Улар Ҳумо қушни сўйиб едилар, Шоҳона товоққа қўйиб едилар, Қошларни хотиржам уйиб едилар,
Чайнаркан зўр лаззат туйиб едилар,
Умидбахш кўзларин ўйиб едилар,
Улар Ҳумо қушни тўйиб едилар...
Жафокаш улуснинг устидан кулиб, Очкўзлик жандасин елкага илиб,
Кўлвордай вишиллаб, кўппакдай улиб,
Жигарин газакка жизғанак қилиб,
Маишат майини қуйиб, едилар,
Улар Ҳумо қушни сўйиб едилар.
Зиёфат авжига чиққан чоғлари
Тўкилди иффатнинг кўзмунчоғлари.
Қиличдай ярқираб қорачўғлари,
Узоқдан узалса узунроқлари,
Калтароқ қўлларни тийиб, едилар,
Улар Ҳумо қушни сўйиб едилар.
"Жон қушим, тўлғонма, тузоққа тушдинг,
Осмонга учмадинг, ёлғонга учдинг,
Борини бой берди бойвачча қўшнинг!" ...
Сиёҳни қиммат деб, бечора қушнинг
Қонидан имзолар қўйиб, едилар,
Улар Ҳумо қушни сўйиб едилар.
Оҳ, энди зоғ бўлди бағир тутганим,
Кўрдимки, енгилтак – оғир тутганим.
"Жувонмарг кетганим, сағир кетганим,
Воҳ, менинг қаноти яғир кетганим!"
– Ёлғондан ёзғириб, куйиб, едилар,
Улар Ҳумо қушни сўйиб едилар.
Эр бўлсанг, энг аввал элни қувонтир,
Ватан совуқ қотса, жонингни ёндир!
Енгилсанг, ҳалол бўл, шу – интиқомдир.
Мусулмон қушларнинг гўшти ҳаромдир –
Барини бидъатга йўйиб, едилар,
Улар Ҳумо қушни сўйиб едилар.
Шаҳриёр Шавкат@TolipovLive