Олий суд судьялар учун нуқта қўйиб берибдиБегона шахс сизга тегишли уйда яшаса ва уни уйингиздан чиқариб ташлолмасангиз, судга берсез суд рад қилиб турса, кулгили ҳолат бўлади а? Амалда шундай ҳолат бўлаётганини бир
неча марта ёздик. Мана охири Олий суд 2024 йил учун обзорлари ва тушунтиришларида бу ҳақда тўхталибди.
Тушунтиришдаги кейс қуйидагича:
“Даъвогар “Т.Б.” фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судига киритган даъво аризасида жавобгарлар “М.Х.”, “Х.Х.” ва “Д.Х.ни ўзига тегишли уй-жойдан мажбурий тартибда кўчиришни сўраган.
Андижон вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 20 февралдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг 2023 йил 25 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра,
даъво талаби рад қилинган. Андижон вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 8 апрелдаги ажрими билан суд қарори қисман бекор қилиниб, жавобгар “Х.Х.”ни уйдан кўчириш ҳақида янги ҳал қилув қарори
қабул қилинган.
Суд ҳужжатларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган. Суд бундай хулосага келишда жавобгар “Д.Х.” дастлабки мулкдор “У.А”нинг розилиги билан уйга киритилганлиги ва яшаб келаётганлигига, унда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи шаклланган ҳисобланишига ва Уй-жой кодексининг 32-моддаси ҳамда Фуқаролик кодексининг 184-моддасига асосланган.
Олий суд судлов ҳайъати “Д.Х.”ни кўчиришни рад қилиш ҳақидаги қуйи инстанция судларининг хулосалари билан қуйидагиларга асосан келишмаган.
Хусусан, даъвогар “Т.Б.” 2023 йил 19 апрелдаги нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномасига асосан низоли уй-жойни “У.А”дан сотиб олган бўлиб, жавобгар “Д.Х.” Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 2022 йил 27 январда низодаги хонадон рўйхатидан ўчирилган. Қолаверса, Уй-жой кодексининг 32-моддаси талабига кўра, жавобгар “Д.Х.” уй мулкдори “Т.Б.”нинг оила аъзоси ҳисобланмайди ва мулкдор билан умумий хўжалик юритиб, доимий яшамаган, уй рўйхатида ҳам турмайди, янги мулкдор билан ўрталарида турар жойдан фойдаланиш юзасидан келишув ҳам мавжуд эмас.
Мазкур ҳолатлар ва мулкдор ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилишга ҳақли эканлигига (ФК 164-модда) асосланиб, Олий суд судлов ҳайъати 2024 йил 29 июлдаги ажрими билан
суд ҳужжатларини қисман бекор қилиб, жавобгар “Д.Х.”ни ҳам уйдан кўчириш ҳақида янги қарор қабул қилган”.
Мана шу қоидани барча судлар тушуниб олиши керак. Мулкдор ўз мулкидан ўзи хоҳлаганича фойдаланади, эгалик қилади, тасарруф қилади. ФК 184 (универсал ҳуқуқий ворислик)ни бу масалага алоқаси йўқ#advokat #sudishi
👉
@bahodirahmedoff👈