Ҳимояда стратегия ва тактика
Ҳақиқий ҳимояни стратегия ва тактикасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ёш адвокатларнинг муаммоси шундаки, стратегия ва тактика қонунларда ёзилмаган – у адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш жараёнида ҳосил бўлади.
Ҳа, бу ҳарбий терминлар, адвокатларнинг армияси ва жанглар режасини тузадиган бош штаби йўқ, лекин шунга қарамай адвокатлар фаолиятини ҳарбийларникига қиёслаш мумкин. Адвокат стратегияси – бу унинг иш бўйича позицияси, ҳаракат режасидир; тактика эса ушбу режани амалга ошириш учун конкрет, энг самарали воситаларни танлашни назарда тутади.
Стратегияни ишга киришгунча тузиладиган ва кейин ўзгармайдиган қандайдир турғун схема деб ўйлаш хато бўлади. Бажарилган ҳар бир оралиқ вазифа сизни кўзланган мақсадга яқинлаштирмоғи учун стратегия доимо жорий вазиятга мослаштирилиши лозим.
Ҳарбий соҳа ва психологияга оид китобларда адвокатларни ҳам қизиқтирувчи “мудофаа уруши” ва “ҳужумкор уруш” каби тушунчалар бор. Мудофаа стратегиялари сирасига қуйидагилар киради: “қарши ҳужум стратегияси” (рақиб биринчи бўлиб очилиши учун ўз имкониятларини тийиб туриш), “қўрқитиш стратегияси” (душман агрессивлигининг олдини олиш мақсадида таҳдид қилиш), “аралашмаслик стратегияси” (ҳеч нима қилмасдан натижага эришиш).
Ҳужумкор стратегиялар эса “разведка стратегияси”, “яшин тезлигида урушиш стратегияси”, “воқеаларни тезлаштириш стратегияси”, “оғирлик маркази стратегияси” (душманнинг нозик жойларига зарба бериш), “бўлиб ташлаш ва ҳукмронлик қилиш стратегияси” (душманни бўлиб ташлаш), “айланма йўл стратегияси” (ҳимояланмаган қанотларга ҳужум қилиш), “буткул тор-мор қилиш стратегияси” (душманни қуршаб олиш), “дипломатик уруш стратегияси” ҳамда “яққол-маҳол стратегияси” (душман кутмаган ишни қилиш)ни ўз ичига олади.
Адвокатлик фаолиятидаги барча муҳтамал стратегия ва тактикаларни санаб чиқиш қийин, аммо бир нарса мутлақо аниқки, бунда
махфийлик, ногаҳонийлик ва
ҳар бир ишни мавриди билан бажариш каби принциплар муҳим аҳамият касб этади. Ўз режаларингизни ниқобланг ва шундай йўл тутингки, сизнинг ҳаракатларингиз жорий вазиятга мос ва рақиб учун кутилмаган бўлсин. Айни чоғда рақибнинг ҳаракатларини дарҳол қайд этиб, ўз тактик операцияларингизни режалаётганда уларни эътиборга олинг.
Нафақат ёш, балки тажрибали адвокатларда ҳам учрайдиган асосий муаммолардан бири – рақибнинг юришларини олдиндан кўра билиш, муҳтамал (муқобил) вазиятларни прогноз қилиш кўникмаларининг йўқлигидир. Ҳимоячи (адвокат) – шунчаки юрмаётган, балки ғалабага эришиш учун ўзининг ва рақибининг юришлари комбинацияларини ўйлаётган шахматчи мисол стратегия ва тактика соҳиби бўлмоғи керак. Айни чоғда стратегия ва тактикани
“терговчи ёки судья қонунни мен тушунган маънода қўллайди” деган фикрга таянган ҳолда ишлаб чиқиш ярамайди.
Юрий ЧУРИЛОВ, “Самоучитель начинающего адвоката” китобидан.