қарадик: агар турк қассоб бўлмаса, араб киши бўлади, демак немисча ҳам ёзиш керак, - деганча айни сўзларни немисчасига ҳам ёзиб қўйди.
Ўзимизча хомчўт қилиб бола қўлига 17 евро ва номани тутқаздик. Жа бўлса 10 евро бўлар, қолганига ўзингга бирор нарса оларсан, - дедик.
Қўлига телефонини ҳам бериб: бирор нарса бўлса, ёки тушунмасанг, қўнғироқ қил, деб тайинладик.
- Мен ўзим ҳам ҳаммасини биламан, кичкина эмасманку, дея ўдағайлади ўғлим ҳам атрофида нима қилиши кераклигини такрорлаётган опасию менга қараб.

10 дақиқалар сўнгра телефоним жиринглади: Ўғлимни рақами:
- Қуй гўшти бир ярим соатлардан кейин келади, мол гўшти бор, - деди сотувчи немисчалаб.
- Ҳа, унда ярим кило мол гўшти берақолинг кутиб ўтирмасин, дедим.
- Тагидагига нима қилай?
- Қайси тагидаги?
- Қушбоши деган экансиз.
- Ҳа, йўқ, уни бирини туркча ёздик агар турк қассоб бўлса, кейин айнисини немисчасини ёзгандик, - дедим.
- Хўп, унда мол гўшти қўявераман, фақат ёғли эмас.
- Ҳечқиси йўқ, ёғсиз бўлса ҳам бўлади.

Шу билан сотувчи билан хайрлашиб, яна ўғлимни кутишга тушдим. 10 дақиқа ўтди, ҳамма нарсани биладиган йигитдан хабар йўқ. Охири қўнғироқ қилдим.
- Турибман шу ерда, - дейди худди ҳеч нарса бўлмагандек.
- Гўштни олдингми?
- Ҳа.
- Пулини тўладингми?
- Йўқ.
- Нимага?
- Етмади пулим.
Товба, қанақа қилиб буни пули етмаслиги мумкин ярим кило гўштга дейман.
- А нега телефон қилмадинг?
- Ўйладим, қилмоқчи эдим, ўзинг қилиб қолдинг.
- Ҳозир бораман, дедиму кийина солиб дўконга югурдим.

Борсам кассир ёнида бир пакет гўшт турибди.
- Бизникими? – десам.
- Ҳа, деди.
- Намунча кўп, дедим.
- Ўғлингдан сўра, деди у ҳам.
- Мен қоғозни кўрсатдим, кейин менга шуларни беришди ва пулим етмади, деди ўғлим бехижолат.
Гўштни олиб қассоб бўлимига отланган бўлдим.

“Ўзинг болага иш буюриб жўнатдинг, энди ҳозир бориб нима дейсану, нима талаб қиласан?” деган хаёл ўтди. Яна ортимга қайтдим. “Ҳай ризқимиз эканда, олақоламан”, дедиму пулини тўламоқчи бўлсам:
- Ойи, манави шоколадни ҳам олсам бўладими? – дея пинак бузмай сўради “ҳамма нарса билган” ўғлим.
- Олақол, дедим “уже” ҳеч нарсага асабимни бузишни истамай.
Хуллас, тўйимда ҳам бунча пулга гўшт олинмаган бўлса керак. Шахсан ўзим умримда биринчи бор бу сўммага гўшт олдим.

74 евролик ош еймиз бугун.

Орқасидан ўзинг югур.

477 0 5 30 87

​​БИЗНИКИЛАР ВА УЛАРНИКИЛАР

- Тасодиф кийимларини сотяпти, деди қизим.

Қисқача сизга Тасодифни таништирай:
Тасодиф – келажакда оиламизга куёв бўлишни истагида юрган йигит.
Унинг асл исми албатта Тасодиф эмас. Бу исмни мен унга таққанман. Танишувимизнинг илк вақтлари бу йигитча – “тасодифан” биз юрган кўчалардан, ўрмонлардан чиқиб қоларди.

– Вой сизлар ҳам айлангани чиққанмидинглар, - деган сўз билан сайримизга жўр бўларди. Аммо биз оналар бундай “тасодифлар” қандай “юзага келишини” жа яхши биламиз.
Хуллас, ўшандан бери уни исми Тасодиф.


- Нимага сотади кийимларини?
- Ота онасидан пул сўрамаслик учун. Ўқишга бориб келишга йўл пули керакку.

Ҳали ҳам: “Ойи, палон нарса олмоқчиман, пистон сўмакан, олсам бўладими?” дейдиган 20 ёшли қизимга “ўткир оналик кўзлари” билан қарадим.

Тасодиф – ўқийди ва 15 ёшидан бери ишлайди. Ва яқинда ҳайдовчилик гувоҳномаси олди. Бу гувоҳномани олиш Германияда қиммат маьрака.

Тасодифимиз эса 2 маротаба ҳайдаш синовидан ўта олмади. Ва кейинги имтиҳонга кириш учун 350 евро атрофида тўлов қилиниши керак. Емай-ичмай тўловларини қилиб, охири имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, гувоҳномасини қўлига ҳам олди.

Ҳамёни имтиҳонлар сабабли анча бўшаб қолган йигит – ота онасига янада юк бўлмаслик учун кийимларини сотиб ўқишга бориб келишга йўл пули қиляпти.

Тасодиф оиланинг энг кичик ва эрка фарзанди. Ака опалари барчаси оилали. Ота онасининг моддий ҳолати ҳам яхши.

Мени бу ҳайратлантирди. Ўзимни унинг ота онаси ўрнига қўйиб кўрдим. Фарзандларимизни оёғига тош ботса юрагимиз оғрийди. Қийинчилигини кўришимиз билан жигарпорамизга ёрдам бергимиз келади, пойига дастурхон қилиб юборамиз боримизни.

Тасаввур қилинг, катта бўлишини, масъулиятни елкасига олишни четда туриб кузатишни. Ўзингизни фарзандингизга ёрдам беришдан тўхтатишни. Чунки биласизки, бу фарзанднинг шаклланиши учун керакли жараён.
У шундай қилиб ўрганади ҳаётга тутинишни, ўз фикрини қуришни, харажатини ҳамёнига қараб режалаштиришни. Аждодларимиз айтгандек, кўрпасига қараб оёқ узатишни.
Ота онани четда туриб унинг шаклланишини кузатиш, ҳаммасини ўзим ҳал қилиб ташлайман, фақат болам қийналмасин, дея отилишдан ўзни тўсиш ҳам азм истайди ота онадан.

Менда масалан, шу азм йўқ. Чунки биз - 20 кириб ҳали бир иш бошини тутмаган, бели оғриб пул топмаган ўғлимизни уйлаймизу ва сўнгра унинг оиласини боқиб ўтирамиз.

Биз шундай катта бўлганмиз, биз шуни кўрганмиз. Аммо фарзандлар бизсиз яшашни, ўз оёқлари устида туришни, ўз моддий муаммоларини ўзи ечишни ўрганиши, бу дунё ва ундаги одамлар билан муроса қилишни ўрганиши керак. Ва уни уйлантириб қўйиш бирдан масьулиятли қилиб қўймайди. Югуриш - қадам ташлаб юришдан бошланади.

- Ойи, мен сиздан уялдим, деди қизим менга қараб.
- Нега?
- Мен ҳали ҳам ҳамма нарсам учун сиздан пул оламанку, қаранг у эса нарсаларини сотиб ота онасига юк бўлмаслик ҳаракатида. Энди машинага пул йиғар экан.
- Вой, ота онаси олиб бермасканми?
- Йўқ албатта ойи! Ахир биз Германияда яшаймиз, бу ерда ҳаммаси бошқача.

- Эртадан сен бир ишларга қараб чиқ болам. Ишлаш пайтинг келдиёв, дедим қизимга.
- Имтиҳонларимдан ўтиб олай…

Билмадим мен буни эплай оламанми ёки йўқ... аммо ўрганишим керак.

1.3k 0 29 20 72

Ҳаво исиди.
Бугун биз ўғлим билан велосипедларни подвалдан чиқариб, чангини қоқиб, ғилдиракларини назорат қилиб, кам кустини тўлдириб - велосипед мавсумини очдик.


​​Кичик автоҳалокатча

Ой бошида югуриб дўконга бориб келаман, дея йўлга чиқдим. Ишимни битириб парк жойида чиқаётган пайтимда мошинамни чап томонини ўша ерда турган устунга урволдим. Чиқаётиб ўша устунни диққатга олмаганим хатоим бўлди. Мошинани олд томонидаги пастки қисми осилиб қолди.

Амаллаб уни жойига тутқазган бўлдиму, устахона йўлини тутдим.
- Ифторгачан улгуриш керак, усталар кетиб қолмасинда ишқилиб, деган хаёлда секин мошинани ҳайдайман. Мошинам эса бир жойи оғригандек инқиллаб овоз чиқаргандек бўлади.
Уста таниш бўлгани боис югуриб ёнимга келди.
- Сен урдингми сенга урилишдими, опа, - деди машинани кўздан кечириб.
- Дўкондан чиқаётиб устунни кўрмай қолдим. Мен урдим.
- Полиция келдими?
- Ээ, полиция нега келади? У девор устун бўлса, устунга ҳеч бало қилгани йўқ, - дедим устанинг саволларидан ҳайратланиб.
- Бирор ким суратга олдими?
- Йўўўқ.
- У бу ким бирор нарса ёзволдими?
- Йўўўқ.

Хуллас бу саволлардан жуда жуда ҳайратландим. Ўз машинамни ўзим урган бўлса, ўзимни машинам зарар кўрган бўлса, нега полиция келади, нега кимдир нимадир ёзволади?
Уста машинани қийшайган томонини тўғирлади, ичини ва ташқарисини текширди, приборларни ишлатиб кўрди.
- Ҳаммаси жойида. Аммо эсингда бўлсин, биров ёзиб олиб полицияга хабар берган бўлса келиб текширишлари мумкин.
- Нимага?

- Машинанг йўл ҳаракатдаги бошқа машиналар учун хавф туғдириши мумкинми ёки йўқми, текширишади ва унинг устига жамоат жойларидаги бино ёки устунларга зарар берилганми ёки йўқ буни ҳам назорат қилишади. Янада сенга маслаҳатим эҳтиёт бўлиб ҳайда, чунки бошқа машинани уриб олсанг, харажатини суғурта фирманг тўлаб беради, аммо ўз машинангни урганинг учун харажатларни ўзинг тўлашинг керак ва бу доим ҳам арзон эмас. Ва унинг устига автоўлов умумий йўл ҳаракати учун хавф туғдирадими ёки йўқ, буни текшириш учун мошинани оёғини осмондан қилиб ташлашади, - деди уста.

Мен Ўзбекистонда машина ҳайдамаганман ва у ердаги тартибларни билмайман. Ва ўйлайманки бу тартиблар нафақат Германияда, балки Ўзбекистонда ҳам бор.

Ҳа, айтганча, тўлови қимматга тушади, деган хаёлда турсам:
- Опа, бу гал мендан сенга яхшилик бўлсин. Дуо қилиб қўй, етар, деди бу соғ бўлгур уста йигит.

745 0 1 12 69

Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Иш ишламаганимда, сўз ёзмаганимда, интернет ваё ўрмон кезмаганимда: мана шунақа эрмаклар ҳам қилиб тураман.

Наврўз муборак!

795 0 0 18 71

​​ЧОЙ

Чойнакни олиб ичига сув тўлдирдим, қайнагани қўйдим. Кичик чойнакка эса қуруқ чой солдим. Устидан муздек сув қўйиб қуруқ чой қуйқасини чайдим. Сувини тўкдим.
Ишик хонимдан ўрганганман буни. Билмадим чой қўйқасини ювиш тўғрими ёки йўқ. Аммо қайнаган сув устида турганда ажиб бир мазаси чиқади ювилган чойни.

Пастки чойнакдаги сув қайнагач уни устки чой қўйқали қисмига солинади ва бу сафар чой дамланишини кутиш керак. Ора сира устки чойнак қопқоғини очиб чой дамландими ёки йўқ, текшириш ҳам айри бир завқли. Дамланаётган чой ифори бошқача мазали. Чой қўйқаси сув остига чўкдими, демак чой дамланди.
Чойни нозик белли чой бардакларига солинаркан – аввал қип қизил қўйқали қисми солинади, сўнгра эса тагдаги қайнар сув тўкилади.

Чой икром қилинишдан аввал: чойинг қандай бўлсин, дея сўраш ва шунга кўра қуюқ ёки очиқ дамлаш одатдандир. Ва турк чойи албат, нозик белли бардакларда ичилиши шарт. Қип қизил тутуни бурқиб чиқиб турган чойни турклар - Tavşan Kanı дейдилар. Яъни қуён қони каби.

Чой – овқатдан бир муддат сўнгра тортилади меҳмонлар олдига. Ва унинг олдида чақ-чуқ, ширинлик ҳам тортилиши одатлардан биридир. Ва албат, ширин суҳбат ҳам кам бўлмас чой ҳамроҳлигида.
- Чойни қўйдим, чиқ, - дея эшик қоқишни ҳам канда қилмайди қуни қўшни, дўсту ёр.

Нима дейди бу, дейсизми? Туркия мен истаб қилган хижрат ўлкам. Ёки замонавийчасига – иммиграция учун танлаган мамлакатим. Мен уни кўрмай туриб ошиқ бўлганимда 6 синфда ўқирдим.

Ватанимиз энди янги ўлкаларга очилган давр, энди энди ёшларимиз чет элларга ўқишга чиқаётганди. Ўша ёшлар ичида тоғамнинг ўғли ҳам бор эди. У пайтлар мактуб ёзиларди ва тоғаваччам ўз расми орқасига ёзиб жўнатган хатларидаг ҳарфларга боқар, уларнинг талаффузини тасаввур қилишга уринардим. Энг аввал мен ўша ҳарфлар жазб айлаган ўзига. Сўнгра тили, сўнгра денгизи – кейин эса одатларию, қуни қўшниси.

Бир мамлакатда узоқ яшасангизгина ва ўша мамлакатда узоқ яқин таниш ва қадрдон орттирсангизгина – сизга очиладиган айро бир маданияти бўлади. Бу сайёҳ бўлиб кўрганингиздан кўра фарқлироқ ва чуқурроқ. Сайёҳ кўп авралади. Аммо сайёҳдан фарқли узоқроқ яшаганингиздаги кўрган маъданиятнинг қора юзи ҳам ёқимли юзи ҳам сизга яққол кўринади қўяди.

Ва мен бу мамлакатни яхши кўраман. Табиатини, денгизини, одатлари – айри бир ошиқман мен бу ўлкага.

Ифор, ҳид – одам хотирасини “уйғотувчи” энг самарали йўллардан бири. Бугун турк чойи ҳиди димоғимга урилди. Олди кетди мени ўша диёрларга. Қўшниларим билан бир пиёла чой устида қурилган суҳбатлар, нонушталар, ифтору саҳарликлар... қаҳқаҳаю, гиналар - олдию кетди мени бугун бу ифор Гермондан...


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Бугун турли хобби ва уй анжомлари кўргазмасига бордик. Мана бу стендни кўриб - болалигимга бориб қолдим.

Онам чарви ёғини эритар, пахта ёғи билан аралаштириб мана шундац бидонларда сақларди.

Сут, қатиқ ҳам шу идишларда сақланар ваеки ивитиларди.

Боғчада барчамиз тизииилиб ўтирган “горшок”ларчи, ёдингиздами?


​​СОВҒА ҚУТИСИ

Бир неча кун аввал ўғлимнинг туғилган куни эди. Ўзимизча тайёргарлик кўрар эканмиз, ўғлим совға руйхати билан ёнимга келди.
"Бугунни болаларини қара, биз совға сўраш нарида турсин, эслатишгаям ийманардик", дея минғирлаган бўлдим.
- Барибир совға оласизларку ахир, сўраганимни олсанглар яхшироқмасми, - деди бу немис бола.

Ўғлимга совға олаётиб ўйинчоқ дўконида бир бурчак диққатимни тортди.

“Geschenkkiste" ёки "Wunschkiste"Совға қутиси ёки Истак қутиси деб номланар экан.
Бундай қутиларни:
• Ўйинчоқ дўконларида;
• Китоб дўконларида (болалар китоблари)
• Болалар кийим дўкони;
• Чақалоқлар учун дўконида (масалан: фарзанд кутаётган ота оналар учун) учратиш мумкин экан.

1 қадам: Туғилган куни/суннат бўладиган бола ёки унинг ота онаси ўйинчоқ/кийим/китоб дўконига келиб ўзларига ёққан ёки истаган ўйинчоқ/китоб/кийимларни танлаб бу қутига солишади. Қутига боланинг исми, туғилган кун санаси (ёки байрам санаси) ва қачонга қадар совғани олиш санаси ёзилади ва бу бурчакка қўйилади. Ва қариндош уруғ ёки байрамга таклиф қилинганларга бу ҳақда хабар берилади.

2 қадам: Совға олмоқчи бўлганлар ўша дўконга бориб боланинг исми ёзилган қути ичидан ҳамёнларига ва истакларига кўрасини сотиб олишади.

Қарабсизки, байрам эгаси ўзи истаган совғани олади. Келадиган меҳмонлар ҳам нима олсак экан, деган бошқотирмадан ҳам халос бўлишади. Ва уйда ҳам кераксиз совғалар бекорга чанг босиб ётмайди. 😊

Баъзан бу совғани пулини тўлаб дўконда пакетлаб, боланинг исми шарифини ёздириб ҳам қолдиришар экан. Бола туғилган куни ота онаси билан келиб ўз совғаларини олиб кетаркан. Бу ҳар ҳолда байрам қилинмайдиган ёки ўзи шахсан топшира олмайдиган совғалар учун бўлса керак. Масалан, дейлик бирор қариндош сафарга кетмоқда ва байрамда иштирок эта олмайди, шундай ҳолларда дўконда қолдирса керак, деган хаёлга бордим.

Хуллас, менга бу фикр жуда ёқди. Айниқса фарзанд кутаётганлар учун ажойиб ечим. Чақалоқ кўргани борганда барчамизнинг боши қотса керак. Нима кераклигини сўрашга ҳам хижолат бўламиз. Бундай ечим эса ҳар икки томонга ҳам фойдали экан. Ота боболаримиз айтгандек: сих ҳам кабоб ҳам куймайдиган ечим экан, мен сизга айтсам.

Германиядан Madina Zarif Сиз учун махсус 😎


​​Шу кунларда ҳаммани оғзида бир савол айланади. Далада қайтаётган хотин халаж, дарвоза олдида набирасини ўйнатиб ўтирган момолару, боболар ҳам унинг қачон кириши ва ким тутиши борасида ўтган кетган билан икки сўз алмашади.
- Қачон кирайкан?
- Имом палон куни, деди. Лекин ой чиқишига қарайканла янаям.
Бу ҳаяжонли кунларда онам мени сабзига жўнатади.
- Нечта ковлай, ая?
- Катта каттасидан 5-6 олиб ке, етади.

Демак бу йил онам тутмоқчи. Онам олиб келган сариқ сабзиларни майда қилиб кесканош кесгандек туғрайди. Қиём қайнатади, сўнгра уни майда туғралган сабзилар билан аралаштириб милтиллатиб маромига келтиради. Сабзи мураббони бошқа пайт учратиш мушкул. Сап сариқ олтиндек мураббо бонкаларга солинади.
- Бу гал бироз лимон ҳам қўшдим, бир ажойиб бўлди мазаси, қиб кўринг сизам, - қишлоқда таому, янгиликлар таърифи оғиздан оғизга улашади.
- Талқон олдизми, бозорда фалончихонни талқони жуда яхши, биза олдик.
- Талқон олмадим, уйда қотган нонлар борди, ўшани эзиб, шакар аралаштириб қўйдим.
- Мен саримой об қўювдим, эрталабки ширчойлага яхши. Биза ширчой билан тутамиз.
Одатда сокин қишлоқда айри бир ҳаяжон уйдан уйга, тилдан тилга, дилдан дилга айланади.

- Санам тутасанми?
- Ман бошда 3 кун, ўртасида 3 кун, охирида 3 кун тутаман. Худди 30 кун тутгандай савоб олайкансан, энам айтди, - дейди синфдошим Гулойим.
- Рўза тутганла жаннатга тушайкан.
- Катта энам айтди, рўза тутганлани жаннати алоҳида бўлайкан.
- Алоҳидамас, улар бошқа эшикдан кирайкан.
- Каттаэнам мениям саҳарликка турғазади. Осмонда парила ўчайкан саҳарликка, улани яхши болалар кўра олайкан фақат, - каби суҳбатлар қайнайди болалар орасида.
Бир неча кун сўнгра эркакларга таровеҳга саф тортади.
- Ая, маниям саҳарликка турғазинг, - дейман айри бир ҳаяжон билан. Уйқуга кетаркан саҳарликдаги париларни тасаввур қиламан: улар менга кўринармикин, деган хавотир билан кўзларим юмила бошлайди: аямга ишлага ёрдам бердимку... деганча ухлаб қоламан.
Тушимда осмоннинг юксак юксак кўм-кўк сарҳадларида ўчаман.

Рамазон муборак!


​​СИНАЧА
Давоми:
Мен ҳам худди онамдек оёғимни узатиб олиб синача тикким келди, десангиз...
Онамга айтсам:
- Ўзбекистонда турли хили бор, берворишсинми, дедила.
- Йўқда, шу, айнан ўзим тикким келяптида, дедим.
- Тик, деб йўл йўриқ кўрсатди онам.

Айнан ўзимизни бирор матодан бўлса эди, дедим. Бир куни қизим билан дўконга кирсак, бизнинг нақшларга ўхшаш мато кўрдиму, буни олмасам бўлмас, дедим.
Сўнгра синачанинг андозаларини қидиришга тушдим. Синача фикри чопонча тикиш фикрига айланди. У қилдим бу қилдим, астарига ҳам мато топдим, ичига қалин қиладиган мато ҳам топган бўлдим. Бичдим... бироз қавиган бўлдим. Ҳеч ёқмади. Кўнгил тинчимади. Илло пахтали бўлсин, истайдур кўнгил. Пахтани мен бу Гермонлардан қайдан топай, оҳи... дея бош қотирарканман, косметология дўконига мушугимга ем олишга киргандим... пахтага кўзим тушсами... мени хурсандчилигимни бир тасаввур қилинг.

Албатта килоли пахта эмас, 200 грамлик юз тозалаш учун пахта экан, аммо мен олавердим.
Кейин келин уни дарровгина матоимга қат қат қилиб тушаб чиқдим. Ич ўлгур қизидики, қани тезроқ тиксаму устимга илволсам.
Қўлда қавишга астойидил киришдим. Ва ярим соат сўнгра: бунақа кетишда 1 ойдан кўпроқ кетадиёв, балки сазамни ўлдирмай тинчгина машинада қавиб қўяқоларман, дедиму тикиш машинасида қавиб қўяқолдим. Орада 5 дона ғалтак ип адо бўлди, 3 дона игна синди.

Гал келди икки томонни бир бирига улаб тикишга... яна 3 дона нина синди. Кийсам... чопонмас, анави грузинларни чохасидек турибдида. Катта қилиб бичганман ва пахтасини қалин солганман. Шунча уриниб қавиганимга ачина ачина чопонни яна синача қилиб шаклга солиб чиқдим. Мошина игнаси қолмаган, кун якшанба, дўконлар ёпиқ. Шу билан: момом бувам мошина билганми, қўлда тикиб қўйсаям бўлаверади, дея қисмларини бирлаштирган бўлдим.

Ҳали битмадию, аммо битиш арафасида, бугун кечга бир шижоат қилсам... синачам ваниҳоят тайёр бўлиб қолса ажаб эмас. Аммо яна бир тикишга ҳали бери шижоят қилмасам керак 😊

Аммо мусофирни соғинчи мана шунақа нарсаларда зоҳир бўлса керагов... хотираларингда қолган саҳналарни жонлантириш билан таскин олса керак ўзга юртда мусофир.

693 0 1 29 89

​​Мундай бўлдида.

Охирги бир ой кўзимни олдида битта сиймо тураверди.
Оқ сурп устидаги мато. Гоҳ духоба, гоҳ бошқа ёрқин рангдаги материал. У модасига кўра бизнинг даврнинг “Ламбада”сию, “Просто Мария”си ҳам бўлиши мумкин. Кечки пайт дастурхон устида далаю даштда кезиб чарчаган оёқларни узатиб, бир пиёла иссиқ чой ичиб, меҳнатдан қаварган қўллар билан чигитланган пахта. У пахта асраб авайланиб мато устига қат-қат қўйилади. Унинг устидан эса оддийроқ астар қўйиб, катта катта қавилади. Сурп устидан ёпиб қўйиладики, тикиб бўлмай кирланмасин, пахталари ҳам бўлак бўлак бўлиб кетмасин.

Онам вақти бўлган, қўли бўшаганда ўша сурпни секин очади ва майда майда чоклар билан синачани қавийди. Қавиққа кўра аёлнинг тикиш маҳоратига баҳо берилади. Ва ҳар бир аёлнинг гардеробида ҳеч бўлмаса битта синачаси бўларди. Балки сиз томонларда бу синача эмас, нимча дейилар, ваёки бошқа бир номда, аммо тикилиш услуби ҳаммада бир хил бўлса керак.

Синача ёшу қарида бор кийим эди бизнинг давримизда. Пахтанинг иссиғи баданга совуқ ўтказмайди. Енги йўқки – ишга ўралашиб ҳалал бермасин. Узунгинаки, бел ва буксаларни иссиққина тутсин.

Янги туғилган чақалоқларга ҳам тикиларди, фақат уларга оддийроқ матодан тикилса, катталарга яхши матодан тикишга ҳаракат қилинарди. Болалар синачасининг бир бурчагига қоп қора кўзмунчоқ тақиларди. Кўз тегмасин, назардан йироқ бўлсин, дея. Ўша қора кўзмунчоқларни бошқа ҳеч бир ерда учратмадим. Кўзмунчоқ кўпку, ана туркларда ҳам, десангиз – ҳа, уларда ҳам кўзмунчоқ бор, аммо ранги мовий.

Қора кўзмунчоқ эса айнан бизнинг – Ўрта Осиёнинг хос мунчоғи. Бунинг сабаби балки қора кўзларимизнинг кўплигидир... янаям билмадим.
Ҳозир билмадим, шундайми ёки йўқ, аммо мен ҳам худди онамдек оёғимни узатиб олиб синача тикким келди, десангиз...

Ишимни қилиб олай, синачанинг таърифини яна ёзаман.


Китоб жавонимизнинг тайёр ҳоли. Уйимизга ярашди, деди қизим Софи.

864 0 3 32 85

Охирги пайтларда дўконларга кириш ёки нарса сотиб олиш миқдорини кескин туширдим.

Ўтган йили сентябрь ойида француз момом Клауди вафот этди. У ҳақда аввал ёзгандим.
Клауди оиласининг ёлғиз фарзанди, ўзи ҳам турмуш қурмай ёлғиз ўтгани сабаб: унинг ҳеч кими йўқ эди. Дафн ва бошқа маъракаларни танишимиз ўз бўйнига олди. Маъракалардан сўнгра иккимиз уйни бўшатишга тушдик. Ким нима ёқтирса ўзига олиши мумкинлиги, қолганларини эса эски бозорда сотишга келишдик. Клаудининг кийим кечакларини саралаб туриб ҳайратландим. Кийимлар деярли 20-30 йил аввал олинган, аммо на охори тўкилган, на шакли бузилган. Албатта барчасининг эмас, аммо аксарияти юқори сифатга эга.
Уларни кўргач истар истамас ўз нарсаларимни тафтиш қила бошладим:

- Кийимларим сифатлими?
- Нимага мен ҳафтада ҳеч бўлмаса бир дўконга бораман?
- Нима оламан мен шунча?
- Олаётганда кийим сифатига қарайманми?
- Олаётган кийимларга эҳтиёжим ҳақиқатан борми?
- Олган кийимимни ўртача қанча вақт кияман?

Кузатувим: ашаддий истеъмолчи эканимни кўрсатди.
Йўқлигу, қаҳатчиликдан келганмиз, бутун қиш битта оёқ кийимни аяб кийган, кўчага кийиладиган битта кўйлак, бир иссиқ кийим билан катта бўлган кўпчилигимиз. Бир неча йил кияди деб олинган узун кўйлагу, нимчаларчи, ёдингиздами?

Бугунги кунга келиб бу тўкинликка кўникмаган ақлимиз - эҳтиёж бўлмасада нималардир олгиси келаверади. Унинг устига “психолог”лар депрессияни ўзингизни хурсанд қилиб енгинг, дейди.
Кундан кун харидни енгиллатаётган турли гуруҳу, программаларни айтмайсизми? Хуллас, қаерга қарама: сотиб ол, сотиб ол, сотиб ол. Бу матоҳларни ишлаб чиқаришичи? Матосидан тортиб, тикиб, истеъмолчига етиб келгунча – озмунча энергия сарф бўладими? Экологияга таъсиричи – у ишлаган фабрикалар, ташиган автотранспортлар... ахлатга отилган кийим кечаклар...ва яна кўўп ножўя томонлари...

- Бўлмайди, Мадин, дедим ўзимга. Олсанг сифатли нарса ол, бу бир. Тўртта ўрнига битта сифатлисини ол, икки.
Хумори тутсачи... деб ўйлагандим. Ё ҳар тугул пишиб етилдим, шекилли: на хумор тутди, на бошқа, ўша кундан эътиборан оддий озиқ овқат дўконига ҳам кам чиқадиган бўлдим.

Аммо куни кеча уйга бир китоб жавони сотиб олдим. Локин: иккинчи қўлдан. Яъни ишлатилган ва кўчаётгани сабабли сотилаётган экан.
- 10 йил бўлди ишлатаётганимизга, 100 еврога бервораман - деди сотувчи йигит. Кўриниши туппа тузук, ҳали яна узоқ йиллар хизмат қилиб берадиган жавон экан. Кеча уйда болалар билан бирга қурдик. Уйимизга ярашди ҳам шекилли, ҳар на китобу, майда чуйдалар бир саришта бўлиб қолди.
Билмадим, менга немисга яқин юрганимни таъсирими ёки ёш катталашган сари киши ўз ҳаракатларини тафтиш қилиб анча мунча кераксиз нарсалардан воз кечишни ўрганадими, хуллас... бу кўникмам ҳозирча ҳамёнга фойда бўлмоқда.


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Қўлингга қаламни оласан, дунё дардлари бирдан йўқолади.

Бутун эътибор ёзаётган матнда, murekkep (перо ранги) чиройли бўлиб оқ қоғозда нақшдек сизади. Дона дона бўлиб маржон каби терилади сўзлар.

Ахир бу қаламни севмай бўладими – қаламларнинг шоирику бу, шоири.


​​ЭСКИДАН ҚОЛГАН ҚАЛАМ
- Қани ўғлуш, дафтарни олиб бир ёзингчи, дедим телефонида бир нарсалар титкилаб ўтирган ўғлимга.
- Мамаа, янами, мен ёзишни ёмон кўраман. Бу мантиқсиз!
- Ээ, нимаси мантиқсиз экан?
- Мана, биз ҳозир компьютерлар билан ишлаймиз, ёзамиз. Қани қачон ўзингиз қўлда ручка билан ёздиз? Нимага ёзишни ўрганаётганимизни тушунмайман. Ахир керакмаску, - дея нолиди ўғлим.

У саккиз ёшда ва 3 синфда ўқийди. Ўқув йили бошланганда олиниши керак бўлган нарсалар ичида: dolma kalem бор эди. Биз уни пероли ручка дея таниймиз. Ўзбекча муқобилини эса топа олмадим.
Бундан икки йилча аввал қаердадир бу ручкага кўзим тушди ва: мен ҳам шунақа ручкада ёзиб кўришни истайман. Аммо уни қаердан топа оламан, балки эски нарсалар сотиладиган дўконда бўлар, деган фикрда гугл амакига ёзсам: турли туман, қиммату, арзон турлари чиқиб келсами. Ёнимиздаги дўконга чиқсам у ерда ҳам: мана мен ўша сен ёзишни истаган ручка, деб турибди.

Кейин билсам, бу ручка фақат бизда – Ўзбекистонда бир нави унутилган ва фақат каллиграфия усталари ишталадиган ускуна деб қаралар экан.
Мактабнинг иккинчи қисмида ўғлим ҳар куни қўллари мана шундай рангли рангли келишни бошлади. Сўрасам: синфдошларим билан деярли ҳаммамизни қўлимиз шунақа, деди. Нега, десам, биз Füller (перьевой ручка) билан ёзяпмиз, деди.
Асримизда турли қалам, туман ручкалар бор экан, бу немисларнинг пероли ручкада ёздириш сабаби нима, дея қидира бошладим.

Топдим!
Пероли ручкада ёзиб кўрган бўлсангиз, у ёзишда алоҳида эҳтиёткорлик ва назоратни талаб қилади. Қўлнинг кичик бир нотўғри ҳаракати ва саҳифа кирланади ваёки хато ёзилади. Шу билан бирга сўзларни оддий ручкадек алғов далғов ёза олмайсиз. Ҳарфларни дона дона, оҳиста ҳаракат билан бир биридан узоқ ҳам яқин ҳам эмас қилиб ёзиш талаб қилинади. Бу боладаги кичик моторика(мелкая моторика)ни ва Ҳуснихатни ривожлантиришга ёрдам берар экан.

Қўл ҳолати ва қадни тик тутишга ҳам фойдали эмиш. Пероли ручкани қаттиқ босиб бўлмайди, ёзатуриб уни ҳис қилишингиз керак, қаттиқ босиш эса ёзишга ҳалал беради. Шунда бу ручка орқали ёзганда қўл чарчамас экан. Қўл чарчаш борасида унчалик ҳам тўғри эмасдиров – чунки айнан мана шу ручка билан ёзсам қўлим чарчайди. Балки бу кўникмам йўқлигидандир...

Маъданий одат

Айнан Гермонжонда бу ручка билан ёзиш сифат, зиёлилик ва ёзиш маъданиятига ҳурмат дея талқин қилинар экан. Бу одатни болаларга эмлаш учун ҳамма мактабларда бўлмасада баъзи мактабларда пероли ручкада ёзиш ўргатиларкан.

Диққатни ошириш
Пероли ручкада ёзиш кишидан диққат талаб қилгани боис – у болада сабр ва концентрацияни ривожлантиради.

Экология – немисларга экологик маҳсулот десанг, ўзини томдан ташлайди. Ҳазил албатта, аммо бу ручка экология учун нисбатан хавфсиз ва бир неча йил ишлатиш мумкинлиги ҳам унинг фойдасига ишларкан. Чунки бир марталик ручкалар ўрнига пероли ручкани ичини тўлдириб қайта қайта ишлатиш мумкин.

Интизом – пероли ручка билан ёзиш немисларда интизом дея қабул қилинади. Бу болада кейинги ўқув сарҳадларига тайёрлайди ва ўз ишини устаси бўлиш, саранжомликни ўргатишнинг бир поғонаси.

Хуллас, ўғлимни қўлларига қараб: бу услубни бошланиши мени бироз шубҳалантирди.
Аммо ўзим баъзан пероли ручкада ёзсам мазза қилганимни ҳис қиламан.

4.6k 2 28 16 43

Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
- Энди мени немис бобом бор, десам бўлармикин, деди қизим ҳам учрашувимиз сўнггида.
Хуллас, кеча шундай ажойиб одамлар билан яқиндан суҳбат қуриб, бундан буён ҳар қандай танишувларга имкон бериб кўришни ўзимга сўз бердим.


ХАВОТИРЛИ УЧРАШУВ

Германиянинг ўрмонлари жуда чиройли ва биз яшаётган шаҳарнинг номи: қора ўрмон (Schwarzwald).
Бу ерга келиб ўрганган одатларимдан бири: паст баландликларга бой ўрмонларда юриш. Бу спорт тури (hiking) маҳаллий аҳолининг ҳам одати. Мен ҳам баъзан танишлар, баъзан болаларим, баъзан ўзим атрофдан бирор локация танлаб юришга чиқаман. Ҳафта ичида буни қилиш қийин, аммо шанба ёки якшанба кунлари имкон бор.

Ўтган йил декабрнинг охирларида бир айланиб келай, дея ёнимиздаги ўрмонга чиқдим. Одам кам, ҳаво совуқ. Совуққота бошладим. Демак, юриш эмас, югуриш керак, дея оёқ кийимимни югуриш пойафзалига алмаштира бошладим. Ёнимга бир катта ёшли немис киши келди. Мошинамнинг ёни қирилганига қараб:
- Нима қилди бу ерига, дея сўради.
Бироз ҳайрон қолдиму, аммо жавоб бердим.
- Янги ҳайдай бошлаганимда дарвозахонада қирдим, дедим.
Ва кейин амаки гапираверди, гапираверди, бироз сайр қилган бўлдик ва амаки ҳали ҳам гапирмоқда. Ўзини танитди, фарзандларидан гапирди, аёлини тилга олди, қаерларда ишлагани, яшаганини айтиб берди. Ҳаво анча қорайди, яна машиналаримиз ёнига келдик. Шу пайт бир аёл секин югурган куйи кела бошлади.
- Бу менинг хонимим, дея танитди амаки. – Қара, мен ким билан танишдим. Фақат ундан кўпроқ мен гапирдим, у фақат эшитди, дея кулишдик.
Хайрлашар эканмиз амаки яна мени лол қолдириб: уй манзилини айтди. Бу билан ҳам чекланмади ва телефон рақамини телефонимга ёздирди.
- Телефоним ўчиб қолган, аммо сен менга қўнғироқ қилиб қўявер, мен кейин сенинг номерингни қайд қилиб қўяман, деди амаки.
Уйга келишим билан телефоним жиринглади. Амаки яна узун узун гапирди. Мени кузатаётган қизим эса ҳайрон.
Ундан сўнгра амаки ҳар куни ватсап орқали хабарлар жўната бошлади. Меҳмонга таклиф қилди, бирга сайрга чиқишга чақирди.

Табиатан мен кузатган немислар ўз шахсий чегарасига муҳофазакор, бироз совуқ, доим орада масофа сақлайдиган миллат. Янги танишган киши билан бунчалар очиқ бўлиш немисларга хос эмасдек ва шу сабабли амакининг ҳар бир ҳаракати бизда шубҳага сабаб бўларди. Меҳмонга таклифларни анча пайт турли сабаблар билан қайтардим. Кундалик ёзишмаларни минимумга туширишга ҳаракат қилдим. Ҳатто блоклаб қўйиш ҳам хаёлимдан ўтмади эмас. 😊
Охири амаки меҳмонга чақириб, йўқ дейишимдан чарчади чоғи: шанба куни соат 17:00 да биз сизни кутамиз. Ҳеч нарса пишириб олиб келиб ўтирма. Ҳа, айтганча биз вегетариан оиламиз ва гўшт емаймиз. Кечки овқатга пишлоқ ва картошка – деган хабар келди.
Қизим билан турли турли ваҳимали вариантларни ўйлаб чиқдик. Кеча танишимизга бизга ҳар ярим соатда ёзиб туришни, жавоб бермасак полицияга қўнғироқ қилишини ҳам тайинлаб йўлга тушдик.
Кейин эса...
Аввалига суҳбатимиз уюшмади. Ҳар иккисининг ҳам ёши катта бўлгани сабабли: сиз дея гапирсак, сен дея мурожаат қилишимиз кераклигини уқтира кетишди.
- Аммо мен онамни ҳам сиз дейман, сизни қандай қилиб сен, дейки, дея тушунтиришга ҳаракат қилди қизим.
- Сени болаларинг сиз дейдими, дея ҳайратланишди улар ҳам.

Сўнгра эса мазза қилиб пишлоқхўрлик қилдик, турли турли мавзуларда суҳбат қурдик. Германияда янги эканлигимиз боис маслаҳатлар олдик.

Ханс амаки 80 ёшда (агар ҳисобларда адашмаган бўлсам). Ўзбекона одатимизга бориб: ёрдам берайлик, деганимизга қўймай барчасини ўзи тайёрлаб дастурхонга икром қилди. Охирига десерт тайёрлашни ҳам канда қилмабди. Эру хотин жуда узоқ пайт Швейцарияда яшашган экан ва у ердаги одамлар Германиядан фарқ қилади ва немисларга қараганда очиқроқ, дейди.
Аёли ҳали ҳам қариялар уйида ёрдамчи бўлиб ишларкан.
- Ҳар куни югуришга чиқаман, деди у. - Ва ишимни ҳам яхши кўраман. Ханс амакинг билан саёҳатга чиқишни янги жойлар кашф қилишни ҳам яхши кўрамиз. Бирор ёрдам керак бўлса ҳеч тортинмай бизга айтавер, қўлимиздан келганича ёрдамчи бўлишга ҳаракат қиламиз. Сен бу ерда ёлғиз ва яқинларингдан узоқдасан. Аммо кучлисан, чунки сен бу дунёга 3 фарзанд бергансан, буни унутма ва ўзингни хафа қилма.

963 1 3 12 68

Репост из: Замбаракнинг ўқи
Qo'shtirnoq podkastning bugungi sonida biz bir necha yillardan beri Kanadada yashayotgan Farhod Fayzullayev bilan suhbatlashdik. Farhod aka bilan O'zbekistondagi bo'layotgan o'zgarishlar va oxirgi yillardagi muhim voqealarga munosabati haqida gaplashdik.

🔗https://youtu.be/uKHSjpH9v0s


Фарҳод билан твиттер орқали танишганмиз. Унинг қарашлари ва фикрлари менда унга нисбатан симпатияга сабаб бўлган.

Бугунги кунда Канадада истиқомат қилиб келаётган Фарҳод Ўзбекистонга меҳмонга келади
Ва уни зудлик билан подкастга чақиришибди. (Замон зайлини қаранг, олдин бошқа жойларга суҳбатга "чақирилардик" :) )

Фарҳоднинг бир ажойиб кулиши бор, у подкастни ўз қаҳқаҳаси билан безаганми йўқми, ҳали билмайман. Аммо ўз фикрлари билан шартта шартта бўлишгани аниқ.

Биргаликда томоша қиламиз: ⬇️


Dorisiz jannatlarga ketgan bolalar

Бугун ушбу мақолани ўқир эканман: ҳар бир ҳикоя иштирокчилари билан сатрлар ораси танишар эканман, уларнинг ҳар бирини туғруқхонадан чиқиши, илк қадамлари, ота оналарнинг фарзандига меҳр тўла қарашларию, камолини кўриш орзулари бир- бир кўз ўнгимдан ўтди.

Она сифатида ваҳимачи онаман. Оддий шамоллашдан бошланган касаллик, бир неча кун ўтиб бўйраклар ишдан чиқишию, кома ва сўнгги ўлим билан тугалланса - бу даҳшатли ваҳм.
Оналигим – Худо асрасину, аммо бу ҳолат бўлса нима қилардим – деган саволга жавоб қидирди.

Чет элда одатланганим: дориларни албатта доктор ёзиши керак. Қўшни, бозорчи тоға, дорихоначи амаки тавсияси эмас, шифокор беморни текшириб сўнгра ёзилган дори воситаси бўлиши шарт. Акс ҳолда дорихоналар шифокор рецептисиз дорини бермайди ва сотмайди ҳам.

Шифокор тавсия қилган дори қўлланмаси билан тўла танишиб чиқаман. Ножўя таъсирларига диққат қиламан.
Сўнгра унга болада аллергия бор ёки йўқлигини билиш учун доридан бироз ичираман(қўлининг ички қисмига суртаман – мазь бўлса) ва 15-20 дақиқа кузатаман.
Агар ножўя таъсир кўринмасагина дорини кўрсатилган миқдорда ичираман.

Буларнинг барчаси она ёки ота сифатида қилган сабабларим...

Аммо бу дорини шифокор ёзса...

Дорихона сотса...

Дори воситалари учун масъул ташкилотлар рухсат берса...

Мен ҳар қанча масъулиятли ота/она бўлмай...

Худонинг тақдири деган таваллодан бўлак...

68 жон...

https://www.gazeta.uz/uz/2024/12/29/dok-1-maks/

Показано 20 последних публикаций.