«Волидалар болаларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Ким эмизишни батамом қилишни хоҳласа» (Бақара сураси, 233-оят).Онасини тўлиқ икки йил эмган бола ҳар тарафлама – ҳам жисмонан, ҳам руҳий томондан соғлом бўлади.
Болани эмизиш шу қадар муҳимки, ҳатто Ислом дини зинодан бола орттирган аёлга, то боласини кўкракдан чиқаргунича унга ҳадни қоим қилмай, кечиктириб туради. Бу эса Ислом динида гўдак болаларга қанчалик раҳм-шафқат қилинишидан далолат.
Бу нарса Имом Муслим ривоят қилган Ғомидия аёл ҳадисида ҳам ўз ифодасини топган. Унда зино қилиб, ҳомиладор бўлиб қолган бир аёл ҳақида ҳикоя қилинади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, гуноҳига иқрор бўлади ва: «Мени бу гуноҳдан покланг», яъни, гуноҳимга яраша шариат белгилаган жазони беринг, деб сўрайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бор, боланг туғилгунича (кут)», деб қайтариб юборадилар. Орадан вақт ўтиб, у қўлида чақалоқ билан яна келади. Бу сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бор, уни сутдан ажрагунича эмиз», деб қайтарадилар. Бир куни аёл қўлида бир бўлак нон ушлаб олган боласини етаклаб яна келади ва: «Энди жазони тайинласангиз», деб илтимос қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болани мусулмонлардан бирига бериб, аёлни ражм қилишга буюрадилар.
Моҳир табиб Ибн Сино болани она сути билан эмизиб боқишнинг аҳамиятини таъкидлаб шундай деган «Гўдак имкон борича онасининг сутини эмиши керак. Чунки боланинг онаси кўкрагидан озуқаланишида унга етадиган зиён-заҳматларни даф қилишга доир жуда кўп фойда бор».
Табиблардан яна бири шундай деган «Болани эмизишда она ва боланинг саломатлиги учун кўп фойдалар бор».
Бугунги давр табобатчилари ҳам онанинг ўз боласини эмизиши бир неча касалликлар, жумладан кўкрак саратонидан сақланишига сабаб бўлишини таъкидламоқдалар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу гўдак туғилганда, то сутдан чиққунича унинг отасига қўшимча нафақа беришни жорий қилдилар.
Гўдакнинг ўз онасини эмишида бир неча жиҳатлар бор. Албатта, чақалоқ ҳомилалик пайтида онасининг озуқаси орқали озиқланса, туғилгач, онасининг сути билан озиқланади. Она сути бола учун ҳар тарафлама керакли моддаларни ўз ичига олган озуқадир. Табиблар она сути ҳақида шундай дейишади
- онасининг сутини эмган бола тоза, дезинфекцияланган сут эмади;
- она сути бола учун ўта совуқ ҳам, ўта иссиқ ҳам бўлмайди;
- она сути гўдак учун доим тайёр ҳолда туради;
- она сути кўкракда бироз туриб қолса ҳам бузилмайди;
- она сути гўдакнинг ошқозонига муносиб ҳолда бўлади;
- она сути чақалоқнинг барча эҳтиёжлари қонишига сабаб бўлади;
- она сути гўдакда турли бактерияларга қарши иммунитет ҳосил бўлишига сабаб бўлади;
- чақалоқнинг онаси кўкрагидан эмиши болани ҳам, онани ҳам семириб кетишдан сақлайди;
- чақалоқнинг онаси кўкрагидан эмиши она-бола ўртасида меҳр, раҳм-шафқат каби туйғуларни кучайтиради.
Эмизиш пайтида она ниятини яхши қилиб олса, Аллоҳнинг изни билан, натижаси самарали бўлади.
Амр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ ўғлини эмизаётган аёлига шундай деган «Болангни эмизишинг ҳайвон боласини эмизишига ўхшамасин. Болангга меҳр беряпсан, аммо уни эмизаётганингда Аллоҳдан савоб умид қилиб тур, шояд сутингни эмган бола, Аллоҳ таолони якка деб билиб, Унга ибодат қиладиган инсон бўлиб шакллансин».
Муҳаммад Нур Сувайднинг «Болани набавий тарбия қилиш йўли»китобиданhttps://t.me/laktaza_baby