ҚИЁМАТ АЛОМАТЛАРИ
#ақида
❓CАВОЛ: Қиёмат аломатлари ҳакида маълумот берсангиз.
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қиёмат куни қачон бўлиши Аллоҳ таоло яширган сирдир. Лекин унинг аломатлари ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифларда бизга бир қанча маълумотлар етиб келган. Қиёмат аломатлари - қиёмат яқинлашганда содир бўладиган воқеа-ҳодисалардир.
Қиёмат аломатларининг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса Аллоҳнинг иродаси билан бу дунё ниҳояси етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин - устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.
Кўплаб ҳадиси шарифларда қиёматдан олдин содир бўладиган катта ва кичик ҳодисалар ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Бир куни суҳбатлашиб турсак, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар ва: “Нима ҳақда суҳбатлашиб турибсиз?”, дедилар. “Қиёматни эслаб турибмиз”, - дейишди. У зот: “Ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат бўлмайди”, деб: Тутун (ўраб келиши), Дажжолнинг чиқиши, одамларга гапирадиган ҳайвоннинг чиқиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, Исо (алайҳиссалом)нинг ерга тушиши, Яъжуж-Маъжужнинг чиқиши, учта ер ютиши: машриқ, мағриб ва Арабистон ярим оролидаги ер ютишларини, Ямандан одамларни махшаргоҳга тўплайдиган оловнинг чиқишини эслаб ўтдилар” (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Баъзи қиёмат аломатлари ақида китобларимиздан ҳам жой олган ва мусулмон киши имон келтириши лозимлиги таъкидланади. Масалан, “Ақоиди Таҳовия” китобида бу борада шундай дейилади:
وَنُؤْمِنُ بِأَشْرَاطِ السَّاعَةِ: مِنْ خُرُوجِ الدَّجَّالِ، وَنُزُولِ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ مِنَ السَّمَاءِ، وَنُؤْمِنُ بِطُلُوعِ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا، وَخُرُوجِ دَابَّةِ الْأَرْضِ مِنْ مَوْضِعِهَا.
“Қиёмат аломатларига: Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, ер ҳайвонининг чиқишига имон келтирамиз”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
🔗 Улашинг: @diniysavollar♻️Дўстларингизга ҳам улашинг!!!
Muslimun.uz
https://taplink.cc/muslimun.uz@muslimunuzportal@andijonhanafiylari