Ўзбекистон халқ артисти, Қўқон мусиқали драма театри ва кино актрисаси, Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали фахрий профессори, устоз санъаткор -
Шафоат Раҳматуллаева оламдан ўтди!
Устоз санъаткоримизнинг оила аъзолари, қариндошлари ва мухлисларига чуқур таъзия билдирамиз.
Маълумот: Шафоат Раҳматуллаева 1941 йилнинг 4 январь куни (туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва паспортига кўра, аслида 25 декабрда) Фарғона вилояти, Фурқат туманидаги Навбаҳор қишлоғида таваллуд топган.
Ўрта мактабни тугатгандан кейин педагогика билим юртига ўқишга кириб, дастлаб мактабда бир йил ўқитувчи бўлиб бошланғич синфларга дарс берган. 1963 йилда Тошкент Театр ва рассомлик институтининг "Мусиқали драма" факультетига ўқишга кирган.
У меҳнат фаолиятини Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида актёр сифатида бошлаган. 1971 йилдан Ҳамза номидаги Қўқон шаҳар ўзбек давлат мусиқали драма театрида фаолиятини давом эттирган.
1975 йилдан яна Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида ижодий фаолиятини давом эттириб, 30 дан зиёд бош ва етакчи ролларни маҳорат билан ижро этган.
2002 йилдан вафотига қадар Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида фаолият кўрсатиб, театр репертуаридаги қатор спектаклларда бош ва кичик роль образларини маромига етказиб ижро этган.
Турли йилларда кўплаб спектакллар билан бир қаторда, "Масхарабоз", “Оқ бино оқшомлари”, “Орзу ортида”, "Севгинатор", "Севгинатор – 2", "Эр бермоқ – жон бермоқ", "Ўзимдан ўзимгача", "Фидойилар", "Пойга", "Сеҳрли қалпоқча", "Сариқ девни миниб", “Йиғламагин” каби фильмларда суратга тушган.
Шафоат Раҳматуллаева 2018 йил “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Шафоат Раҳматуллаева ўз ижодий фаолияти давомида 150 дан зиёд турли характердаги ранг-баранг, катта-кичик ва бетакрор ролларни ижро этган.