ОНАМНИНГ УМРИ Онамнинг сочлари супурги эди,
Косов эди унинг қадоқ қўллари.
Бир ўғли шўх эди, куйдирги эди,
Дунё айвонида узоқ турмади.
Онамнинг кўзлари иккита шабгир,
Отамнинг йўлини пойлаб турарди.
Отамнинг ранжини этарди табдил,
Отамнинг қаҳрига изоҳ берарди.
Ақлимни таниган кунларда унинг
Келинлик мактаби битмаган эди.
Бобомни тўшакка михлаган синов,
Ҳали гўрга олиб кетмаган эди.
Онам «ота» деди, чой дамлаб берди
Ва мактаб йўлига бўлди равона.
У пайтлар бўйнимда сўрғич бор эди,
Менда момо, онамда эса қайнона
Бор эди, мен унинг суратига гоҳ
Тикилиб қоламан, бу тилла кампир
Бошига оқ рўмол ёпган бобомни
Жаннат боғларида топиб олгандир.
Улардан онамга бир ҳовуч дуо
Ва кулиб тушилган суратлар қолди.
Қолди келинликда йиғилган савоб,
Сўнг онам уларни сандиққа солди.
Иккинчи ўғилга тикди умидин,
Ҳалол туз едириб, оқ ювиб-тараб.
Онамда не гуноҳ, шоир қисматин
Жавҳаримга қориб қўюрсан, ё Раб!
Онамни қаритган ўша ношуд мен,
Иккинчи ўғил мен, ёлғиз тирноқ мен.
Чўғли хавотир мен, ўтли азоб мен,
Телефондан келган мунгли ингроқ мен.
Онам сўраётган инсоф мендирман,
Онам тинглаётган «Чўли Ироқ» мен.
Онам ухламаган кечалар менман,
Татимаган тонглар менинг роҳатим.
Биламан, юраги оғрийди сим-сим,
Шундан сўнг тинимсиз сим қоқади, сим!
Телефонга жавоб беролмаган ким?
Ёлғону баҳона тўқиган менман!
Онамни қаритган менинг шеърларим
Ортида ташланган заиф қадамлар.
Севсам, «севаман!» деб айтавермадим,
Тирноқча меҳрини, гарчи, одамлар
Катта саҳналарда қилдилар кўз-кўз,
Минг марта шайландим, мана шу сафар
Муҳаббат жангида қучаман зафар
Ва йўлдан қайтарди яна ор-номус.
Онамнинг куйдирги, бўшанг ўғли бор,
Кўмилиб қолган у ўз хаёлига.
Бекиниб олган у афсус ғорига,
Ўрганиб қолган у ўз оролига.
Чиқмоқни истамас, бормоқни истамас,
Истамас ёр билан ўйнаб кулишни.
Ўйлаб тополмайди онаси билан
Нималар ҳақида суҳбат қуришни…
Айтсинми, қошида турган шу ўғил,
Бир кунни бир умр яшаганини.
Бобоси, момоси ҳамда укаси
Тушларига кира бошлаганини.
Ўн йилки бурнини ерга ишқаган
Турмуш ташвишидан зерикканини.
Тамаки чекаркан ишхонасида,
Қишлоқни хотирлаб энтикканини.
Қандай тушунтирсин, бу дунё носоз,
Кема чамбараги чиққанин ишдан.
Етиб келмаганин хат боғланган ғоз,
Зиндонда Алпомиш қолганин кучдан.
Она бир замонлар айтган эртакнинг
Якуни ҳаётга тушмаганин мос.
Болаларни бундай алдаманг энди,
Бўлажак оналар, сиздан илтимос.
Ё суҳбат мавзуси набираларнинг
Ёзган иншолари ҳақда бўлсинми.
Улар ҳам китобга кўнгил қўйсинми,
Улар ҳам асарлар ёзаверсинми?
Улар ҳам онасин сочларига оқ
Тушириб, пушмонлик майин ичсинми?
Уларнинг ҳам умри одам ўлароқ,
Афсус-надоматлар ичра кечсинми?
Айтсинми,
онага дардини тўкиб-солсинми –
Бу сукут ортида тоғдек ғусса бор.
Бу юрак ичида, бу тил учида
Қоғозга тушмаган қанча қисса бор.
Маддоҳлик ортида илинж бор, она,
Яхшилик ортида макри шайтон бор.
Суратимга боқма, менинг ичимда
Ҳаддини билмаган битта ҳайвон бор.
Ажинлар қоплаган, қариб-қартайган
Онага сўз топиб беролмайди у.
Қишлоқдан кетмаган, ўзидан кетган,
Хоҳласа ҳам қайтиб келолмайди у.
Онамнинг сочлари супурги эди,
Косов эди унинг қадоқ қўллари.
Иккита ўғли ҳам куйдирги эди,
Бири ўлади-ю, бири кетади
Ҳар сафар бошига қидириб сафар,
Онамнинг кўзёши ёмғир эди-яй,
Онамнинг бардоши чексиз далалар,
У кўрган ғамларнинг нимасин айтай.
Онамнинг ҳаёти бир асар эди,
Ғуссага, кўзёшга кўмилган асар.
Ўттиз тўққиз куни мухтасар эди,
Ўттиз тўққизинчи куни тинмаган
Ғам-андуҳ ёмғири ҳали ҳам ёғар!
Бек АЛИTelegram |
Facebook |
Instagram|
YouTube