Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Миллати – ўзбек. 1955 йили Самарқанддаги А.С.Пушкин номли 21-ўрта мактабни тамомлади. 1960 йили Ўрта Осиё политехника институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) муҳандис-механик мутахассислиги бўйича тугатди. Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаб, мастер ёрдамчиси, мастер, технолог вазифаларини бажарди. 1961 йилдан В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади. Ислом Каримов 1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бўлим етакчи мутахассиси, раис ёрдамчиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи, Давлат план комитети раисининг ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритди. 1967 йили у Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тамомлаб, иқтисодчи мутахассислигини олди. Иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. Ўзбекистон ССР Молия министри (1983-1986), Давлат план комитети раиси ва Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари (1986), Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби (1986-1989), Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби (1989-1991) лавозимларида ишлади. 1990-1991 йилларда Совет Иттифоқи Компартияси Марказий Комитети ва Сиёсий бюроси аъзоси бўлди.1990 йил мартда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида И.Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 31 август куни Ислом Каримов тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди. 1995 йил 26 мартда ўтган умумхалқ референдуми якунига кўра унинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди. 2000 йили муқобиллик асосида ўтказилган сайловда Конституцияга киритилган ўзгартишга мувофиқ Ислом Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2007 йил 23 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган сайловда Ислом Абдуғаниевич Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2015 йил 29 мартда муқобиллик асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Конституцияга киритилган ўзгартишга мувофиқ Ислом Каримов 5 йил муддатга давлат раҳбарлигига сайланди.Ўзбек халқининг улуғ фарзанди, мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни оғир хасталикдан сўнг 78 ёшида вафот этди.
T.me/Xayyom_channel
T.me/Xayyom_channel