Мирзо Кенжабек оғамиздан ҳақиқий шедевр...
Ҳар сафар мазза қилиб ўқийман. Сўзларнинг терилишига, маънога ва дардга бир он қулоқ солинг!
ДУНЁ СИЗНИКИДИР
Дунё сизникидир, киринг қатига!
Менинг озуқамдир хўрлик, ҳақорат.
Мен элнинг муборак маломатига,
Қутлуғ таънасига қилгум таҳорат!
На дўст, на қўлловчи бирор кишим бор,
Қиёмат кун каби муҳтожман Ҳаққа.
Дунё сизникидир, нима ишим бор,
Гарчанд оғриқларим етгай суякка.
Борлиқ сизникидир, ястанинг ийиб,
Дод демам ҳеч аҳли олам дастидан.
Сўзлагим келса гар, дунёни қўйиб,
Сўзлайман ё осмон, ё ер остидан.
Қулоқни келтиринг майли, қоматга,
Бордир на даъвомиз, на дил комимиз,
Ҳалал берса сизнинг истиқоматга,
Битсин шуҳратимиз, ўчсин номимиз.
Мен жон деб киюрман йўқлик абосин,
Иброҳим Адҳамдек бўлсам-да ўсол,
Ул ечиб дунёю давлат либосин,
Охират хирқасин кийгани мисол!
Бу дунё ва кибор ҳаловат, ҳавас
Сизгадир ишратлар, бахмал, барқутлар.
Бас, энди англадим, менга керакмас,
Намруд, Фиръавндан қолган сарқитлар.
Дунё сизникидир, сизга шу Ватан,
Менга ўлимнинг ҳам йўқдир зиёни.
Бу моддий дунёда мен йўқман, зотан,
Бўшатиб берганман сизга дунёни!
https://t.me/Abdulqodir_Polvonov