minus cheksizlik
27 нояб. 2024 г.
Кечиккан дедлайн
Чолнинг ўлимига ҳамма нарса тайёр эди. У кузатиладиган уйда ортиқча нарса қолмаган, ҳовли тозаланиб, аёллар кириши учун фойдаланилмайдиган орқа эшикни ҳам очиб қўйишган эди. Ҳатто барчасидан бехабар кучук ҳам вақтинча қўшнининг молхонасидан сиёсий бошпана топишга мажбур бўлди.
Бу ёқда шаҳарлик неваралар уч йил олдин чолнинг юбилейида қучоқлашиб тушишган суратларини инстаграмлардаги “сторис”ларига жойлашга ҳам улгуришган эди. Фарзандлар ҳам руҳан тайёр, докторнинг “умид йўқ” деб уйига олиб кетишларини сўраганида, органда ишлайдиган катта ўғли ғурурими ёки фарзандлик бурчи, ўзи ҳам билмайди қайси биринидир кучи билан докторга бобиллаб берганига қарамай, ич-ичидан вазиятни тушуниб турарди.
Отасидан рози ризоликни олгани ота ҳовлига келган қизлари ҳам мана учинчи кундирки нима қилишларига ҳайрон. Бири мактабда ўқитувчи, мана уч кундирки ота ҳовлисидан юз чақирим узоқликдаги мактабидаги болаларга кимё фанидан дарс ўтилмаяпти, буёқда ҳали ота тирик, ким билади унинг жони узилганидан сўнг ҳам неча кун мактабдаги болалар кимё фанисиз қолар. Иккинчисининг хусусий боғчаси бор, уч кундан бери бормаганини эсласа юраги орқага тортади. Яна бирику уйда, невараларига қараб ўтирадиган катта ёшли аёл. Унда муаммолар кўп туғилмайди, лекин, унинг ҳам бу ерда уч кунлаб қолиб кетиш режаси йўқ эди-да! Айниқса, биринчи кун келиб отасидан рози-ризоликни олиб, чинакамига кўз ёш қилиб олган чолнинг қизлари, вазият бу қадар чигаллашиб кетишини умуман ҳисобга олишмаганди.
Энг катта жабр кичкина ўғилга бўлди, мана уч кундирки хотининг ёв қарашларига чидаб яшашга мажбур. Бечора хотини уч йилдан бери ётиб қолган чолни кам-кўстига қараб келганди, ана ўлади, мана ўлади деб уч йилдан бери оёқни узатишни истамаётган чолни кўргани қўзи йўқ бўлса ҳам, ўлими деярли аниқлашиб қолгач, ҳеч бўлмаса энди маломатсиз қараш учун югуриб-елиб хизматни қилиб юрганди. Бироқ уч кун у учун ҳам кўпдай кўрина бошлади, чолни ўзи камдай энди уйдаги бир дунё меҳмонларнинг ҳам хожатини чиқариши керак. Ахир мана шу кунларда иржайиб турмаса, бу қайни опалар уч йил қараганини эслаб ҳам ўтирмайди, уч йил тагини тозалагинини бирор жойда эътироф ҳам қилмай, мана шу уч кундаги ёв қарашларни гапириб юришлари аниқ. Ҳа, майли, тез орада барчасидан бира-тўла қутилади, шунисига ҳам шукур.
Чол дамба-дам ҳушига келадию тепасида фарзандларини кўриб ҳижолат чекади. Аввалига аҳволи оғирлашиб қолгач барчаси тугагани ўйлаб калимасигача қайтариб қўйганди. Шифохонада неча кун ётди билмайди, ўзига келса уйида. Қаршисида фарзандлари рози-ризолигини сўраб йиғи-сиғи қилиб ўтирибди. Аввалига бироз довдиради, аҳволи аввалгига нисбатан яхшироқ эканлигини ҳам унутиб, уларга қўшилиб оз-моз йиғи-сиғи қилди. Барчаси билан сўгги бор хайрлашган бўлди, бешала фарзандга ҳам розилигини айтди ва энди унинг ҳам кетар вақти бўлганини аввалдан тайёрлаб қўйган қисқа лекин чиройли нутқ билан етказди (буни қарангки нутқ ҳам ҳар бир сўзигача эсига кела қолди). Кейин секин кўзини юмди. Уйқуга кетар олди яратганга ёлворди: “эй парвардигор, шарманда қилма, олақол энди жонимни, қайси бет билан уйғонаман эрталаб?” деди ичида такрор-такрор.
Мана учинчи кундирки унинг жони узилмайди. Ўзига келадию, ўзини беҳолдай тутиб ётаверади. Имкон борича кўзларини юмиб олади, ҳуддики одам кўзини юмиб ётаверса ўлиб қоладигандек. Кўзини юмиб хонанинг у бошидаги фарзандларининг сухбатларини эшитиб қолади. Энди фарзандлар унчалик ҳам хафа эмасдек, улар анча ўзларини қўлга олишган, икки кун олдинги йиғи-сиғидан асар ҳам йўқ. Ўртанча қизи Ханифа мактабдан неча кунга жавоб олганини айтиб отаси томонга қараб қўйганча бошини афсус билан силкитади, кичкина қиз аза куни киядиган кўйлагини опаларига кўрсатиб уларни фикрини сўрайди. Катта қизи отасининг ўлими туфайли ўғли Махмуджонни тўйини кечроққа суриши мумкинлигини айтиб сиқилади.
Буларнинг барчаси эшитиб ётган чол кўзларини юмганча яратгандан фақат бир нарсани қайта-қайта сўрайди.
@alievblog