ҚАРЗ БЕРУВЧИЛАРГА МАСЛАҲАТҚарзни қайтармайдиган ёки қайтаролмайдиганлар кўпайиб кетгани боис ушбу постда қарз берувчилар учун айрим маслаҳатларни баён қилдик:
& Қарз энг савобли ишлардан бўлиб, фақат Аллоҳ розилиги учун қилинади. Бошидан ниятни тўғриланг ва Аллоҳ розилигидан бошқа манфаатни кўзламанг.
& Катта қарзларда ва синалмаган шахсларга беришда, иложи борича, қарз келишувини ёзма тарзда ва гувоҳлар иштирокида тузинг. Керак бўлса, нотариал тасдиқлатиб олинг. Умуман ҳар қандай қарз шартномасини ёзма ва гувоҳлар иштирокида қилиш мустаҳаб.
& Қарз келишувига ҳадя, текин хизмат, бирон буюмни сотиш каби қарз олувчидан сизнинг фойдангизга манфаат ҳосил қилгувчи шартларни киритманг. Масалан, “Қарз бериб тураман, эвазига фарзандимни ўқитиб берасан” десангиз, жоиз бўлмайди.
& Қарзни қайтаришда қарздор бошқа валютада тўлайман деса, масалан, 13 миллион сўм бергансиз, қарздор долларда қайтараман деса ва ўша кунги курс $1=13,000 сўм бўлса, сиз ундан 1,000 доллар олсангиз, жоиз бўлади. Аммо, сўмда тўлайсан дейишга ҳам ҳаққингиз бор.
& Қарзни сўмда бераяпсиз ёки нархи сўмда белгиланган насия савдо орқали мол сотаяпсиз, келажакда тўланадиган қарзни бугунги доллар курсига боғлаб қўйсангиз жоиз эмас. Масалан, уч ойдан сўнг тўлаш шарти билан насияга 13 миллион сўмлик телефон сотдингиз ва “бугунги курс $1=13,000 билан 1,000 доллар қилиб қайтарасан” десангиз, жоиз бўлмайди. 13 миллион сўмни ўзини қабул қилиб оласиз ёки тўлов қилинадиган санада курс қанақа бўлса, ўша курс билан долларда қабул қилсангиз бўлади.
& Қарздор молиявий жиҳатдан қийналиб қолган бўлса, иложингиз борича, унга муддатни чўзиб беринг. Бу жуда мақталган ва савобли амал. Яхшироқ иш топиш, молини қимматроқ баҳога сотиб бериш каби қўлингиздан келадиган юмушларда ёрдам бериб юборсангиз, ўзингиз учун фойдали бўлади.
& Қарзнинг миқдорини ва муддатини белгилашда вақтида тўланмаса ўзингиз бошқалардан қарз олишга мажбур бўладиган даражага тушмаслик чораси ҳақида ўйланг. Умуман қайтмайдиган тақдирда ҳам тушкунликка туширмайдиган, пулингиздан воз кечишга рози бўла оладиган миқдорда бўлсин. Ёдингизда тутинг, қарз қайтмаслигидан хавотирингиз кучли бўлса, гаров ё кафиллик талаб килишга ҳаққингиз бор.
& Юқоридаги маслаҳатларни ёдда тутинг ва қарз беришдек улуғ ишни бенуқсон ва хатосиз бажаришга ҳаракат қилинг.
Қарз беришни яхши кўргувчи дўстларингизга етказинг. Қарз олувчилар учун ҳам маслаҳатларни билишни истасангиз, лайк босиб билдиринг.
@alijon_ravshanov