Онамни кўргандек бўламан кўрсам,
Шойи рўмоллари бошида доим,
Доим паноҳ бўлгин қаерда бўлса,
Синглимни асрагин ўзинг Худоим.
Отамнинг эркаси, кўзимнинг нури,
Қалби Қуёш бўлса, юзлари Ойим.
Бизнинг уйимизнинг жавоҳир, дури,
Синглимни асрагин ўзинг Худоим.
Беғубор қалбида тин олар Дунё,
Меҳрга қорганми Яратган лойин.
Ҳурларнинг хуснига андоза гўё,
Синглимни асрагин ўзинг Худоим.
Жон каби жонимга кирар сўзлари,
Бориб йиғлаб келар табаррук жойим.
Ғамдан ёшланмасин қаро кўзлари,
Синглимни асрагин ўзинг Худоим.
Бошига ғам келса қилолмам тоқат,
Кўнглимда содирдир Қиёмат Қойим.
Сен ҳаёт, синглимни қийнама фақат,
Уни асраб юргин ўзинг Худоим!
Малика Тавфиқ
Яқинларга Улашинг.. 🌸
@armonli_kumush