БАХШИНИНГ НАБИРАСИ
Амирқул Пўлкан 1948 йил 15 июлда Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилоятининг Хатирчи туманидаги “Чиғатой” қишлоғида ўзбек достончилик мактаби асосчиларидан бири, Ўзбекистон халқ бахшиси Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пӯлкан шоирнинг фарзанди – Ўзбекистон халқ бахшиси Умарқул Пўлкан хонадонида таваллуд топди. Бўлғуси шоир 1966 йилда Хатирчи туманидаги Қори-Ниёзий номли ўрта мактабни муваффақиятли тамомлаб, Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети)нинг ўзбек филологияси факультететида таҳсил олганди.
Шоирнинг талабалик йиллари унинг ижодий фаолиятига катта туртки бўлади. Ўша даврдаёқ унинг туркум шеърлари республикамиздаги марказий нашрларда, жумладан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ўзбекистон овози”, “Қишлоқ ҳақиқати”, “Тошкент оқшоми”, “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока”, “Гулистон”, “Муштум” сингари қатор газета ва журналларда мунтазам чоп этилди.
Университетдаги таҳсилдан сўнг “Сирдарё ҳақиқати”, “Тошкент оқшоми”, “Қишлоқ ҳақиқати” газеталарида, ундан кейин “Муштум” сатирик журналида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ёш гвардия”, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётларида фаолият кўрсатди. Шунингдек, шоир юксак истеъдоди боис “Шарқ юлдузи” журналининг шеърият бўлими муҳаррири бўлиб ишлади. Ёш ижодкорларни танилишига салмоқли улуш қўшди.
Шоир қисқа умр кўрди. 1982 йилнинг кузида 34 ёшида бевақт оламдан кўз юмди.
У Москвадаги Максим Горький номидаги Олий адабиёт институтида таҳсил олиш билан бирга, бобоси – Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоир ижоди бўйича “Қарамонлик ва инсонпарвалик мадҳи” номли илмий ишини ёқлаган эди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, таржимон Амирқул Пўлканнинг ҳаётлик чоғида “Булоқ”, “Пойга”, “Изҳор”, “Оҳанг” каби шеърий китоблари ҳамда “Бахши” номли тўплами чоп этилганди. Шунингдек, бир қанча мажмуаларда рус, қозоқ, форс-тожик, авар тилларидан маҳорат билан ўгирган шеърий таржималари эълон қилинган.
Вафотидан сўнг шоирнинг “Сайланма” шеърлар тўплами нашр этилди. Шоирдан, шунингдек, ҳали нашр этилмаган “Оқ тўлқинлар” назмий тўплами ҳамда тугаланмаган “Мувозанат” пъесаси, “Отахонларим”, “Шайтоннинг ўлими”, “Мангуликка суиқасд” каби достонлар мерос бўлиб қолди.
Амирқул Пўлкан ҳақиқат ва самимиятни қадрлаган, муҳаббатни ёниб куйлаган ўтюрак шоир эди. Унинг севги, муҳаббат тараннум этилган шеърлари ҳофиз Дадахон Ҳасан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Холиқов ва хушовоз хонандалар Жалолиддин Усмонов, Ғайрат Усмонов, Отабек Мадраҳимов ва бошқа ҳофизлар томонидан севиб ижро этилган.
Амирқул Пўлкан гўзал шеърлар яратиш билан бирга, халқ оғзаки поэтик ижоди, хусусан, Пўлкан шоир достончилик маҳорати бўйича тадқиқотлар олиб борди, кўрган, билган қадимшунос кексаларнинг Пўлкан шоир ҳақидаги хотираларини ёзиб олган. Ва ўз истеъдоди, одоби асносида устозлар эътиборига тушди.
Машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов бу сулола ҳақида шундай деганди:
“Мен бугун Манасга ўхшаш юзга яқин достонларни куйлаб, созини дилбар оҳангда чалган Пўлкан шоир ва авлодлари Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан номини ҳурмат ва эҳтиром ила тилга оламан. Сабаби, Барчиной, Қалдирғоч, Орзигул, Юнус пари, Мисқол пари, Гулнор парилар ёш, беғубор кўнглимда не-не орзуларни уйғотмаган, маъно дурларини теришимга сабабчи бўлмаган дейсиз. Ўзбекларда “Бир дарё бор оқар, тошар, қуримас” – деган мағзи тўқ гап бор. Бу иборани сулолани занжир монанд боғлаб турган шажара боши Пўлкан шоир ҳамда Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан ижодига нисбатан қўлласа бўлади. Чунки, мен Амирқулни яқиндан танирдим. У билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаганда танишганман. “Шарқ юлдузи” журналида шеърият бўлими мудири бўлган кезлари нон-намак бўлганман. Гапимиз мавруди худди икки ижодкор дўстнинг суҳбати каби мароқли, тотли эди. Амирқул сўз тафаккур сарҳадларини жилолайди, сиз юзма-юз келаётган сатрлар оташи юрагингизда муҳрланади.