Энг жирканч манипуляция — эътиқод устига қурилган пропаганда
Ижтимоий тармоқларни Лос-Анжелесдаги ёнғинлар билан боғлиқ фейклар босиб кетди. Қаерга қарамайлик шу мавзу муҳокама қилинмоқда.
Вазиятдан фойдаланиб қолиш мақсадида бир дунё диний контент билан шуғулланадиган блогер ва улардан кўчирадиган “аҳлат” телеграм каналлар ўзбекистонликларни манипуляция қилишни бошлашди. Улар дарров сунъий интеллектда ясалган видеоларга арабча мусиқа ва овозларни қўйиб, қандайдир суралардан иқтибослар келтира бошлашди. Улар Лос-Анжелесдаги зарар миқдорини ҳисоблаб Ғазо билан солиштира бошлашди ва қанақадир хулосаларни чиқариб, буни Худонинг мархаматига йўйишди.
Бунақа турдаги контентдан озиқланган омма эса ўз-ўзидан нафратини тармоқларда соча бошлади. Мусулмон бўлганига қарамай ўзганинг уйига келган фожеа натижасини кўриб катарсисни ҳис қила бошлади. Агар сиз ҳам уларнинг ичида бўлсангиз, хато қилаётганингизни санаб ўтмоқчиман:
1. Фожиа кўлами тарқалган фейклар каби кенг эмас. АҚШдай давлат учун бу одатий табиий офат, бунақаси деярли ҳар йили бўлади ва сезилмай ҳам қолади.
2. У ерда ҳам мусулмонлар яшайди. У ерда ҳам масжидлар бор. У ерда ҳам Исроилни танқид қиладиган минглаб балки миллионлаб одамлар топилади.
3. Сизнинг диний қарашларингиздан келиб чиқиб сизни манипуляция қилишяпти. Сизга турли фейклар орқали ўз пропагандаларини сингдиришмоқчи, яхши янгиликданам кўра ёмон фожеалардан хурсанд бўладиган тубан инсонга айлантиришмоқчи сизни.
4. Ва охиргиси: сизнинг нафратингиз ва уларга тилаётган қарғишларингизни кўрган шартли бир Америкалик, натижада сизга ва умуман диндошингиз бўлган бошқа инсонларга нисбатан қилинган зулмни тўғри бўлганлигини англаб етмайдими?
Албатта, менинг фикрларимни ҳам тескари пропагандага йўйишингиз мумкин, мен кескин инкор қилмайман буни. Шунчаки бир нарсани унутманг, сизда Худо берган калла бор, бу ахборот замонида муаллифнинг ҳар бир гапига эргашиб кетавериш ярамайди, шунчаки фильтрлаш қобилиятингиздан фойдаланинг. Бори шу.